Британиялик эркак ўз рафиқасини сотувга қўйди

15:52, 13 сентябрь

Ebay.com сайтида пайдо бўлган эълон аксарият интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди, деб ёзади “Вести”.

Британиялик эркак мазкур сайт орқали хотинини сотиш ҳақидаги эълонни жойлаштирди. У хотинига 65000 фунт таклиф қилишганини кўриб, ҳайратини яширолмади. Бу эса Jaguar автомобилининг ўртача нархидан ҳам қимматроқ. 

Саймон О'Кейн ўз эълонида хотинининг фазилатлари ва камчиликларини автомобилни тарифлагандек санаб ўтади. 

Масалан, у хотинининг фазилатларини санаб ўтар экан “Қониқарли ташқи кўринишга эга, кузовдаги бўёқ яхши сақлаб қолинган”, деб ёзади. Эркак рафиқасининг фазилатлари орасидан унинг яхшигина пазанда эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтади. 

Хотинининг камчиликларини санаганда эса “Унга биронта қўшимча аксессуар сотиб олиб бермагунингча у ўзига хос овоз чиқариб туриши”ни ҳам айтиб ўтган. “Баъзида у тайёрлаган таомни истеъмол қилгач, шифохонага тушиш ҳеч гап эмас”лигини хазил аралаш ёзиб қолдирган. 

“Умуман олганда, бу айрим бахтли инсонларга асқотадиган ва унча ёмон бўлмаган модель” эканлигини айтади. Шунингдек, “сотилган маҳсулот қайтариб олинмаслигини” алоҳида эслатиб ўтди. 

Хотинини сотиш учун сабаб қилиб эса, Кейн соғлигидан шикоят қилганида ундан етарлича меҳр кўрмаганини айтган.

Кейн хоним дастлаб бу эълондан жаҳли чиққани, кейин эса кулгудан ўзини тўхтатолмаганини айтиб ўтган. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи жуда хазилкаш инсон бўлгани сабаб, бундай хазилларга кўникиб кетган.  “У бу хазили учун жавоб беради—менга янги сумка сотиб олиб беради”,—дейди Кейн хоним. 

Мазкур эълон ҳозирда онлайн савдо-сотиқ сайтидан олиб ташланган, бироқ жураналистлар ундан скриншот қилишга улгуришди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!