Ўзбекистондаги қайси суғурта компанияси саволларга онлайн жавоб беради?

16:20, 13 сентябрь

“Эшитишимча, суғуртага доир саволларга онлайн жавоб олиш мумкин экан. Бундай хизмат айнан қайси суғурта компаниясида мавжуд? Шу ҳақда маълумот беринг”.

Э.Шокирова, Самарқанд вилояти 

“Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси ахборот хизмати бошлиғи Ортиқхўжа Норов маълумот беради:

-  Мижозлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб ҳамда уларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ўзбекинвест» компанияси томонидан Интернет орқали хизмат кўрсатиш бўйича бир қанча имкониятлар жорий этилган. Масалан, бугунги кунда «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталаш», «Бахтсиз ҳодисалардан суғурталаш», «Тиббий суғурта», «Мол-мулк суғуртаси» каби энг оммабоп 10 турдаги суғурта маҳсулотларини Интернет орқали сотиб олиш мумкин.

Шунингдек, Компаниянинг марказий аппарати ва ҳудудий филиалларида Ахборот-маслаҳат гуруҳларининг фаолияти йўлга қўйилган. Мижозлар суғурта масалалари, жумладан мавжуд суғурта турлари, суғурта шартномаси шартлари, суғурта даъволарини кўриб чиқиш, суғурта товонини тўлаш тартиблари ва бошқа масалалар тўғрисидаги батафсил маълумотларни олиш учун электрон почта(maslahat@uzbekinvest.uz) ёрдамида мутахассислар маслаҳатларидан фойдаланишлари мумкин.

Бундан ташқари жорий йилнинг июль ойидан бошлаб Компания сайтида (www.uzbekinvest.uz) Интернет фойдаланувчиларининг суғурта маданиятини оширишга қаратилган имконият яратилди. Мазкур имконият асосида эса Интернет фойдаланувчилари учун онлайн тартибида саволларга жавоб бериш йўли орқали суғурта асосларини ўрганиш ва уларнинг соҳага оид билимларини текшириб кўриш имконини берувчи модуль ишлаб чиқилди. Компания сайтида жойлаштирилган ушбу янги модулдан (training.uzbekinvest.uz) суғурта масалалари, хусусан суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий турлари, суғурта даъволарини кўриб чиқиш тартиби, шунингдек, «Ўзбекинвест» компаниясининг фаолияти билан боғлиқ бошқа маълумотларга эга бўлишни истаганлар фойдаланиши мумкин.

“Даракчи” газетасининг 15 август, пайшанба куни сотувга чиқадиган янги сонида кўплаб саволларга тегишли ташкилотлар томонидан асосли ва жўяли жавоб олишингиз мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!