Ўзбекистондан 4 кг қуйма олтинни олиб чиқишга уринган афғонистонлик фуқаро қўлга олинди

11:08, 14 сентябрь

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тилла ва заргарлик буюмларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний тарзда олиб ўтилишига қарши чора-тадбирлар давом этмоқда, деб хабар беради Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Мазкур тадбирлар давомида "Айритом" чегара-божхона комплекси ходимлари томонидан афғонистонлик фуқаронинг қинғир қилмишлари фош қилинди. Республикамиз ҳудуди орқали хорижга йўл олган ушбу шахс томонидан тўлдирилган йўловчи божхона декларациясидаги маълумотлар асосида унга тегишли багаж ва қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, юклар орасида декларацияда кўрсатилган миқдордан ортиқча салкам 4 кг оғирликдаги қуйма тиллалар борлиги аниқланди. 

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Термиз шаҳар судининг хукмига биноан айбдорга энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдордаги жарима жазосини тайинлади. Ҳужжатларда кўрсатилмаган 494,5 млн сўмдан ортиқ қийматдаги салкам 4 кг олтин давлат эгалигига ўтказилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!