El DiarioYa: “Дунё Ислом Каримовдек раҳбарга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож эканлиги аён бўлмоқда”

11:35, 14 сентябрь

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти ҳақидаги қайғули хабар бутун дунёни қалқитди. Ана шу оғир жудолик муносабати билан хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган мақолаларда чуқур ҳамдардликлар билдирилаётгани баробарида, замонавий Ўзбекистон тарихида Ислом Каримовнинг тутган ўрни, мамлакатимизнинг суверен, демократик ва гуллаб-яшнаётган давлат сифатида шаклланишида буюк Йўлбошчимизнинг беқиёс ҳиссаси хусусида ҳам атрофлича фикр юритилмоқда, деб ёзади «Жаҳон» АА шарҳловчиси.

Хусусан, Франциянинг “TV5Monde” телеканалида Ўзбекистон мустақиллиги асосчисининг ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишлаб намойиш этилган махсус кўрсатувда “Ислом Каримов чорак аср мобайнида ўз мамлакати барқарорлигини таъминлаган атоқли давлат ва сиёсат арбоби”, дея таъкидлаб ўтилди.

Испаниянинг “La Gaceta”  газетаси эса Ўзбекистоннинг Биринчи Президентига “Минтақа барқарорлигининг кафолати”, деб таъриф берар экан, у нафақат ўз мамлакати, балки хорижий давлатларда ҳам катта обрў-эътиборга эга бўлгани, дунё аҳамиятига молик муҳим сиёсий масалаларнинг ҳал этилишида алоҳида ўрин тутганини қайд этди. Нашрнинг бош мақоласида келтириб ўтилганидек, Ўзбекистон Ислом Каримовнинг фаол саъй-ҳаракатлари туфайли терроризм ва диний экстремизм сингари хавф-хатарларни енгиб ўтди, барқарор тараққиётга эришиб, жаҳоннинг кўпгина давлатлари билан тенг ҳуқуқли муносабатларни ўрнатди ҳамда буни қўллаб-қувватлади.

“El DiarioYa” (Испания) электрон журналида эълон қилинган публицист-диншунос Понсе Алегре қаламига мансуб мақолада эса қуйидаги жумлаларни ўқиш мумкин: -“Ислом Каримов нафақат буюк етакчи ва машҳур сиймо, балки яхши инсон ҳам эди. У ўз халқига улкан мерос — сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий жиҳатдан барқарор давлат қолдирди. Сайёрамизнинг айрим ҳудудларида нохуш ҳолатлар рўй бераётган бугунги кунда дунё Ислом Каримовдек раҳбарга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож эканлиги аён бўлмоқда”.

Ўз навбатида, Италияда нашр этиладиган “Corriere Nazionale” газетаси ҳам ўз ўқувчиларини Ислом Каримовнинг бунёдкорлик борасидаги эзгу фаолияти натижалари -билан таништирди. Унда ёзилишича, “Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти шарофати билан мамлакат тарихан қисқа даврда демократик сиёсий тизимга эга бўлди, иқтисодиётнинг мафкурадан холи бўлиши таъминланди ва эркин бозор муносабатларига ўтилди... Саноат тармоқлари, айниқса, кимё, тўқимачилик ва автомобилсозлик индустрияси изчил ривожланмоқда. Республикада самарали таълим тизими йўлга қўйилган, қатор нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари, жумладан, Турин политехника университетининг бўлими фаолият юритаяпти... Ўзбек халқи келажакка ишонч билан қарамоқда”.

Худди шундай мақолалар мамлакатдаги “La Repubblica” ва “Ansa” сингари бошқа оммабоп нашрлар саҳифаларида ҳам чоп этилди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!