Мутахассис фикри: Парламент қарори ҳуқуқий майдон доирасида

14:28, 15 сентябрь

Миллатимизнинг ҳақиқий йўлбошчиси, ўзбекнинг асл ўғлони, чинакам ватанпарвар ва фидоий инсон Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши кўп миллатли Ўзбекистон халқининг ҳар бир аъзоси учун сўзсиз оғир мусибат бўлди. Мустақил Ўзбекистон архитектори бўлган Ислом Каримов тарихан қисқа давр ичида турли ўткир ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муаммолар гирдобига тушиб қолган қолоқ аграр давлатни машҳур “ўзбек модели” асосида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ жаҳондаги энг тез суръатлар билан ривожланаётган мамлакатлар қаторидан муносиб жой олишини таъминлади.

Албатта, ҳаёт давом этади. Бу жудолик қанчалик оғир бўлмасин мамлакатдаги давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминловчи, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили бўлган давлат бошлиғи лавозими бўш қолиши мумкин эмас ва амалдаги конституция ва қонунларимизда назарда тутилган тартибга мувофиқ қарор қабул қилиниши талаб этилади. 

Таъкидлаш жоизки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган ўзгаришларнинг бардавомлигини, орқага қайтмаслигини таъминлашга хизмат қилувчи сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий тизим шаклланди. Миллий ҳуқуқ тизимининг ўзагини ташкил этувчи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва у асосда қабул қилинган қонунларда мамлакат сиёсий тизимининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти органларининг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши билан боғлиқ бўлган масалалар тартибга солинган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 96-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши ҳамда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилиши белгиланган.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни унинг зиммасига юкламаслик ҳамда мазкур вазифа ва ваколатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилди.

Олий Мажлис палаталари томонидан ушбу таклиф қўллаб- қувватланди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз олий давлат вакиллик органи бўлган Олий Мажлис томонидан ушбу масалани кўриб чиқилиши ва тегишли қарор қабул қилиниши тўлиқ ҳуқуқий майдон доирасида амалга оширилди ва уни қуйидагилар билан асослаш мумкин:

Биринчидан, Конституциянинг 3-моддасида суверен демократик давлат сифатида Ўзбекистон Республикаси ўзининг миллий-давлат ва маъмурий-ҳудудий тузилишини, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тизимини белгилаши ҳамда ички ва ташқи сиёсатини амалга ошириши назарда тутилган. Шу нуқтаи назардан, миллий парламент томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча бошқа шахс зиммасига юклаш ҳақидаги масала сўзсиз давлат ҳокимияти тизими билан боғлиқ бўлган ички сиёсатимизнинг энг муҳим масалалари сирасига киради. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси номидан эса ушбу масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатини Конституциянинг 10-моддасига мувофиқ республика Олий Мажлиси ва Президенти амалга ошириши мумкин.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча бошқа шахс зиммасига юклаш тўғрисидаги масала кўрилаётганлигини эътиборга оладиган бўлсак, фақатгина Олий Мажлис бу борадаги асосий ваколатли орган ҳисобланади. Конституциянинг 79, 80-моддаларига мувофиқ Олий Мажлис палаталари сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш ваколатига эга ҳамда Конституциянинг 81-моддасига кўра ушбу масалалар юзасидан қўшма мажлислар ўтказилиши ва қарорлар қабул қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конситуцияси ва қонунлари билан бир қаторда қонунлар ҳисобланади.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Конституциянинг 96-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни зиммасига олишни рад этишига тўсқинлик қиладиган бирор бир ҳуқуқий асослар мавжуд эмас. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ҳам бошқа давлат органлари мансабдор шахслари каби ўзига қўшимча равишда юклатилган вазифани бажаришни рад этиши мумкин. Муайян фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларнинг объектив равишда етарли эмаслиги шундай қарорга келишга асос бўла олади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан давлат бошлиғи сифатида давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ваколатларини амалга оширилиши ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тизимнинг барча соҳалари бўйича мукаммал билим, юқори тажриба ва юксак раҳбарлик қобилиятини талаб этади.

Учинчидан, Сенат Раиси томонидан унинг зиммасига юклатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни рад этиши эгаллаб турган асосий лавозимидан ҳам озод этилишини англатмайди. Бунда рад этишнинг амал қилиш доираси фақатгина унинг зиммасига қўшимча равишда юклатилган вазифа ва ваколатлар билангина чегараланган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида Сенат Раисини муддатидан илгари чақириб олиниши бўйича махсус тартиб назарда тутилган. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига кўра, Сенат Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторларнинг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг мазкур таклифи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан маъқулланганлиги ҳудудий вакиллик палатаси сифатида Сенатнинг ушбу масала бўйича ягона позицияни эгаллашини ҳамда муддатидан илгари чақириб олиш механизмини ишга солиш учун асослар мавжуд эмаслигини англатади.

Тўртинчидан, Сенат Раиси томонидан унинг зиммасига юклатилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни рад этиши автоматик равишда эгаллаб турган асосий лавозимидан ҳам озод этилишини англатади, деган эҳтимолликка йўл қўйилган тақдирда ҳам унинг ўрнига бошқа номзодни сайлаш билан боғлиқ бўлган бир қатор объектив тўсиқлар юзага келади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига кўра, Сенат Раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан сайланади. Ҳозирда юзага келган ҳолатда эса айнан шу вазифани амалга оширадиган субъектнинг мавжуд эмаслиги ушбу қоида асосида иш тутишга монеълик қилади. Бундан ташқари, Сенат Раиси ўрнини унинг ўринбосарларидан бири ҳам эгаллай олмайди, чунки қонунда айнан шундай тартибни белгиловчи махсус норма мавжуд эмас.

Бешинчидан, Сенат Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юкланиши тўғрисидаги таклифи ҳам ҳар томонлама асослидир. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлик қиладиган Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради ҳамда уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади. Бинобарин, давлат хокимиятининг бошқа органларига нисбатан Бош вазир фаолиятининг мазкур жиҳатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга ошириладиган вазифа ва ваколатларга яқинлигидан далолат беради.

Қолаверса, хорижий мамлакатлар қонунчилигида ҳам шундай амалиёт қўлланилади. Хусусан, Франция Республикаси Конституциясининг 7-моддасига мувофиқ, Сенат Раиси зиммасига юклатилган Президентнинг вазифа ва ваколатларини вақтинча амалга оширишида муайян тўсиқлар вужудга келганда, ўз навбатида ушбу вазифа ва ваколатларни амалга ошириш Ҳукуматга ўтади. Греция Республикаси Конституциясининг 34-моддасига мувофиқ, амалдаги Президентнинг вафотидан сўнг унинг ваколатларини вақтинча бажариш юклатилган парламент раиси ушбу вазифани бажаришни рад этса ҳукумат жамоавий тарзда президент вазифаларини бажариб туриши белгиланган. Россия Федерацияси Конституциясининг 92-моддасига асосан Президент ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажара олмаса, унинг вазифаси вақтинча Ҳукумат Раиси томонидан амалга оширилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришдан воз кечиши ҳамда ушбу вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига юклаш ҳақидаги парламент қарори қонуний ҳисобланади ҳамда мамлакат тинчлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Восид Эргашев, ю.ф.н., доцент,

ТДЮУ “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви”

кафедраси мудири

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!



Гость 16:15, 15 сентябрь
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқининг йўлбошчиси, юртнинг забардаст ўғлони, фидоий инсон Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг бевақт ҳаётдан кўз юмиши кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг ҳар бир вакили учун оғир мусибат бўлди. Ислом Каримов ўз раҳбарлиги даврида Ўзбекистонни мустамлакачиликдан озод этиб тарихан қисқа давр ичида қолоқ аграр давлатдан ҳар томонлама тез суръатлар билан ривожланаётган давлатлар қаторидан жой олишига улкан ҳисса қўшди. Лекин, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти бошлаб берган буюк ишларни давом эттириш ва уларни янада ривожлантириш ворисларнинг олдида турган вазифадир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафили бўлган Президент лавозими бўш қолиши мумкин эмас ва амалдаги Конституция ва қонунларимизда назарда тутилган тартибга мувофиқ иш кўриш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 96-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Президенти ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг зиммасига юклатилиши ҳамда уч ой муддат ичида, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда мамлакат Президенти сайлови ўтказилиши белгиланган. Демократик давлатнинг ҳар бир фуқароси жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўз имкониятларидан келиб чиқиб шахсий қарор қабул қилишга ҳақли. Шу қонуний мантиқдан келиб чиқиб 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала кўриб чиқилаётган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини вақтинча бажаришни унинг зиммасига юкламаслик ҳамда мазкур вазифа ва ваколатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифи мутлоқо барча демократик қонун талабларига мос келади. Ундай ҳолатда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни вақтинча юклаш тўғрисида”ги масала мутлоқ Олий Мажлис палаталари ваколатига ўтади. (Чунки Ўзбекистонда, жумладан, кўпчилик ривожланган демократик давлатларда Парламент ягона халқ вакиллик органи бўлиб халқ номидан иш кўришга ҳақли ҳисобланади). Шунинг учун Олий Мажлис ўзининг ваколатидан келиб чиқиб ва барча фракция раҳбарларининг ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари таклифларини инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида масала кун тартибига қўйилди ва бир овоздан қарор қабул қилинди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг Конституция ва қонунларига ва барча демократик талабларга мос келади. Одил Мусаев, тарих фанлари номзоди, доцент. Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети