Марказий сайлов комиссиясида Президент сайловига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди

16:47, 15 сентябрь

15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни Комиссия раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов олиб борди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури асосида пухта ҳозирлик кўрилаётгани таъкидланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 9 ва 14-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи  сайлов округлари тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегаралари доирасида тузилди.

Сайлов округлари рўйхати сайловчилар сони ҳамда округ сайлов комиссиялари қаерда жойлашганлиги кўрсатилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бўлган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!