U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати старт олди

08:53, 16 сентябрь

Бугун Ҳиндистонда U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўйинлари старт олди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда

Мусобақанинг A гуруҳидан ўрин олган икки учрашувда ҳам бир ҳисоб қайд этилди. Дастлаб, Эрон ўсмирлар терма жамоаси Саудия Арабистони ўсмирларига қарши майдонга тушди ва иродали ғалабага эришди. Ўйинда 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётган эронликлар якунда кетма-кет учта тўп киритиб учрашувда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Гуруҳдаги иккинчи ўйинда ҳам ҳудди шундай ҳисоб қайд этилди ва унда БАА ўсмирлар терма жамоаси турнир мезбони – Ҳиндистон ўсмирлар терма жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этишди.

Мусобақанинг D гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси эса турнирдаги иштирокини 17 сентябрь куни Таиланд ўсмирларига қарши ўйин билан бошлайди. Мазкур учрашув Тошкент вақти билан соат 19:30да бошланади.

Айни дамда, Темур Олимхўжаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ушбу учрашувга тайёргарликни давом эттирмоқда. Маълумот учун, Ҳиндистонда старт олган U-16 ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида қайд этилган натижалар ва турнирдаги вазият билан сайтнинг турнирлар бўлимида танишиб бориш мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!