Фазлиддин Ғоибназаров: “Сиз қилаётган гумонлар ҳаётдан йироқ”

09:59, 16 сентябрь

Рио-2016 Олимпия ўйинлари чемпиони, боксчи Фазлиддин Ғоибназаров ўзининг Facebook`даги саҳифасида яқиндагина тарқалган суратларига яна бир муносабат билдирар экан, ўзининг хулқи ҳақидаги миш-мишлар ҳаётдан йироқ эканлигини таъкидлаб ўтди. 

“Ассалому алайкум, азизлар. Барчангизга қўллаб-қувватлаб, кўрсатган эътиборингиз учун катта раҳмат. Куни кеча мухлислар билан тушган суратимизни ўз билганича талқин қилган инсонларга қарата айтмоқчиман. Аллоҳга беҳисоб шукрки, икки шириндан-шакар фарзандим ва севиб уйланган аёлим бор. Улар мен учун жуда азиз. Сиз бундай гаплар айтишдан олдин ўзганинг шахсий ҳаётининг шу жиҳатларини мулоҳаза қилиб кўришингизни илтимос қилардим. Аллоҳга шукр, давлатимиз, халқимиз қўллаб-қувватлаб тургани учун чемпион бўлдик. Биз ўзимиздан кетиб қолганимиз йўқки, суратга тушишни сўраган кишиларга рад жавоби бермадик. Суратга тушишни истаган инсонларнинг барчасига, акамиз, укамиз, опамиз ва синглимиз каби қараймиз. Албатта, сиз қилаётган гумонлар, сизнинг бошингизга келаётган хаёллар ҳаётдан йироқ”.

Ижтимоий тармоқларда боксчининг бегона қиз билан тушган сурати тарқалганидан сўнг, у вазиятга ойдинлик киритган ва у қизни танимаслигини айтган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!