Кюдзо Катонинг вафоти – ўзбек халқи учун оғир йўқотиш

11:13, 16 сентябрь

12 сентябр куни Сурхондарё вилоятида машҳур археолог олим, Япония миллий этнология музейининг фахрий профессори, “Дўстлик” ордени соҳиби, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси Кюдзо Като 94 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон ҳақидаги кўплаб илмий ишларнинг муаллифи бўлган япон профессори мамлакатимизнинг яқин дўсти эди. У ўзбек халқини севарди, шу боис мамлакатимизни ўзининг иккинчи Ватани дея тилга олар эди, дея хабар берди “Жаҳон” АА.

Ўтган асрнинг 60-йилларида биринчи маротаба Ўзбекистонга келган Кюдзо Като ўлкамизнинг кўҳна тарихига катта қизиқиш билдирди ва мамлакатимизнинг Япония билан кўп қиррали ҳамкорлигини фаоллаштиришнинг тарафдори бўлди.

У 25 йилдан кўпроқ давр мобайнида Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа илмий институтлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб борди, турли лойиҳаларда қатнашди, Сурхондарё вилоятида (Далварзинтепа, Қоратепа, Холчаян, Фаёзтепа) архелогия қазишмаларини олиб борди. Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларида ҳам унинг сидқидил ва гъайратли ишлари ҳақида ҳикоя қилинади. 

К.Като илмий фаолиятининг асосий натижалари олимнинг қаламига мансуб “Жанубий Ўзбекистоннинг узоқ ўтмиши” ва “Далварзинтепа шаҳарчаси” номли китобларида ўз ифодасини топган. Уларда археолог Марказий Осиё ҳудудида илк буддавийлик тарқалишининг тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, Термиз шаҳрининг фахрий фуқароси “Буюк Ипак йўли чорраҳасида”, “Евроосиё цивилизацияси бўйлаб саёҳат”, “Ўрта Осиёнинг машҳур одамлари” цингари илмий ишларнинг ҳам муаллифи ҳисобланади.

Юқоридагилар билан бирга, К,Като Японияда Ўзбекистонга бағишланган кўплаб симпозиумлар, кўҳна ўзбек турар жойлари макетлари, миллий либослар, рўзгъор буюмлари намойиш этилган турли кўргазмаларни ташкил этгани ҳолда икки мамлакат маданиятлари ўртасидаги ўзаро бир-бирини тўгъри тушуниш муносабатларини янада чуқурлаштириш ишига кўмаклашди.

Шуни ҳам қайд этиш зарурки, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов К.Катонинг салмоқли илмий фаолиятини бир неча маротаба тилга олган. Масалан, “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференция (2014 йил 15-16 май, Самарқанд) чогъида давлатимиз раҳбари ушбу япон профессори минтақамизнинг йирик тадқиқотчиси ҳисобланишини, унинг илмий фаолияти Марказий Осиё тарихи, этнографияси, археологияси ва санъатининг биз учун номаълум бўлган саҳифаларини очишга ёрдам берганини қайд этди.

Ўшанда Ислом Каримов “унинг Буюк Ипак йўлини, Бақтрия давлатини ўрганишга бағишланган ишлари, шунингдек, 1989-йилдан буён Сурхондарё вилоятининг кўҳна Далварзинтепа ва Қоратепа шаҳарлари ўрнида олиб бораётган археологик тадқиқотлари, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур ва Марказий Осиёнинг бошқа улуғ мутафаккирлари асарларини япон тилига қилган таржималари бизнинг улкан минтақамиз тарихи ва маданияти ҳақидаги билимларни жаҳон мулкига айлантириш имконини берди”, дея таъкидлаган эди.

Ўз навбатида, профессор К.Като кўрсатилаётган ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлашлар учун Ўзбекистоннинг биринчи Президентига доимо миннатдорлик билдиргани баробарида мамлакатимизда илм-фан намояндалари учун қулай муҳит яратилгани ҳамда уларнинг илмий тадқиқотларни олиб боришлари учун кенг имкониятлар берилганини ҳамиша эътироф этган. 

“Мен японман, Ўзбекистоннинг ўзимнинг иккинчи Ватаним, деб ҳисоблайман ва бу мамлакат фахрий фуқароси ҳисобланишим билан фахрланаман. Ҳурматли Президент Ислом Каримов менинг камтарона меҳнатимни юқори баҳолаб, мени “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. Ҳаётимнинг катта қисми ушбу табаррук заминда ўтганидан бахтлиман”, дея таъкидлаган эди К.Като.

Халқимизнинг бебаҳо тарихий-маданий меросини ўрганиш ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги самарали муносабатларни ривожлантиришга япон профессорининг қўшган ҳиссаси ўлкамиз тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилади, унинг илмий ишлари эса бутун дунёнинг жуда кўпдан-кўп авлодлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилади.

Ўзбекистон фанлар Академияси академиги Эдвард Ртвеладзе Кюдзо Като ҳақидаги хотиралари билан бўлишди:

“Мен узоқ йиллар таниган ва ҳурмат қилган профессор Кюдзо Като ажойиб инсон ва буюк олим эди. Ўзбекистонда уни ҳурмат билан «муаллим», «домулла», деб аташарди. Ушбу мурожаат шу қадар унга сингиб кетгандики, одамлар томонидан ҳудди унинг исмидай қабул қилинарди. Мен бошқа япон олимларига бундай муносабатда бўлишганини кўрмаганман.”

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!