Депутатлар давлат бюджетининг ижросини кўриб чиқдилар

11:17, 16 сентябрь

15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. 

Мажлисда тегишли вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар, дея хабар беради ЎзА. 

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди. 

Таъкидланганидек, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришга энг замонавий, илғор технологияларни жорий этиш орқали уни модернизациялаш жаҳон майдонида миллий иқтисодиётни рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши 7,8 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ҳам 6,7 фоизга ошди. 

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмини 11,8 фоизга ва пудрат-қурилиш ишлари ҳажмини 17,5 фоизга ошириш имконини берди. 

Юқори иқтисодий ўсиш суръатларига ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси, давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз профицити ва инфляция даражасининг пастлигини ифода этган макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш орқали эришилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!