Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига ташриф буюрди

11:06, 17 сентябрь

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида шу йилнинг 16 сентябрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. 

Шавкат Мирзиёев сафар давомида вилоятнинг Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик туманларида бўлди, дея хабар беради ЎзА. 

Жиззах вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ватанимиз озодлиги, юрт равнақи, тинчлигини таъминлаш борасидаги фаолияти, беқиёс хизматлари алоҳида қайд этилди. Халқимиз қалбидан чуқур жой олган бу буюк сиймонинг ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун ибрат мактаби вазифасини ўташи таъкидланди. Сўнгги чорак аср мобайнида эришилган оламшумул ютуқларимиз кўламини янада ошириш барчамизнинг бурчимиз эканига алоҳида урғу берилди. 

Шу билан бирга, танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда вилоятда саноат соҳасининг ривожланиши, етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ва кузги ғалла экиш мавсумининг боришига доир масалалар таҳлил этилди. Иқтисодиётда олиб борилаётган ислоҳотларни изчил ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар, коммуникация тизимларини янада тараққий эттириш, ободонлаштириш, замонавий бино ва иншоотларни қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. 

Аҳоли турар жойлари фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларини кузги-қишги мавсумга тайёрлаш, саноат ва бошқа соҳаларнинг бир маромда фаолият юритишини таъминлаш масалалари ҳам йиғилиш қатнашчиларининг диққат марказида бўлди. 

Шу куни Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар ҳокими Асрор Қобилов ўз вазифасидан озод этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра Жиззах шаҳар ҳокими вазифасига Абдуқаҳҳор Тўхтаев тасдиқланди. 

Шу куннинг ўзида яна бир нечта ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, ишда йўл қўйилган хато ва камчиликлари учун Жиззах вилояти прокурори, шунингдек, қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва уларнинг ўрнига янги номзодлар тасдиқланди. 

Жиззах вилояти раҳбарияти зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, барча соҳа ва тармоқларни ривожлантириш бўйича белгиланган дастурларни ҳаётга изчил жорий этиш ва уларнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган долзарб ва истиқболли чора-тадбирлар белгилаш вазифаси юклатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!