Марказий сайлов комиссияси ЕХҲТга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг кузатувида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборди

19:41, 17 сентябрь

Марказий сайлов комиссияси вакили хабар қилганидек, 17 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборди.

Вакил таъкидлаганидек, истиқлол йиллари мобайнида Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мос равишда демократик сайловлар ўтказиш бўйича салмоқли тажриба тўпланган. Сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг доимий асосда такомиллашиб бораётганлиги фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари янада мустаҳкамланишига, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш миллий тажрибаси яхшиланишига қаратилгандир. Марказий, округ ва участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятида сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонунийлик, ошкоралик, очиқлик ва транспарентлик тамойилларига сўзсиз риоя этишга алоҳида эътибор қаратади.

Унинг фикрича, ҳам хорижий, ҳам маҳаллий кузатувчиларнинг сайлов жараёнида иштирок этиши умумийлик, тенглик, эркинлик ва овоз беришнинг яширинлиги, ҳақиқий, адолатли ва ошкора сайлов каби демократик сайловларнинг асосий тамойилларига риоя этилишини таъминлайди. Шунинг учун ҳам сайловларнинг халқаро кузатуви бутун дунёда кенг эътироф этилган ҳамда демократик жараёнлар ва умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш, уларга риоя этилишини таъминлашнинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сиёсий партиялардан кузатувчилар билан бирга хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлар вакилларининг сайловни кузатишда иштирок этиши имконини назарда тутади. Хусусан, уларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда кузатувни амалга ошириш ҳуқуқи берилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!