Темур Олимхўжаев: Натижа ижобий бўлишига қарамай, бугунги ўйиндан қониқмадим

08:48, 18 сентябрь

Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Темур Олимхўжаев Таиланд U-16 термасига қарши (5:3) Осиё чемпионати 1-туридан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақидаги фирклари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларини ЎФФ матбуот хизмати “Телеграм”даги саҳифаси орқали келтирди.  

– Натижа ижобий бўлишига қарамай, бугунги ўйиндан қониқмадим. Ўйин аввалидаёқ гол ўтказиб юбордик ва бу ўйин учун ишланган режаларни ўзгартириб юборди. Бу биринчи учрашув бўлгани сабаб йигитлар бироз ҳаяжонланди. Иккинчи бўлимда ўйинимиз нисбатан яхшироқ бўлди. Танаффусда йигитларга ҳаяжонни босиб олиб, совуққонроқ ҳаракат қилиш лозимлигини таъкидладик.

Ҳимояда йўл қўйишимиз лозим бўлмаган хатолар қилдик ва шунинг оқибатида учта гол ўтказиб юбордик. Расул Йўдошев? У сизни ҳайратга солган бўлсада, шуни айтишим мумкинки, у бугун ўз имкониятларини тўлиқ намойиш этмади. У жуда иқтидорли футболчи. Бугун у ўзини 50 фоизга намойиш қилди, холос.

Яманнинг ўйинини томоша қилганим йўқ. Биз ўз ўйинимизга ҳозирланаётгандик. Бу ўйинни кўриш учун ёрдамчиларимни юбордим. Улар ўйинни кузатиб боришди. Учрашув видеосини томоша қилиб, рақибни ўрганиш учун вақт бўлади.

Кейинги ўйинларда жамоа анча тартибли ўйин кўрсатиши йўлида иш олиб борамиз, – деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!