Чой ичишнинг 8 қоидаси ҳақида эшитганмисиз?

09:46, 19 сентябрь

Оч қоринга мумкин эмас

Нонушта қилмасдан аввал ичилган чой ошқозон суюқлигига таъсир этиб, баъзиларда меъда кислотаси меъёрини ўзгартириб юборади. Бу эса ошқозон фаолияти билан боғлиқ безовталикларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, иштаҳа йўқолишига ҳам сабаб бўлади. 

Оғизни куйдирмасин

Қайноқ чой оғиз бўшлиғи, ҳалқум ва тилнинг шиллик қаватини зарарлантириши мумкин. Қолаверса, мунтазам қайноқ чой ичилганида томоқ ачишиши кузатилади. Энг маъқули, илиқ ҳолатда ичилганидир.

Такроран ишлатилса...

Баъзилар эрталаб дамланган чойни кечқурун қайнатиб, ичишади. Аммо қайнатилган чойда кофеин миқдори фаоллашишини унутманг. Кофеин таъсири ортганида эса бош оғриғи, уйқусизлик, ҳазм фаолияти билан боғлиқ безовталиклар келиб чиқади. 

Узоқ қайнатманг

Чой дамлаётганда уни газ печи устига қўйиб қайнатиб олишни истасангиз, 2-3 дақиқадан ортиқ ушламанг. Акс ҳолда, ичимлик ранги тўқлашиб, таъми таҳирлашади. Таркибидаги антиоксидантлар ва аминокислоталар ҳам парчаланади. 

Халтачалилари: 1 марталик холос

Махсус халтачаларга солинган чойлар аслида бир марталик фойдаланиш учун мўлжалланган. Такрор ишлатилганида эса фойдали хусусиятини йўқотади. Таъми ҳам ўзгаради. 

Овқатдан олдин тавсия этилмайди

Таомилига кўра овқатланишдан олдин чой ичилмайди. Акси бўлганида эса ошқозонга тушган суюқлик таъм билиш рецепторларига таъсир этиши, шунингдек организмга оқсил сингишини секинлаштириши мумкин. Энг маъқули таомланиб бўлгач, 10-15 дақиқадан сўнг чой ичишдир.

Дори воситаларини чой билан ичиш

Чой таркибидаги моддалар дори таркибидаги бирикмаларни организмга сингишига тўсқинлик қилади, препарат кераклича таъсир кўрсатмайди. Дори воситаларини, яхшиси, қайнатилган ёки газсиз сув билан ичиш лозим. 

Кечагиси...

Чойнакдаги чой ошхонангизда тонг орттирган бўлса, уни банкага олиб қўймай, яхшиси тўкиб юборинг. Чунки бу тариқа сақланган чойнинг на фойдаси бор, на мазаси.  Бактерия ва замбуруғлар учун қулай муҳит бўлиб хизмат қилади, холос.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!