“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонун имзоланди

11:13, 19 сентябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 12 августда қабул қилиниб, 24 августда Сенат тасдиғидан ўтган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 12 августда қабул қилиниб, 24 августда Сенат тасдиғидан ўтган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Қонун 17 сентябрь куни “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди.

Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Қонунда Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат эканлиги кўрсатилган.

Янги Қонун ҳужжатига кўра, Ички ишлар органлари фаолиятни ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширади:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш;
тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, жиноят ишлари бўйича суриштирув ҳамда дастлабки терговни ўтказиш;
жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, шу жумладан террорчилик ҳаракатларига чек қўйишда ҳамда гаровга олинганларни озод қилишда иштирок этиш йўли билан курашиш, шунингдек одам савдосига қарши курашиш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойил шахсларни аниқлаш;
эҳтиёт чораларини, жиноий жазони ва жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этиш, шунингдек шахсларни қидириш;
маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, маъмурий жазоларни қўллаш тўғрисидаги қарорларни ижро этиш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
паспорт тизими талабларининг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ва унга кириш учун зарур бўлган ҳужжатларни, доимий ва вақтинча яшаш учун рухсатномаларни беришга ҳамда расмийлаштиришга доир ишларни, паспорт тизимига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат қилишни амалга ошириш;
фуқаровий ва хизмат қуролларининг ҳамда улар ўқ-дориларининг, саноат учун мўлжалланган портловчи материалларнинг, шунингдек пиротехника буюмларининг, гиёҳвандлик воситаларининг, психотроп моддаларнинг ва улар прекурсорларининг муомалада бўлиши соҳасида назорат қилиш;
ёнғин хавфсизлигини таъминлаш;
эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш;
давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган объектларни ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлаш;
лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни  бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;
ҳарбий-сафарбарлик ишларини ва фуқаро муҳофазаси тадбирларини амалга ошириш;
қонун ижодкорлиги фаолиятида ҳамда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ягоналик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш, очиқлик ва шаффофликдан иборат.

Янги Қонунга кўра, Ички ишлар органлари ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Ички ишлар органи ходими ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Ички ишлар органи ходимининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни ички ишлар органлари томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.

Ички ишлар органлари ходимлари хизмат интизомини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Ички ишлар органларининг интизом уставига мувофиқ жавобгар бўлади.

Қайси жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига ички ишлар органи ходимининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги сабаб бўлди деб ҳисобласа, ўша жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

Қонуннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!