Котлет тайёрлашнинг 4 усули!

12:54, 19 сентябрь

Пишлоқ билан янада мазали!
Керак бўлади:
600 гр қийма, 150 гр пишлоқ, битта пиёз, бир дона тухум, 1 чой қошиқ картошка крахмали, қовуриш учун ўсимлик ёғи, туз, нон талқони. 
Қиймага майда тўғралган пиёз, тухум, картошка крахмали ва қирғичдан чиқарилган пишлоқни қўшинг. Туз солиб аралаштиринг. Сўнгра 30 дақиқа музлатгичга қўясиз. Қовуришдан олдин, кераклича шакл бериб, нон талқонига билаб олсангиз кифоя. Пишлоқ қўшилгани ҳисобига котлетлар жуда майин ва мазали бўлади. 

Картошкалигига нима дейсиз?
Керак бўлади:
1 кг картошка, 2 дона тухум, 2 ош қошиқ сариёғ, битта пиёз, 100 гр қийма, туз, мурч, қовуриш учун ўсимлик ёғи. 
Арчилган картошкаларни тузли сувда қайнатиб, сўнг пюре кўринишига келтиринг. Қиймани сариёғ солинган товада қовуринг. Пюрега тухум, туз ва мурчни солиб, яхшилаб аралаштиринг. Сўнгра қўл кафтига ёйиб, ичига қиймадан соласиз. Масаллиқдан котлет ясаб, ўсимлик ёғида ҳар тарафини қизартириб олсангиз кифоя. 

Гулкарамдан ҳам бор!
Керак бўлади:
битта ўртача катталикдаги гулкарам, 2 дона тухум, 2 ош қошиқ ун, бир боғ шивит, ярим боғ кўк пиёз, туз, қовуриш учун ўсимлик ёғи ва нон талқони.
Қайнатилган гулкарамни тўғраб олинг. Тухум, ун, туз ва тўғралган кўкатларни қўшинг. Масаллиқдан котлет ясаб, нон талқонига ботиринг. Сўнгра ўсимлик ёғида қизартириб оласиз.

Гуруч ва сабзи!
Керак бўлади:
ярим килограмм картошка, 100 гр қайнатилган гуруч, биттадан пиёз ва сабзи, туз, мурч, қовуриш учун ўсимлик ёғи.
Картошкани тузли сувда қайнатиб, сўнгра қирғичнинг йирик тишидан ўтказинг. Сабзини ҳам қирғичдан чиқариб, пиёз билан ўсимлик ёғида қовуринг. Чуқурроқ идишда гуруч, сабзи билан қовурилган пиёз, картошкани аралаштиринг. Туз намагини созланг. Масаллиқдан котлет ясаб, ўсимлик ёғида қизартириб оласиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!