Тошкент вилоятини ривожлантириш дастури қабул қилинди

15:37, 19 сентябрь

ЎЗбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2016−2018 йилларда Тошкент вилояти шаҳарлари ва туманларини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида Қарор қабул қилди.  

Дастурда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш, янги саноат корхоналари қувватларини барпо этиш, ишлаётганларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш, хом ашё базасини янада тараққий эттириш, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш кўзда тутилган.

Жумладан, 2019 йилга қадар пойтахт вилоятида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 33,4 фоизга ошириш белгиланган.

Ҳужжатда Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Паркент, Юқори Чирчиқ ва Чиноз туманларида саноатлашиш даражасини ошириш бўйича топшириқ келтириб ўтилган.

Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйи Чирчиқ ва Паркент туманларида маҳаллий бюджетларнинг даромат базасини янада кенгайтириш йўли билан республика бюджетидан олинадиган субвенциялар улушини камайтириш бўйича махсус «йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш белгиланди.

Дастурнинг белгиланган муддатларда бажарилиши учун шахсий масъулият Тошкент вилояти ҳокимлиги ва ҳудудий тузилмалар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар, йирик корхоналар, тижорат банклари раҳбарлари — масъул бажарувчилар зиммасига юкланди.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан Lex.uz сайтида танишиш мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!