Ўзбекистон ёшлари Президент вазифа ва ваколатларини Бош вазир зиммасига вақтинча юкланишини тўғри деб баҳолайди

15:44, 19 сентябрь

Юртимизда истиқлол йилларида ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий онгини ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ёшлар ҳаётида миллий қадриятларнинг таъсирини кучайтириш юзасидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этган ҳолда, бугунги мураккаб вазият ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини оширишга доир янгидан-янги вазифаларни кун тартибига қўяётганлигини таъкидлаш лозим.

Президентимизнинг “Бугунги кунда Ватан тараққиёти, юрт тинчлиги, фаровон ҳаётга эришиш, халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашдек эзгу-мақсадларга етиш йўлида бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш ёшларимизга беқиёс орзу-умидлар билан қараймиз”, деган пурмаъно сўзлари доимо қалбимизда қолади.

Юртимиз равнақига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшиб борайлик. Тараққиёт пойдевори бўлмиш ёшлардан бугун ҳар қачонгидан кўра дадиллик, ташаббускорлик, янгича фикрлаш, замон билан ҳамнафаслик талаб этилади. Ҳар биримиз ўз масъулиятимиз ва имкониятимиз доирасида маҳалламиз ободончилигига, муассасамиз ижодий фаолиятига кичик бўлса-да ҳисса қўша олсаккина, олдимизда турган бурчимизнинг бир қисмини адо этган бўламиз, Юртбошимиз ишонган, орзу қилган биз ёшлар жипслик билан ҳаракат қилиб юртимиз ривожига албатта ҳисса қўшамиз.

Президентимиз ҳар нафасда халқини, Ватанини манфаатини ўйлади. “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним” шиори остида барчамизни элимиз, юртимиз, Ватанимиз равнақи учун хизмат қилишга чорлади. Ватанимиз, халқимиз бундай раҳбарини ҳеч қачон унутмайди ва ушбу қайғули кунларда жипслашиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни бардавомлигини таъминлаб, улар бошлаган ишларни давом эттиришади. Ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг биринчи Президентининг сўнмас хотираси мамлакатимиз тарихида ва барчамизнинг юрагимизда абадий сақланиб қолади. Бизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайишимиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган Президентимиз Ислом Каримовнинг ўчмас хотирасини абадий ёдимизда сақлаймиз.

Жорий йилнинг 8 сентябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш тўғрисида ўта муҳим қарор қабул қилди.

Парламентимиз палаталарининг қўшма қарори Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларига тўла мос келишига қарамасдан, айрим хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-нашрларда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири зиммасига вақтинча юклаш гўё ноқонунийлиги тўғрисида мутлақо асоссиз, ҳақиқатдан йироқ ва бир ёқлама ёндашилган мақолалар пайдо бўлмоқда.

Жахондаги нотинчликлар, турли турли офату низолар авж олган нотинч бир вазиятда Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида раҳбарлик лавозимларидаги кўп йиллик тажрибасини, аҳоли ўртасидаги ҳурмат-эътиборини, малакаси ва қатъиятли салоҳиятини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифа ва ваколатларини бажаришни Бош вазиримиз зиммасига вақтинча юклашни биз ёшлар тўғри деб баҳолаймиз.

Алишер Исмоилов,
Ўзбекистон ХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли,
Навоий номидаги стипендия соҳиби, ТДИУ магистранти

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!