Эрингиз «юрса», фақат уни айбламанг!

18:05, 19 сентябрь

Сарлавҳага кўзингиз тушиши билан ичингизда аллақандай туйғулар ғалаён қилдими? «Кун бўйи тиним билмасам, қайнота-қайнонамнинг хизматини қилсам, болаларга қарасам, бунинг устига ишли аёлман, эримнинг хиёнатида нега мен айбдор бўларканман?» дейсиз-а, норози бўлиб. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор-да. Юқорида санаб ўтилганлар қаторида жуфтимизнинг соғингани, талпингани бўлишни унутиб қўямиз. Тўғрими? Айниқса, фарзанд кўргач, жинсий ҳаётни секингина иккинчи ўринга суриб, умр  йўлдошимиз олдидаги аёллик бурчимиз ёддан кўтарилади. Бу эса эркакнинг «югургилаб» қолиши учун ўзимиз яратиб берган шароитдир. Лекин вазиятни ўнглаш ҳам ўз қўлимизда! Бунинг учун эркаклар жинсий яқинликдан нималарни исташларини билсак бўлгани. Хатоларимизни тўғирлашга улгурамиз! 

МУТАХАССИС – ОЛИЙ ТОИФАЛИ ШИФОКОР, АНДРОЛОГ-СЕКСАПОТОЛОГ РАМАЗОН НАЗАРОВ .

ЛИБОСИНГИЗ ЎЗИНГИЗГА МОСМИ?
Ётоқхона эркак ва аёлнинг шахсий ҳудуди. Шундай экан, бу маконда жуфтингизнинг кўзларини қувнатадиган кўринишда бўлишингиз шарт! Этаги ерни «ўпадиган», бичими кенглигидан ичида «рақс» тушиш мумкин бўлган тунги либосларингизни ташлаб юборинг. Аҳир ёшингизга мос, бежирим ва кўзни яшнатадиганлари озми?! Уяласиз?! Мана шу биринчи хатонгиз.  Ваҳоланки, у сизнинг аксинча бўлишингизни истайди. Балки қарашларингизни ўзгартирарсиз...

ОДДИЙ ЭМАС!
Тўй кунининг илк висол оқшомини эслайсизми?  Юрак ҳапқириши, ҳаяжондан бошингиз айланиб, бутун баданингизга титроқ кирганичи, ёдингиздами? Аслида эркак ва аёлнинг яқинлиги доим ана шундай ёқимли ҳиссиётлар билан бошланиши керак. Бироқ турмушнинг иккинчи йилига келиб, бу масалага жуда оддий кўз билан қаралади. Мутахассислар эса турмушнинг хоҳ ўнинчи йили бўлсин, ҳоҳ ўн бешинчиси аёл ўзига оро бериб, ёқимли ифор билан хиссларни «қитиқлай» олса, эркак учун ҳамиша севимли бўла олади, дейишади. 

«ЖОНИМ» ДЕНГ,  ЖАҲОНИНИ БЕРАДИ!
Эркакнинг қизиқишини уйғотувчи усуллардан бири  эркаловчи сўзлардир. Турмуш ўртоғингиз жиддий инсон бўлса ҳам ёлғиз қолганингизда суйиб, эркалашингизни истайди. «Жоним», «Ҳаётим», «Борлиғим» шу каби сўзлардан фойдаланасизми? «Уят бўлар» деганингиз нимаси?! Иккингиз ёлғиз, ётоқхона деворларидан бўлак гувоҳ йўқ атрофингизда. Шундай экан, жуфтингиз сиз учун қанчалик азиз, қадрли инсон эканлигини кўрсатинг.

ИСТАКЛАРИНИ ТУШУНИНГ!
Яқинлик вақти жуфтингиз сиздан нима исташини биласизми? Бу муҳим вазифани эркакнинг гарданига ташлаб қўйиб, томошабин бўлиш билан кифояланманг-да. Унутманг, бу ўйиннинг икки иштирокчиси бор: у ва сиз! Хатти-ҳаракатларини тушунмасангиз, тортинмасдан сўрайверинг. Эркаклар бу мавзуда сўзлашишни исташади, ҳатто баъзи вақтларда аёлидан ташаббус кутишади. Эр-хотиннинг нозик муносабатларида ҳеч қандай сир, ҳеч қандай тушунмовчилик бўлиши керак эмас. Аксинча, ҳаммаси шунчалик шаффоф бўлсинки, бир-бирингизга нигоҳингиз тушиши билан нима истаётганингизни тушунинг. 

МАФТУН ЭТИНГ!
Эрингизга ҳеч рақс тушиб берганмисиз? Бу нима учун керак дейсизми?! Баъзи эркакларга айнан мана шу усуллар ёқади. Майли, рақс бўйича уқувингиз бўлмасин, тўй-ҳашамларда ҳам тортинчоқдирсиз. Ётоқда бунинг аксини қилиб кўрсангиз-чи?! Уяли телефон аппаратию, дўстлари билан ресторанларда томоша қиладиган араб раққосаларининг хиром айлаши жуфтингизни бефарқ қолдирмайди. Оғзининг суви «қочма»сидан, унга ўзи истаган онларни ҳадя этинг. Тўкис бахтингиз учун сиздан нима кетди?

«ҚОВОҒИНГИЗНИ ОЧИНГ!»
Ишонмасангиз, истаган эркакдан сўранг, «Аёлим кулиб турса бўлгани» дейишади. Ҳазил-мутойибасига жавобан қовоғингизни ўйсангиз, зарда қилсангиз, камига болалар ҳам сизга шерик бўлса, сизни бағрига босишни истаган қўллари ҳавода муаллақ қолади. Нозик муносабатлар тўғрисида-ку, яхшиси индамай. «Совуқ»  муомала эркакни узоқлаштиради. Майлини қайтаради. Шу пайт ташқаридан кимдир кўнглига қўл солгудай бўлса, суянгани сиз эмас «У» бўлади. Ўйлаб кўринг...

ЧИРОҚЛАР ЎЧИРИЛСИН!

«Қоронғуликдан қўрқаман! Чироқни ёқиб қўйинг.» Аксарият аёлларнинг бошланадиган дийдиёси шу. Аммо биргина гапингиз жуфтингизнинг жонланаётган тасаввурини йўққа чиқаради. Бу эса ўз навбатида эркакнинг етарлича қониқмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Ана ундан кейин сизни тергаса, ўзингиздан ўпкаланг. Ёруғлик нурини истайсизми, кичик шамдонлар сотиб олинг-да, ётоқхонангизни безатинг. 

ҚИЗИҚТИРИНГ...
Эр-хотиннинг жинсий муносабатлари тўғрисида қўлланмалар, танадаги эроген нуқталар жойлашуви, қай ҳолларда улар қўзғалади, қандай усуллар эркакни “жонлантиради” – булар ҳақида илмий нашрлар талайгина. Турмуш ўртоғингизнинг сизга эътибори камайганини сезсангиз, ўз устингизда ишланг. Оқила аёл, намунали келин ва яхши она бўлиш учун китоб варақлайсиз-ку! Ёрингизга ёқиш учун ҳам шундай қилсангиз нима бўлибди?! Ўрганганларингиз тўғрисида жуфтингиз билан фикр алмашинг. Бир-бирингизни яхшироқ тушуна бошлайсиз. У ҳам сиздаги ўзгаришни кўриб, муҳаббати аланга олади. 

Эрталаб...
Ўрта ёшли эркакларнинг майли асосан эрталаб, аниқроғи кундузи фаоллашади. Табиийки, аёл буни хушламайди. Чунки нонушта тайёрлаши, болаларни мактаб-боғчага ҳозирлаши, устига-устак ўзи ҳам ишга бориши керак. Хўш, қандай муроса қиламиз? Ҳар куни бўлмаса ҳам кунора, доимгидан эртароқ уйғонинг. Атиги бир соат олдин. Умр йўлдошингизга у истаган кайфиятни баҳшида этиш учун бир соатлик уйқингиздан воз кечоласиз-ку, тўғрими?! Ҳатто нозик «муомала» бўлмаса ҳам шунчаки суҳбатлашиш мумкин. Бу ҳам ўртадаги «девор»ни қулатади. 

ШИФОКОР ФИКРИ
Нилуфар БЎСТОНОВА, олий тоифали шифокор-гинеколог:

–  Жинсий яқинликнинг аёл организми учун фойдали жиҳатлари ҳақида кўп гапирамиз. Мен фарзанд кўришдаги аҳамияти тўғрисида тўхталмоқчиман. Яқинлик эр-хотин томонидан ўзаро ҳамфикрликда, иккисининг хоҳишига кўра кечиши фарзанд кўриш эҳтимолини оширади. Чунки, бунда жинсий қўзғалиш аёл организмини бўшаштиради, жинсий безлар қўзғалиб, гормонлар ажралиши фаоллашади. Тухум ҳужайрасининг етилиши, овуляция жараёни ҳам нормаллашади. Шу сабабли фарзанд кўришни режалаштирган оилаларга жинсий яқинлик вақти бир-бирингизга қулоқ тутинг, эр аёлининг кўнглига қарасин, аёл эса жуфтининг хоҳишини ўргансин деймиз. 

ЭРКАКЛАР НИМА ДЕЙДИ?
–  Ишхонамда ёш, чиройли аёллар кўп. Бари ўзига қараб, оро бериб юради. Кун бўйи атрофингизда гўзал қиз-аёллар бўлганидан кейин табиийки рафиқангизни ҳам ўзгача кўринишда истаркансиз. Аммо у буни тушунмайди. Ётоқ кийимининг янгисини олсанг-чи, десам, «ҳали охори тўкилмади, пул сарфлаб нима қиласиз?» дейди. «Хўп» деса, ҳар ой янгисидан олиб бераман-ку, аҳир.

–  Уйланганимга 8 йил бўлди. Рафиқамдан нолимайман, яхши аёл. Аммо яқинлик масаласида фикримиз бўлинади. Унга хатти-ҳаракатларим ёқмайди. «Ёшингизга яраша иш қилинг» деб шаштимни қайтаради нуқул. 

–  Аёлларни ранжитишни истамасдиму, лекин «чарчадим» деган сўзни камроқ айтишса яхши бўларди. Биламан, кун бўйи тиним билишмайди. Аммо биз ҳам улардан кам меҳнат қилмаймиз. Уйга келиб суйганингни эркалай дейсан-у, бола баҳонасида ўзи ҳам ухлаб қолганини кўрсанг, асабинг бузилади. 

–  Ширин сўз, эътибор ва меҳр! Менга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Хато-камчиликларига ҳам кўз юмаман. Яна мен билан суҳбатлашсин. Гоҳида соатлаб сўзлашишни истайман. Баъзан у буни рад этса, бошқаси бўлганида эҳтимол бундай қилмасмиди деб ўйлаб қоламан. 

–  Хотиним мени яхши кўрадими-йўқми билмайман. Ёлғиз қолганимизда жуда ҳам эшитгим келади. Бироқ саволимга жавобан «ҳалиям боласиз-а» деган таънани эшитаман. Ҳа, биз эркаклар аёлимизга болаларча эркалик қилишни истаймиз. Бунинг учун бизни айбламанг. 

МАРЖОНА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!