Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар тайинланди

08:29, 20 сентябрь

Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Уни Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев олиб борди, дея хабар бермоқда МОҚ матбуот хизмати.

Конференция йиғилишида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарлари, мураббийлар ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар федерацияси раҳбарлари иштирок этишди. Кун тартибидаги масалалар бўйича М.Алиев маълумот берди. У ўз сўзида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан 2013-2016 йиллар давомида Рио-2016 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш даврида камчиликларга йўл қўйилгани, энг аввало мураббийлар Кенгаши фаолият юритмаганлиги, ёш иқтидорли спортчиларни саралаш ишларига етарли даражада эътибор берилмаганлиги, айниқса федерация раҳбарияти мақсадли вазифалар қўймаганлиги сабабли мана шундай қониқарсиз натижаларга эришилганлигини таъкидлаб ўтди ва бу масалалар танқидий кўриб чиқилди.

Конференцияда давомида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Геннадий Пелих, рапира йўналишида терма жамоа катта мураббийи Ирина Васильева, шпага йўналишида терма жамоа катта мураббийи Руслан Кудаев, сабля йўналишида катта мураббий Нурали Носиров, яккама-якка кураш бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Шаҳрулло Маҳмудовлар сўзга чиқиб, мазкур спорт турини мамлакатимизда янада оммавийлаштириш, халқаро майдонларда юксак натижаларга эришиш йўлида ўз фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашишди.

Шунингдек, шу пайтгача қиличбозлик федерациясини бошқариб келган, хизмат кўрсатган спорт устаси Собир Рўзиев сўзга чиқиб бундан буёғига федерация ишини янги босқичга олиб чиқиш, спортнинг ушбу турини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида федерация раислигига Бош Вазир ўринбосари Адхам Икрамов номзодини илгари сурди. Конференция иштирокчилари ушбу таклифни бир овоздан қабул қилишди ва Адхам Илхомович Икрамов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раислигига сайланди. Ўз навбатида янги раҳбар Собир Рўзиевнинг бой тажриба ва ва катта маҳорат соҳиби эканлигини ҳисобга олиб унинг номзодини маслаҳатчи, Нодира Алимова номзодини эса бош котиб лавозимига таклиф этди. Бу борадаги қарор ҳам бир овоздан қабул қилиниб ҳар иккала мутахассис янги лавозимларда фаолиятларини давом эттирадиган бўлишди.

Конференция давомида шунингдек федерацииядаги мавжуд муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш, қиличбозлик спорт турини янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, спорт турини оммавийлигини ошириш, туман, вилоят ва Республика мусобақларини тизимли ўтказиш каби таклифлар киритилди. Ўз навбатида яқин келажакка федерация олдига катта мақсадлар қўйилди. 2020-йилги Токио олимпиадасига нафақат лицензияларни қўлга киритиш, балки совринли ўринларни эгаллаш ва медалларга сазовор бўлиш устивор вазифа сифатида белгиланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!