Шаҳло ва Акбар Атамухамедов: «Севги, бу — бахтнинг кутилмаган ташрифи»

10:16, 20 сентябрь

Бир кўришдаги муҳаббатга ишонмайдиган йигит маҳбубасини илк учрашувдаёқ телбаларча севиб қолганига нима дейсиз?! Ишқ юракларга сўроқсиз кириб келади, деганлари шу бўлса керак-да?! Лойиҳамиз иштирокчиларининг ҳаётий қиссаси ана шундай ажойиб ҳодисалар билан бошланган. Воқеалар бахтли ривожи билан эса Шаҳло ва Акбар Атамухамедовларнинг ўзлари таништиради. 

— Қўшиқларида муҳаббатни тараннум этувчи Акбар ҳаётда севгисини қандай топган?

Акбар: — Шаҳлони концерт дастурларининг бирида учратиб қолдим. Ўй-хаёли фақат ижод билан банд бўлган йигит учун юракда алланиманинг жиззилаши, бир тарафдан ёқимли, бир тарафдан янгилик эди. Чунки «Уни умуман танимайман, аммо кўрдим-у, севиб қолдим» дея минг ҳаяжон билан гапиришмасин, ишонмасдим-да. Хуллас, бу савдо бошга тушгач, Шаҳлонинг кўнглини олишга ҳаракат қилдим. Қаерда ўқиши, яшаш манзилини аниқладим. Ўзига билдирмай ўқиш жойига гуллар, совғалар юборардим. 

Шаҳло: — Мен эса гул юбораётган йигит кимлигини билмай, роса ўйланардим. Кундан-кун совға-саломлар кўпайиб боравергач, гул ташувчидан суриштирдим, Акбар деган қўшиқчи йигит экан. Тўғри, ҳар бир қиз бундай эътиборни орзу қилади, ўзини сир тутаётган ошиғининг туҳфаларидан қувонади. Аммо, барибир, ҳаммаси ғалати эди-да. Қолаверса, Акбар акани яхши танимасдим. Санъаткор эканлигини билардим-у, аммо ижодидан тамоман бехабар эдим. Талабалигимда билан вилоятларнинг биридаги тадбирга кетаётганимизда, биз билан Акбар ва яна бир хонанданинг боришини айтишганида, «Нега энди у?» деганим ҳамон ёдимда. Учрашувимиз тақдиримизга битилган эканки, айнан ўша сафар сабаб аввалига гуллар, севги изҳорлари, совчилик ва тўйимиз бўлди. 

Акбар: — Лекин совчиларни биринчи сафар қуруқ қайтаришган. Ота-онаси рози бўлишмаганди-да. «Санъаткор экан, сафарларда юради. Қизим ёлғизланиб қолади», дейишган. Тинимсиз уринишлардан кейин қайнота-қайнонамни кўндирганман. Мана, шу воқеаларга ҳам етти йил бўлибди. Мана энди уч нафар фарзандимиз бор. 

— Ҳақиқий севги инсонга бир марта берилар экан.

Акбар: — Бу ҳақиқат! Чин муҳаббатни фақат бир бор бошдан кечирасиз. Аммо уни қачон кўнглингизга ташриф буюришини билмаймиз. Шукр, менга ҳақиқий севгини ҳис этиш насиб этди. 

— Эр-хотиннинг дунёқарашлари бир-бирига ўхшаш бўлиши керакми? Нима деб ўйлайсизлар? 

Акбар: — Баъзи ҳолатларда ўхшашлик бўлгани яхши. Аммо бизда бундай эмас. Масалан, ҳозир уйда таъмирлаш ишларини бошлаганмиз. Жиҳозлар ранги, қаерда, қандай туриши кераклиги ҳақида сира бир тўхтамга келолмаяпмиз. Чунки иккимизнинг фикрлашимиз турлича-да. 

Шаҳло: — Шундай бўлса-да, барибир ечимни биргаликда топамиз. «Меники тўғри» деганча бир-биримизга зарда қилиш йўқ. Умуман, эр-хотин икки хил фикрлагани яхши, назаримда. Агар бир хиллик бўлса, муносабатлар қизиқарли бўлмаса керак. 

— Келишолмаган пайтларингиз ҳам бўлиб турадими?

Акбар: — Гоҳида. Аразлашиб, гаплашмай юрамиз. Аммо бу узоққа чўзилмайди. Ташаббусни қўлга олиб, мулоқотга киришаман. Қарабсизки, яна ҳеч нарса бўлмагандек, йўлимизда давом этамиз. 

— Сўзларингиздан Акбар, оилали бўлгач, ижоддан узоқлашди деган фикрда жон бордек туюлаяпти.

Акбар: — Йўқ, ундай эмас. 2008 йилда уйланган бўлсам, 2011 йилда «Чиройлисан», 2012 йилда «Муҳаббатим» номли қўшиқларим ва уларга ишланган клипларни томошабинлар эътиборига ҳавола этдим. Кўп йиллардан буён раҳбарлик қилиб келаётган «SADO» ансамбли билан бирга ижодий сафарларда бўлдик. Нафақат Республика миқёсида, балки хорижий давлатларда ҳам ўзбек санъатини намойиш этдик. Бу вақт ичида иккита мусиқий альбом тайёр бўлди. Танаффус ҳақида гапириш нотўғри, менимча. Ойнаи жаҳон орқали кетма-кет клипларингиз айланиб турса, «Ижод қилаяпти», дейишади. Агар бунинг акси бўлса, «Йўқолиб қолдими?» деб гап чиқаришади. Аслида эса санъаткорнинг ижоди бу билан ўлчанмайди. 

— Хонанда, актёр, бастакор, телебошловчи. Нега биттасини маҳкам тутмайсиз?

Акбар: — 1991 йилдан бошлаб хонандалик фаолиятимни олиб бораётган бўлсам, бутун диққат-эътиборим фақат шу йўналишга қаратилган. Актёрлик ва телебошловчилик эса санъат йўналишларида ўзимни синаб кўриш бўлган, холос. Аслида мен хонандаман. 

— Ижодингизни бошлаганингизга анча бўлибди-ю, аммо қўшиқларингизга ишланган клиплар саноқли.

Акбар: — Клип суратга олиш «SADO» ансамбли учун ҳақиқий «фожеа» (жилмайиб). Гуруҳдагилар яхши билишади, съёмкагача ҳар бир либос, ҳар бир образ, мусиқа, аранжеровка, рол ижросигача кўриб чиқаман. Баъзида ҳаммаси тайёр бўлиб қолганида, қўшиқнинг қайсидир қисми ёқмайди-да, қайтадан ишлаймиз. Кўпинча «Шўх қўшиқларга клип ишлайлик, тез оммалашади», деган таклифлар билдиришади. Аммо ўн йил олдин нима деган бўлсам, ҳали ҳам ўша фикримга содиқман: тўйбоп қўшиқ куйламайман! Бундай қўшиққа клип ишлаш ҳақида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмас! Омма эътиборига енгил-елпи нарсани ҳавола этишни истамайман. Билмадим, негадир бугун суратга олинаётган клиплар деярли бир хил. Мен эса кимнидир такрорлашни хоҳламайман. Ўзимга-ўзим қарши боришим қийин. Балки шунинг учун ҳам клипларим саноқлидир. 

Шаҳло: — Клип суратга олиш ишлари нафақат суратга олиш майдончаси, балки оила даврасида ҳам қизғин муҳокама қилинади. Акбар ака талабчан инсон. Бир ишни бошладими, охирига етмагунича асабийлашиб, тиним билмайди. Бундай пайтларда имкон қадар уларни тушунишга ҳаракат қиламан. 

— Саҳнадаги ижронгизда Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировга ўхшашга ҳаракат қилаётганингиз кўзга ташланади. 

Акбар: — Бу инсон — менинг устозим. «Ялла» гуруҳининг қўшиқларини тинглаб, катта бўлганман. ҳозир тўнғич қизим Мадина беш ёш. Шу пайтгача у бирор-бир хонанданинг қўшиғини севиб хиргойи қилганини кўрмадим. Менда эса бола пайтимдан Фарруҳ акага қалбимда ҳавас, улардек санъаткор бўлиш орзуси бор эди. Балки шунинг учун ҳам устозимга ўхшарман. Аммо бу ўхшатиш атайин қилинмайди, бир кишига астойдил ҳавас қилсангиз, ўзингиз билмаган ҳолда унга ўхшаб қоларкансиз. Фарруҳ Зокировга ўхшатишганида хурсанд бўламан, ғурурланаман. Шу боис ҳам қўл учида ижод қилолмайман. Маъсулият юки бор. 

— Фарруҳ Зокиров билан биргаликда куйлаган «Нидо» қўшиғингиз ва унга ишланган клип жуда омадли чиққан. 

Акбар: — Бу қўшиқнинг мусиқасини бир кечада ёзганман. Сўнгра шеър матнининг қораламасини тайёр қилиб, Фарруҳ акага кўрсатдим, маъқул келди. «Фақат сўзларини салгина юмшатиш керак», деганди. Ёш эдим-да, боланинг отасига бўлган мурожаатини жуда кескин ифодалаганман. Шунда шоира ва бастакор Шаҳнозга мурожаат қилдик. Унинг ёрдами билан шеър матнини қайта ишлаб, сўнг куйладик. Клип ғояси Фарруҳ акага шунчалик маъқул келганки, «Қўшиқни рус тилида ҳам куйлайсак-чи», дея таклиф билдирган. Шу билан қўшиқнинг иккинчи кўриниши ҳам тайёр бўлди. 

— Бу тарона сизнинг ҳаётингиздан олинган деган қарашларга нима дейсиз?

Акбар: — Буни ўзимга ҳам кўп бор айтишган. Аммо «Нидо» менинг ҳам, Фарруҳ аканинг ҳам ҳаёти эмас. Отасиз катта бўлаётганлар тақдири, кечмишини кўриб, таъсирланиб ёзганмиз. Агар қўшиқ оиласи, фарзандларини аро йўлга ташлаб кетаётган ақалли битта эркакнинг юрагига етиб борган бўлса, уни бу йўлдан қайтишига ундаса, демак, меҳнатимиз бекор кетмабди. Қўшиқ ютуғи ҳам шунда. 

— Клипда оиласини ташлаб кетган эркакнинг ёшлигини ижро этиш қандай бўлган? 

Акбар: — Қийналганман. Чунки роль учун ўз тушунчаларим, дунёқарашларимга қарши чиқишимга тўғри келган. Аниқ биламан, клипдаги «эркак» ўрнида бўлганимда, оиламни ҳеч қачон ташлаб кетмасдим. Мен учун фарзандларим ҳамма нарсадан қадрли, уларга бўлган меҳримни ҳеч ким билан бўлиша олмайман.

Тўғри, оиламда болаларим тарбияси билан кўпроқ онам ва рафиқам шуғулланишади. Иккиси ажойиб «мураббий». Уйга келганимда, фарзандларимнинг усти бут, қорни тўқ, одоб-ахлоқи жойида эканлигини кўриб, кўнглим таскин топади. Онам ва аёлимдан миннатдор бўламан. Ахир эркакнинг хотиржамлиги ҳам шунда-да. Ота сифатида ўғлим ва қизларимни ортиқча тергамасликка ҳаракат қиламан, ҳамма нарсани ётиғи билан тушунтираман. Мадина қизим бувиси билан дарс тайёрлашни ёқтиради. Фарруҳ эса ҳали кичик, уни бирор машғулот билан банд қилмай турибмиз. Жамила эндигина икки ёш бўлди. 

— Қизларингиз отасининг эркатойи бўлишса керак?

Акбар: — Қизларим кўпроқ онаси ва бувисига эркалик қилишади. Ўғлим эса кўпроқ мен билан гаплашади. 

— Ота қизларига нималарни ўргатиши керак, сизнингча?

Акбар: — Ҳар бир бўйи етган қиз бўлажак турмуш ўртоғида отасидаги каби фазилатларни излайди. Шундай экан, ота энг аввало ўрнак бўла оладиган, қизлари ҳавас қилса арзийдиган инсон бўлиши керак. Қизларимга меҳрибон, куйинчак, ҳақгўй ва масъулиятли бўлишни ўргатишни истайман. 

— Ниятингизга етинг. Оилангизга тинчлик-хотиржамлик, ижодингизга ривож тилаймиз!

Акбар: — Раҳмат! 

Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!