Ўғил бола саломатлигига доир 5 муҳим қоида

10:29, 20 сентябрь

Уролог шифокорларнинг фикрича, эркакни бутун умри давомида қийнайдиган жинсий муаммолар болалигидан бошланади. Афсус, уларнинг аксарияти фарзанд саломатлигига бепарволик туфайли рўй беради. Мухлисларимиз ўғил фарзанд парваришида бу каби хатоларга йўл қўймасликлари учун бу ҳақда тегишли тавсияларни берамиз. Мавзу юзасидан шифокор-уролог Улуғбек ЭРГАШЕВ маълумот беради. 

1.  Жинсий аъзоларни исиб кетишдан асранг. Ҳозирги кунда бу энг катта муаммо. Негаки, фарзандларимиз туғилганидан то 2 ёшга тўлгунига қадар куну тун памперсда юришади. Оналар учун қанчалик қулай бўлмасин, шў вақтида алмаштирилмаган таглик жинсий аъзоларнинг қизишига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса боланинг мояклари учун хавфли. Худди шу ҳолат оналарнинг болага ҳаддан зиёд иссиқ кийимлар кийдириши оқибатида рўй беради. Кундузи болага памперс кийдириш шарт эмас. Уни чилла даврида тўсишга ўргатсангиз, бас, памперс тақишга эҳтиёж қолмайди. Шу йўл билан фарзандингизни икки нохуш дард – баланопостит (моякларнинг яллиғланиши) ва энурез (сийғоқлик)дан сақлаган бўласиз. 

2.  Гигиенага риоя қилинг. Албатта, ҳар бир она чақалоқнинг парваришлашнинг умумий қоидаларини билади. Аммо ўғил боланинг жинсий аъзолари парвариши ҳақида ҳамма ҳам хабардор эмас. Ўғил боланинг жинсий аъзоси усти тери билан беркитилган бўлади. Агар она боланинг аъзосини бир кунда 3-4 мартагача илиқ сувда совунлаб ювмаса, жинсий аъзо учини ёпиб турувчи тери остида зарарли бактериялар йиғилиб, у ерда кучли яллиғланиш рўй беради. Бу эса бир қатор сийдик йўллари касалилкларига туртки бўлади ҳамда келажакда ўғилчангизнинг насл қолдириш қобилиятига таъсир қилади. Бундай бўлмаслиги учун болани ҳар уч соатда остини иссиқ сувда яхшилаб ювиш ва сочиқчада артгач, очиқ ҳавода иштонсиз бироз қолдириш фойдали. 

3.  Тор кийимлар кийдирманг. Бу айниқса ички кийимларга тегишли. Аксарият оналар ўғил фарзандларига тор “плавка” ёки шортик кўринишидаги ички кийим кийдиришади. Улар жинсий аъзони сиқиб, моякларнинг яхши ривожланишига тўсқинлик қилади. Натижада жинсий аъзода қон айланиши бузилади. Оналаримиз ўғилларига халқ орасида “оилавий” деб номланган бўкса ва мояк соҳасини сиқиб турмайдиган кенг ички либос кийдиришлари, унинг 100 фоиз пахтадан тайёрланганини ва ювилганда ўчмаслигига аҳамият беришлари керак. Албатта, ювилгач унга дазмол босишни ҳам ёдда тутиш зарур. 

4.  Шикастланишдан асранг. Мактаб ёшидаги болалар “уруш-уруш” ўйнаш пайтида бир-бирларига шикаст етказишлари табиий. Кўп ҳолларда бола ўйин билан бўлиб, айнан қайси жойига зарб етганини эсламайди ҳам. Лекин қорин остига тушган кучли зарб кейинчалик уруғ тушишининг қийинлашуви, жинсий заифликка олиб келиши ҳеч гапмас. Кўп ҳолларда бу шикастлар сийдик пуфаги соҳасида бўлади. Оғрик қучидан бола ҳушидан кетиши ҳам мумкин. Болага тенгдошлари билан ўйнаганда қорин остига урмасликни ва ўзини ҳам бундай ҳарблардан ҳимоялаш кераклигини уқтиринг. Борди-ю, бундай ҳолат рўй берган бўлса, бола оғриқдан шикоят қилса, зудлик билан шифокор-уролог ёки андрологга мурожаат қилиш зарур. 

5.  Юқумли касалликлардан эҳтиёт қилинг. Ўғил бола учун айниқса ёшликда кўп учрайдиган паротит (тепки) касаллиги хавфли саналади. Агар фарзандингизда бу касаллик кузатилса, терапевт билан бир қаторда уни уролог кўригидан ҳам ўтказинг. Чунки тепки боланинг тухумларини зарарлаб, уни нобуд қилиш хусусиятига эга. Ҳар куни бемор боланинг жинсий аъзоларини текширинг, мояклари қизарган ёки шишганлигига алоҳида аҳамият беринг. Бундай ҳолатда шифокор буюрган микробга қарши дори воситалар ёрдамида касалликни даволаш мумкин.

Бола вояга етаётган пайтда уни яна бир нохуш касаллик кутиб туриши мумкин. Гап ўғил болаларда учрайдиган варикоцеле касаллиги ҳақида кетмоқда. У жинсий аъзодаги пастга тортувчи оғриқ, моякнинг катталашуви билан ифодаланади. Бу касалликни зудлик билан жарроҳлик усули қўллаб даволаш талаб этилади. Агар муолажа вақтида бажарилмаса, касаллик боланинг буйрагига, вояга етганида эса эрлик қувватига жиддий таъсир қилиши мумкин. Шундай экан, касалликни олдини олиш муҳим саналади. Касалликнинг олдини олиш учун болада ич қотишига йўл қўймаслик,  оғирликлар кўтаришдан сақлаш, сийдик йўллари касаликларидан асраш зарур. 

Ушбу бешликка риоя қилинса, ўғил бола саломатлигидаги кўпгина нохушликлардан сақланиш мумкин. Асосийси, фарзандингиз саломатлигига доир ҳар қандай ўзгаришларга бепарво бўлманг. Ўз вақтида пайқалган ҳар қандай касалликнинг олдини олиш мумкин.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА ёзиб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!