ВВ кремлар – тонал воситанинг 4 сири

15:01, 20 сентябрь

Косметика воситалари сотиладиган дўконни айланиш аёл кишига ўзгача завқ бағишлайди. Шундай эмасми? Айниқса, гўзаллик борасидаги янгиликлардан хабардор бўлиш жуда мароқли. Агар расталарда кўзингиз BB ёзувли кремга тушса, ажабланиб юрманг. Бу ҳозирги кунда урфга айланиб бораётган воситалардан бири ҳисобланади. Хўш, унинг бошқа сафдошларидан устунлиги нимада?  Саволларимизга жавоб топиш мақсадида косметолог Маҳбуба МАМАНОВАга юзландик. 

BB cream нима ўзи? 
Ўша, қадоғига катта қилиб «BB cream» деб ёзиб қўйилган воситадан худди тонал кремга ўхшаб, пардозингизга асос сифатида фойдаланасиз. Қадоқдаги ВВ қисқартмаси эса «Blemish Balm Cream», яъни нуқсонларни яширувчи малҳам дегани бўлиб, юздаги камчиликларни силлиқлаш хусусияти туфайли уни ҳатто «фотошоп крем» деб ҳам айтишади. Агар шу кунгача терингизга мос тонал кремни тополмай қийналиб юрган бўлсангиз, ВВ кремларда бундай муаммога дуч келмайсиз. Улар асосан тўрт рангда бўлиб, тери рангига мослашиш хусусияти туфайли ортиқча муаммо туғдирмайди. Шунингдек, агар тонал кремлар фақат камчиликларни ниқоблаган бўлса, ВВ кремлар юз терисини юмшатади, оқартиради, ултьтрабинафша нурлардан ҳимоялайди ва албатта, теридаги доғ, қизариш, шўралаш каби нохушликларни беркитади.    

Қандай танланади?
Дунёдаги энг яхши ВВ крем терингизга идеал даражада мос келгани ҳисобланади. Бу кабисини топиш учун эса бир қанча тажрибалар ўтказишга тўғри келиши мумкин. Сизга маслаҳат сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бугунги кунда шарқий Осиё мамлакатларида ишлаб чиқарилган ВВ кремлар мутахассислар эътирофига сазовор бўлмоқда. 

Фойдаланиш 
ВВ кремларни ҳам ҳудди тонал асос сингари тоза юзга оз-оздан суртиб, сўнг уқалаш чизиқлари бўйлаб тенг тақсимлаб чиқилади. Ҳа, айтгандек, машхур стилистлар восита анча қуюқ бўлгани учун уни бармоқлар ёрдамида суртишни таъкидлашмоқда. Чунки қўл тафтидан чиқаётган иссиқлик таъсирида крем бироз суюлиб, фойдаланиш анча осон кечади. Юзга суртганингиздан кейин ранги рангингизга тушмай нотабиий кўриниш хосил қилса, ҳафсалангиз пир бўлмасин, воситанинг чиннакам мўъжизасини таҳминан 10 дақиқалардан кейин кўришингиз мумкин бўлади. ВВ кремларнинг яна бир афзаллиги шундаки, ундан кейин упа ёки қўшимча воситалардан фойдаланиш шарт эмас. Ёғли тери соҳибалари эса юзлари ялтираб кўринмаслиги учун упадан фойдалансалар ҳам бўлади. 

Пардозни ювиш 
Крем анча қуюқ бўлгани туфайли юздаги тешикчаларга кириб қолиши мумкин. Шу сабабдан макияжни ювишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун эса махсус восита – гидрофил мойи ишлаб чиқилган. Агар қўл остингизда гидрофил мойи бўлмаса, аввал косметик сут ёрдамида, сўнг гель ёки косметик кўпик билан, ундан кейин эса тоник ёрдамида юзни пардоз воситаларидан тозалаб олинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!