Ўзбекистонда “ICTWEEK Uzbekistan – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бошланди

15:22, 20 сентябрь

Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилди. 

Тадбир доирасида 21-23 сентябрь кунлари Тошкент ва Наманган шаҳарларида анъанавий “ICTExpo – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари миллий кўргазмаси бўлиб ўтади. Унда ахборот хизматлари бозорида тақдим этилаётган энг замонавий тизим ва технологиялар намойиш этилади. 

Ҳафталикнинг муҳим воқеаларидан бири бўлган “ICT Forum – 2016”да ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасини янада ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари муҳокама этилади. Жорий йилда мазкур форумда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи компаниялар вакиллари, экспертлар ва хорижий мутахассислар – жами 800 дан зиёд киши иштирок этади. Унда мавзуга оид 8 йўналишда 100 ортиқ маъруза тақдим этилади. 

Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида талаба ва ўқувчилар ўртасида ўтказилган “BestSoft Challenge – 2016” дастурчилар танлови ғолиблари ҳам тақдирланади. Ёшлар ижод саройида эса “Intellect2All” танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтади. 

Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимиз жамоалари танловнинг 30 миллион сўмлик мукофот жамғармасига сазовор бўлиш учун ўзаро баҳслашади. 

Шунингдек, ахборот хавфсизлиги бўйича Ўзбекистонда дастлабки “Cyber Security Challenge Uzbekitan” мусобақаси ҳам бўлиб ўтади. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 97 нафар финал иштирокчиси стеганография, криптография, веб-боғланиш ва дастурий таъминот билан боғлиқ мураккаб техник вазифаларни бажаради. Тошкент ахборот технологиялари университетида талабаларга нафақат лаборатория машғулотларини ўтказиш, балки илмий ишларни бажариш имконини берадиган Huawei компанияси лабораториясининг очилиш маросими ўтказилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!