Мевали пишириқларнинг 7 сири

16:15, 20 сентябрь

1.  Мевали пирог пишираётганда меваларни бандидан тозалаб, озроқ ун билан аралаштириб олинг. Сўнгра хамирга қўшсангиз, шарбати ажралмайди.

2.  Оширма хамирли булочка тайёрлаяпсиз. Начинка сифатида бирор мевани танладингиз. Меваларни хамир ичига қай тариқа жойлаштирсангиз ҳам муҳими четини зичлаб тугинг. Йўқса шарбати ажралиб кетиши мумкин. Шарбати ўзида қолса, пишириқ янада мазали бўлади. 

3.  Мевали пишириқларни ҳар доим қиздирилган газ печининг ўрта ҳароратига қўйиш керак. Баланд ҳароратга қўйилса, пишириқ юзасига тез қизариб, ичидаги меваси ҳисобига хамир яхши пишмайди.

4.  Оддий (начинкасиз) пирогни ҳам мева таъми билан бойитиш мумкин. Бунинг учун таъм берувчи ванилиндан фойдаланинг. Пишгач эса қулупнай, маймунжон таъмли тайёр глазурни ишлатинг. Ранги ҳам, мазаси ҳам манзур бўлади. 

5.  Нонуштага мевали блинчик тайёрлашга нима дейсиз?! Анъанавий усулда блинчик хамирини тайёрлаб, ичига мева пюресини солинг. Масалан, қулупнайни блендерда эзғилаб, қанд упаси билан аралаштиринг. Сўнгра блинчик ичига суртинг-да, узунасига ўраб чиқинг. Қанд упасидан безак ўрнида фойдаланишингиз мумкин.

6.  Творог ва мева! Бу иккисидан жуда мазали  пишириқ тайёрлаш мумкин. Аммо бир шарти бор: пирог коржи устига аввал творог+тухум+шакарли аралашмани солиб, пишириб оласиз. Шундан кейин исталган мевани творог устидан териб, яна газ печига қўйишингиз мумкин.

7.  Энг оддий десертлардан бири бизе ва мевадан тайёрланади. Тўрт дона тухумни миксерда кўпиртириб, 1 стакан шакар билан аралаштиринг. Пишириқ қоғози солинган патнисга исталган шаклдаги бизе кўриниши ҳосил қилинг. Паст оловда 2 соат пишган бизени иккига ажратиб, орасига қаймоқли крем ва мева бўлакларини қўясиз. Ярим соат музлатгичда турса, оғизда эрийдиган десерт бўлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!