Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ангрендаги боғча, бозор ва иқтисодий объектларни кўздан кечирди

20:49, 20 сентябрь

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида 20 сентябрь куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиш жараёни билан танишиш мақсадида Ангрен шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф чоғида у “Ангрен” махсус индустриал зонасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, у мазкур ҳудудда конвейер тасмалари, қишлоқ хўжалиги шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг амалга оширилиш ишлари билан танишди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 100 минг метр конвейер тасмалар, 200 минг қишлоқ хўжалиги шиналари, 3 миллион автомобиль шиналари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. 2015–2018 йилларга мўлжалланган лойиҳа 1200 иш ўрни яратиш имконини беради.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Ангрен” кўмир конда кўмир қазиб олиш ва етказиб бериш ҳамда “Ўзбеккўмир” АЖни техник жиҳозлаш ишлари билан танишди.

Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев шаҳардаги 24-сонли мактабгача таълим муассасасининг фаолияти билан танишди ҳамда Ангрен шаҳар деҳқон бозорига ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ангрен шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш, уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари билан танишди. Хусусан, мактабгача таълим муассасаси, деҳқон бозорини бориб кўрди. 

Учрашувларда аҳоли учун қулай яшаш шароитларини, ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш, коммунал хизматларни яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш, замонавий истироҳат ва дам олиш боғларини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишга доир долзарб масалалар муҳокама қилинди. 

Шаҳар фаоллари йиғилишида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти ҳамда мустақилликка эришиш, юрт равнақини таъминлаш, тинчлик ва халқ фаровонлигини мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари алоҳида таъкидланди. Унинг узоқни кўзлаган сиёсати натижасида Ўзбекистон замонавий саноатга эга мамлакатга айланди.

Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ангрен” индустриал зонасида 11 та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда. Йил охирига қадар яна 7 та янги ишлаб чиқариш корхонасини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Ангрен шаҳри ижтимоий инфратузилмасини модернизациялаш масалалари таҳлил этилди. Шаҳар ҳокими, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар берилди. 

Шунингдек, бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!