Паралимпиячиларимиз Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди(Фото)

10:03, 21 сентябрь

Бугун, 21 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Паралимпия терма жамоасини тантанали кутиб олиш маросими ташкил этилди.

“Olamsport” нашрининг хабар беришича, паралимпиячиларимиз жой олган самолёт тонгги соат 06.15да Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди. Паралимпия терма жамоамиз ҳам худди Олимпиадада иштирок этган спортчиларимиз сингари катта тантана билан кутиб олинди.

Эътиборлиси, тантанали маросимда айнан Риода ўтган Олимпия ўйинларида совриндор бўлган спортчиларимиз ҳам ҳозир бўлишди. Улар орасида Руслан Нуриддинов, боксчиларимиз Ҳасанбой Дўсматов, Муроджон Аҳмадалиев, Шаҳрам Ғиёсов, Рустам Тўлаганов, курашчимиз Ихтиёр Наврўзов ва бошқа чемпион ва совриндорларни кўришимиз мумкин эди.  

Шунингдек, кутиб олиш маросимига санъат олами вакиллари ҳам ташриф буюришди. Спорт ва санъат уйғунлигини шундан ҳам кўриш мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида 5та спорт турида 32 нафар спортчи билан иштирок этган паралимпиячиларимиз якунда тарихий натижани қайд этишганди. Ана шу 32 нафар спортчимиз мусобақада жами 31та медални қўлга киритган эди.

Медаллардан 8тасининг олтин эканлиги ҳар биримизга фахру ифтихор бахш этади. Шунингдек, терма жамоамиз ҳисобида яна 6та кумуш ҳамда 17та бронза медали ҳам бор. Якунда паралимпиячиларимиз 16-ўринни эгаллашганди.

Ушбу натижаси эвазига Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Хитойдан сўнг иккинчи поғонани банд этди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса Украинадан сўнг иккинчи ўринни эгалладик. Украина умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!