“Ўзбеккино” сценарий лойиҳалари танловини эълон қилди

10:08, 21 сентябрь

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги 2017 тематик иш режасини шакллантириш мақсадида турли жанрлар бўйича бадиий, ҳужжатли ва мултипликацион филмларга мўлжалланган адабий сценарийлар лойиҳалари учун танлов эълон қилади.

Танловга юбориладиган лойиҳаларда қуйидаги ғоялар ишонарли ва юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

юртимизда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқлар, ижтимоий-маърифий жабҳаларда рўй бераётган улуғвор ўзгаришлар;

миллатимизга хос эзгу фазилатлар, шунингдек, чуқур тарихий илдизларга эга бўлган қадриятларимиз улуғворлиги;

ёшларимизнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишлари, маънавий-маърифий эҳтиёжларини қондиришлари, ватанпарварлик ва халқпарварлик тушунчаларини, умумбашарий ва миллий қадриятлар мазмун-моҳиятини теран англаб етиши учун хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;

азалдан халқимиз учун муқаддас бўлмиш оиланинг ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини эканлиги;

ўзбек халқига хос бўлган кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш цингари эзгу қадриятлар, шунингдек нуроний отахон ва онахонларнинг ибратли ҳаёти акс эттирилган бўлиши;

она Ватан ва халқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган, адолат ва эзгуликни мардона ҳимоя қилаётган, ёвузлик ва хиёнатга муросасиз, эътиқоди мустаҳкам, қатъиятли ва ғурури баланд замондошлар образи ўз ифодасини топиши лозим.

Шунингдек, ўзининг эзгу фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлаётган замондошларимиз сиймоси акс эттирилган ҳамда бой маданий-тарихий меросимиз, халқ оғзаки ижоди (эртаклар, масаллар, достонлар, маталлар) намуналари асосида ёзилган, шунингдек, болалар аудиторияси учун мўлжалланган сценарий лойиҳалари ҳам танловга қабул қилинади.

Танловда кинодраматурглар, ёзувчи-шоирлар билан биргаликда сценарий ёзиш борасида етарлича тажрибага эга бўлган барча хоҳловчи ижодкорлар иштирок этишлари мумкин.

Танлов 2016 йил 30 октябрга қадар давом этади. Ғолиб деб топилган сценарий лойиҳалари агентликнинг келгуси йил тематик режасига киритилади ва улар асосида бадиий, ҳужжатли ва мултипликатсион филмлар учун адабий сценарийлар ёзиш учун муаллифларга буюртмалар берилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!