Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Францияда намойиш этилмоқда

11:55, 21 сентябрь

Франция пойтахти Париж шаҳрида 20 сентябрь куни “IFTM Top Resa – 2016” халқаро сайёҳлик кўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон туристик салоҳияти кенг намойиш этилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида туризм соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда ички ва халқаро туризм тобора кенгайиб, сайёҳлик оламининг янги-янги йўналишлари кашф этилди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий туризм инфратузилмаси ва дам олиш масканларида йўлга қўйилган юксак сифатли хизматлар сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. 

“IFTM Top Resa” дунёдаги энг йирик ва нуфузли халқаро кўргазмалардан. Маълумотларга қараганда, бу йил мазкур кўргазмада АҚШ, Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Бразилия, Россия, Беларусь, Вьетнам, Ҳиндистон, Исроил, Эрон ва бошқа мамлакатлардан бир ярим мингдан зиёд сайёҳлик фирма ва компанияси ўз хизматларини таклиф этмоқда. Кўргазма сайёҳлик саноатининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. 

Париждаги “Porte de Versailles” кўргазмалар мажмуида ўтказилаётган нуфузли туризм форумидан жой олган “Ўзбекистон” миллий стенди ўзига хос янги дизайни, безаклари ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчилари эътиборини тортмоқда. Унда мамлакатимиз тарихий обидалари, халқимизнинг миллий анъана ва қадриятлари акс этган. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига оид ранг-баранг маълумотлар, халқ ҳунармандлиги буюмлари ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотмоқда. 

“IFTM Top Resa – 2016” халқаро кўргазмаси жаҳон жамоатчилигини мамлакатимиз сайёҳлик саноати имкониятлари билан кенг таништириш, хорижнинг сайёҳлик компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки ва кўп томонлама манфаатли шартномалар тузиш, туристик бизнес ривожининг тенденцияларини аниқлаш, жаҳон сайёҳлик бозоридаги янгиликлар ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиш, бу борада ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради. 

“Ўзбектуризм” миллий компаниясидан маълум қилишларича, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонасида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти мавзусида тақдимот ўтказилган. Тадбирда икки мамлакат туристик ташкилотлари ўртасида битимлар имзоланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!