"Даракчи" ошхонасидан кечки таом учун рецептлар

15:16, 21 сентябрь

Олмали кекс
Мазасига кафолат берамиз!

Зарур масаллиқлар (16 кишилик): хамирига: 175 гр. ун, 150 гр. шакар, 4 дона тухум, 2 та олма, 4 ош қошиқ нон талқони, 3 ош қошиқ намланган майиз, 1 ош қошиқ асал, 2 чой қошиқ юмшатгич (разрыхлитель), 1 чой қошиқ долчин. Глазурига: 100 гр. қанд упаси, 3 ош қошиқ майдаланган бодом, 2 ош қошиқ лимон шарбати, ярим ош қошиқ асал.

Тайёрланиши: 1. Олмаларни пўстидан тозалаб, қирғичдан ўтказинг-да, нон талқони қўшинг. Тухумнинг сариғини оқидан ажратиб, шакар ва асал билан кўпиртиринг. Ун, долчин ва юмшатгични аралаштиринг. Кейин тухум сариғили аралашмани қўшиб, майизни ҳам солинг. Аралашмага кўпиртирилган тухум оқини қўшиб, хамир тайёрланг. Хамирни ёғланган, нон талқони сепилган қолипга солиб, 35 дақиқага 180 даражада қиздирилган газ печига қўйинг.

2. Қанд упасини лимон шарбати билан аралаштиринг. Асални ҳам қўшиб, глазур тайёрланг. Кекс устига глазурни суртиб, майдаланган бодом мағзи сепинг. Кексни 1 соат газ печининг ўзида совутинг.
Тайёрланиш вақти: 2 соат.

«Фантазия» салати
Ортиқча вақт ва масаллиқ талаб қилмайди!

Зарур масаллиқлар (4 кишилик): 200 гр. колбаса, ярим стакан сметана, 1 тадан қизил ва яшил булғор қалампири, 1 бош пиёз, 2 бўлак саримсоқ пиёз, 1 ош қошиқ узум сиркаси, кўк пиёз, қизил мурч, туз.

Тайёрланиши: 1. Булғор қалампири ва колбасани сомонча, пиёзни ҳалқа шаклида тўғранг. Саримсоқ пиёзни эзиб, масаллиқларни аралаштиринг.
2. Сметанани сирка, туз ва мурч билан аралаштириб, соус тайёрланг.
3. Соусни салатга солиб, майдаланган кўк пиёз сепиб, дастурхонга тортинг.
Тайёрланиш вақти: 15 дақиқа.

«Зарафшон» таоми
Балиқ гўштидан янгича овқат

Зарур масаллиқлар (4 кишилик): 750 гр. судак балиғи гўшти, 6 та помидор, 6 бўлак саримсоқ пиёз, 2 ош қошиқ зайтун ёғи, петрушка, райҳон барги, туз, мурч.

Тайёрланиши: 1. Помидорларни айлана шаклида тўғраб, туз, мурч сепинг.

2. Кўкатларни майдалаб тўғраб, зайтун ёғи билан аралаштиринг.

3. Саримсоқ пиёз бўлакларини майдалаб тўғранг. Зайтун ёғли аралашмага қўшиб, устидан помидорларни солинг-да, 200 даражада қиздирилган газ печига 5 дақиқага қўйинг.

4. Судак балиғи гўштини ўртача бўлакларга бўлиб, туз, мурч сепинг. Кейин помидорлар устидан уларни ҳам териб чиқиб, 30 дақиқага газ печига қўйинг. Пишгач, газ печидан 15 дақиқа олмай туринг.

Тайёрланиш вақти: 1 соат.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!