Болакай таомномасига қараб феълини билинг

17:06, 21 сентябрь

АҚШлик олим Алан Хирш 25 йил давомида катталар ва болаларда таъм ажратиш хусусияти бўйича илмий иш олиб бориб, ҳар бир инсон у ёки бу турди маҳсулотни хуш кўриши организм билан узвий боғлиқ деган хулосага келади. Фарзандингиз соғлиғи, қолаверса характери ҳақида билишни истасангиз қуйидаги маълумотларга диққат қилинг. 

•  Тузламалар, шўр егуликлару печеньеларни ёқтирадиган болалар характер жиҳатдан ўзига ишончи суст бўлади. Ёмғир ёғаётганда соябондан фойдаланиб, манзилга етиб олиш ўрнига, об-ҳаво яхшиланишини кутиш улар учун тўғри ечимдир. Бундай болакай билан ўз устида ишлашга ундовчи машқларни бажариш лозим. Организмида эса жиддий муаммо йўқ. Фақатгина натрий ва минерал тузлар етишмаяпти, холос. 

•  Ўсмир ёшидаги ўғил-қизингиз таомга аччиқ соус ёки кетчуп аралаштиришга одатланибдими, демак нафас йўллари, қон босими ёки юрак фаолияти билан боғлиқ ўзгариш кузатилиши мумкин. Диққат қилинг. Характерига хос бўлган қатъиятни эса «бўғманг». Аскинча, ҳар бир ишда унинг фикри муҳимлигини намойиш этаверинг. 

•  Агар болангиз дам шўр, дам ширин нарсани сўраса, моддалар алмашинуви билан боғлиқ ўзгариш бўлишига ишора деб билинг. Бу вазиятда шифокор кўрсатмаси асқотади. Аҳамият берган бўлсангиз, фарзандингиз катта давраларни хушламайди. Хоҳишига қарши борманг. Киришимли бўлмаса-да, истеъдоди туфайли танлаган касбида мувафаққиятга эришади. 

•  Ҳар бир болакай шоколадни жон деб ейди. Аммо мунтазам шоколад сўраши болада асабийлик, жиззакилик борлигини билдириши мумкин. Чунки бу ширинлик таркибида айнан асабни тинчлантирувчи моддалар бор. Шоколадхўр болангизнинг келажаги порлоқ, аммо баъзи вақтларда беқарорлиги тутиб қолади. Ана шу ҳолатга сергак бўлсангиз, кифоя. 

•  Булочкаларни ёқтирадиган болалар тартибли, гапга қулоқ соладиган, аълочи бўлишади. Бироқ ота-онасининг «айтишувлари» депрессияга тушиб қолиши учун сабаб бўлиши мумкин.

•  Қайнатилган картошкани туз билан ейишни ёқтирадиган ёки  картошка чипсларини канда қилмайдиганлар эса «тепса тебранмас» хилидан. Бундай болаларни қаттиққўллик билан йўлга солишга уринманг. Яхшиси феъл-атворини ўзгартириши мумкин бўлган мисоллар келтириб, тушунтиринг. Саломатлиги борасида эса меъда фаолиятига диққат қилинг. 

•  Гўштли таомларни хушловчи болакайлар табиатан фаол, уддабурон ва вазиятга қараб, айёр бўлишади. «Ушлаган еридан қўймас»лиги келажакда асқотиши мумкин. Соғликларига келсак, томоқ оғриқлари ва шамоллаш ҳолатларига эътибор беринг. 

•  Фарзандим овқат танламайди дея, хурсанд бўлманг. Чунки бу ҳам феълидан дарак беради. Бундай болалар кўпинча қарор қабул қилишга қийналишади, ғояларини юзага чиқаришдан ҳадиксирашлари ҳам панд бериб қолади. Соғликларида жиддий ҳавотир бўлмаса-да, кайфият ўзгарувчанлиги кузатилиши мумкин. Имкон қадар фарзандингизнинг истагидан келиб чиқиб, овқат тайёрланг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!