Жуфтингиз учун идеал аёлга айланишнинг 30 чораси

10:07, 22 сентябрь

Йигит ва қиз ҳаёт йўлларида учрашди, бир-бирига кўнгил қўйди, турмуш қурди… Вақт ўтиб, улар бир-бирига кўникиб қолганини тушунишди, негадир ҳаёт зерикарлидек кўрина бошлади. Ҳикояни шу ерда тўхтатиб, зудлик билан бу оилани сақлаб қолиш чораларини кўрмаса бўлмайди! Албатта, эрни «Сиз мени севмайсизми? Бошқасини топиб олдингизми?» каби охири кўринмас саволлар билан тергов қилиш керак эмас. Бу яхшиликка олиб келмайди. Лекин қуйидагиларни қўллаб кўриш мумкин...

1. «Вақт машинаси»ни ишга солинг!

Ҳатто агар дўст ва танишларингиз сизни идеал жуфтлик деб ҳисобласа-да, бир-бирингиздан хафсалангиз пир бўладиган кунлар ҳам учраб туриши мумкин. Шундай пайтларда биргаликдаги энг бахтли, қувончли онлар қаёққадир ғойиб бўладию кўзингизга фақат камчилигу нуқсонлар кўринаверади. Нима қилиш керак? Умумий хотираларингизни ёрдамга чақиринг. Хаёлан «вақт машинангиз»ни ўт олдиринг-да, шу инсонни жонингиздан ортиқ севган бахтиёр дамларга қайтинг. Сўнг худди шу завқли ҳисларни сақлаган ҳолда ҳозирги замонга қайтинг!

2. Хатоларни такрорламанг!

Жуфтингиз билан ўртангизда кўнгилсизлик юз берган бўлса, буни таҳлил қилиб кўринг. Муносабатларга ойдинлик киритаётганда қандай йўл тутишингизни ўзингиздан сўраб кўринг. Одатда жуфтликлар жанжаллашганда уларнинг ўзини тутиши (ўзимизни худди аразлаган боладек тутамиз), сценарий бир хил, фақат «мазмун» турфа. Бу вазиятда воқеалар ривожини бемалол «башорат қилиш» мумкин: биз «портлаймиз», кейин ўзимизни хафа қилдириб қўйганимиз учун ўзимиздан ҳам жаҳлимиз чиқади.

Хўш, нима қилиш керак? Аслида жанжал ёрдамида ўзимизга жуфтимизнинг эътиборини қаратишга эришишни хоҳлаймиз. Бироқ энг яхши йўл: «Энг яхши жанг — бошланмаган жанг» нақлига амал қилинг. Одат тусига кириб қолган «стратегия»нгиздан воз кечинг — «ҳужум қилманг». Эркак кишига ўзингизнинг ҳақлигингизни исботлашингиз шарт эмас, шунчаки нима демоқчилигини тушуниш учун уни тингланг (ҳатто у ноҳақ бўлган вазиятларда ҳам). Ва шунчаки тушунишга эмас, нимани ҳис қилаётганини сезишга ҳам ҳаракат қилинг.

3. Бир хилликдан қочинг!

Энг катта «душманингиз» — ҳамиша «очиқ китоб»лигингиз. Яъни жуфтингиз сизни ТЎЛИҚ билади. Бугун қанақалигингиз, эртага, ҳатто бир йилдан кейин қандай бўлишингизни жуда яхши билади ва бир хил ҳаётдан тез зерикади.

Нима қилиш керак? Бир пайтлар Коко Шанель шундай деган: «Аёл ўз жуфтининг ҳаётида ягона бўлишни истаса, мунтазам ўзгариб туриши керак». Бу «қоида» фақатгина имиджга тегишли эмас. Жуфтингиз бир хилликдан зерикмаслиги учун ўзингизни ҳам ўзгартириб туринг. Масалан, ўрни келганда жажжи қизчадек бўлингки, у бошингизни силасин. Вақти келса, эндигина танишган пайтларингиздагидек бўлинг, у руҳлансин. Ўрни келганда ҳаётнинг турфа ўйинларига қарши кучлилигингизни ҳам намоён этингки, у сиздан фахрлансин. Энг асосийси, битта ҳолатда узоқ вақт «қотиб» қолманг, уларни ўзгартириб туринг!

4. Турмуш ўртоғингизни қандай бўлса шундайлигича қабул қилинг!

Турмуш ўртоғингизнинг у ёки бу камчиликларини ўзгартираман деб, уни ўз идеалингизга айлантиришга уринаверманг. Камчилик ҳаммамизда бор. Ҳар сафар унинг камчиликлари кўзингизга ташланганида ўзингизникини ҳам эсга олинг. Унинг ўзингизга маъқул бўлмаган одатларига сабр билан ёндошинг. Ёдингизда бўлсин, паспортингиздаги муҳр — сизга жуфтингизни ҳар қанақасига ўзгартириш ҳуқуқини бермайди. Агар эркак ўзи хоҳлагандек бўлиши учун тинмай сизни танқид қилаверса, ўзингизга ёқармиди? Севгилингиздан ўз идеалингиздаги эркакка айланишни талаб қилманг. Эътиборингизни фақат унинг камчиликларига қаратаверманг.

5. Ишончли бўлинг!

Ўзингизни шундай тутингки, турмуш ўртоғингиз нафақат қувончли кунда, оғир дамда ҳам ёнида эканингизни, сизга суяна олишини, билсин. Ўзи ҳам айбдорлигини ҳис этиб турган пайтда баттар айблайвермай, уни қўллаб-қувватланг.

6. Ўзингизни севинг!

Ўйлаб кўрганмисиз, агар ўзингизни ўзингиз яхши кўрмасангиз, буни бошқалардан талаб қилишга ҳаққингиз бормикан? Ўзини яхши кўрмайдиган аёлни эркак ҳам яхши кўради, деб бўлмайди. Бу ўринда муҳаббатдан кўра манфаат устунлик қилади. Бундай аёл билан яшаш қулай, лекин текин хизматкор, ошпаз, энагага айланиб қолган аёлга нисбатан туйғуларни муҳаббат деб аташ қийинроқ. Шунинг учун ўзингизни қадрланг, ташқи кўринишингиз, ички оламингизни мунтазам равишда яхшилаб боринг.

7. Кутиб олиш «маросими»

Аксарият эркаклар кечки пайт ишдан очиққан, ҳорган ҳолда қайтади. Уларнинг истаги битта: дам олиш. Ана шу истак амалга ошишида жонбозлик кўрсатсангиз, сиздан яхшиси йўқ! Ким учундир бу оддий туюлар, аммо жуфтингиз учун идеал аёлга айланиш йўлида энг майда жиҳатларга ҳам эътибор қаратмасангиз бўлмайди. Ҳар қандай эркак учун тоза, шинамлик ва сокинлик ҳукм сурган, ўзи интиқлик билан кутилаётган уйга қайтиш ҳамиша ёқимли! Шунинг учун эрингизнинг ишдан қайтишини байрамона кутиб олинг: болаларни ювиб-таранг, озода кийинтиринг, отаси келганда салом бериб, яхши кайфиятда кутиб олишларини тайинланг. Ўзингиз ҳам овқат ҳиди ўрнашиб қолган кийимларингизни тоза, чиройлисига алмаштириб, сочларингизни турмаклаб, пардоз-андоз қилган ҳолда табассум билан қарши олинг. Бу умр йўлдошингиз ҳақида ўйлаётганингиз, унга ғамхўрлик қилаётганингиз белгиси. Шунда эрингизнинг ўзи ҳам уйга тезроқ қайтиш пайида бўлади!

8. Ўзаро суҳбат

Кечки пайт эрингиз остонадан кириши билан «маъруза»ни бошламанг. Шундоғам чарчаб келган пайтда бу унга ёқмаслигини табиий қабул қилинг. Аввал уни овқатлантиринг, кейин нима гапингиз бўлса аста-секин айтинг. Фақат ҳеч қачон суҳбатни норозилик оҳангидаги «сиз билан гаплашиб олишимиз керак»дан бошламанг.

9. «Бермоқ» ва «олмоқ». Мувозанатни билинг!

Агар ҳар доим эвазига ҳеч нима талаб қилмасдан ҳаммасини ўз зиммангизга олсангиз-у, шундайлиги учун ўзингизни «қурбон»дек ҳис қилсангиз, бунинг охири хайрли бўлмайди. Чунки бунинг учун жуфтингизнинг бўйнига қарздорлик ҳиссини илаверсангиз, охир-оқибат унда бу «юк»ни ортиқ кўтариб юришга куч қолмайди, сизнинг ҳаётингизни тарк этиш истаги пайдо бўлади. Ва аксинча, жуфтингиздан ҳадеб нимадир талаб қилаверсангиз ҳам охири вой бўлиши мумкин. Шундай экан, «олинг» ва қайтаришни унутманг, «беринг» ва ўзингиздан олишларига ҳам имкон беринг.

10.  Бир томонлама қизиқиш

Баъзилар биргаликдаги ҳаётнинг тахминан биринчи йилидан кейин эрига ҳақиқий дўст, ишончли ўртоқ бўлишга, фақатгина у қизиққан нарсаларга қизиқишга ҳаракат қилади. Бир қарашда беозоргина туюладиган бу истак вақти келиб муаммолар манбасига айланиши мумкин. Амалиётда кузатилишича, ҳар доим фақат бир томоннинг қизиқишлари муҳокама қилинаверса, қисқа фурсатда суҳбат зерикарли тус олиши ҳеч гап эмас.

11. У фикрларингизни ўқишни ўрганмаган бўлса…

«Агар у мени севса, демак, менга нима кераклигини ўзи топиши керак!» Орамизда шундай фикрлайдиганлар кўп. Бу фикрнинг мантиқий хулосаси ҳам сизга таниш: «тополмадими, демак, мени севмай қўйган!» Бу фикр жуфтликлар муносабатига рахна солади.

Қанчалик қийин бўлмасин, «ўзинг топ» «ўйини»ни ўйнамасдан, жуфтингизга истагингизни очиқ айтмасангиз-да, ишора беринг. Фақат бу мурожаатингизни айблов нутқига айлантириб юборманг. Сизнинг вазифангиз жуфтингизни танқид қилиш эмас (бундан вазият баттар ёмонлашади), ўзингизга айнан нима муҳимлигини сўзлаб бериш.

12. Ўз устида ишлаш

Жуфтига ёқиш учун аёл ўзгариб туриши керак. Ҳар куни, ҳар ҳафта бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса баъзида. Ташқи кўринишингизда ниманидир (соч турмаги, пардоз ёки кийиниш услубини) ўзгартиринг. Сизни ёшартириб кўрсатадиган ва ўзига хослигингизга урғу берадиган буюмларни танланг. Қоматингизни олдинги адл ҳолига қайтариш учун балки гимнастика билан шуғулланиш, тренажёр залига бориш ёки парҳез тутиш керакдир. Ёдингизда бўлсин, ташқи жозибадорлик — ўз устингизда ишлаш маҳсули.

13.  Бир-бирингизга эътиборли бўлинг!

Эҳтимол бунинг учун шунчаки иккингизнинг ҳам вақтингиз етмас? Лекин бир-бирингиз учун вақт ажратмасангиз ҳам бўлмайди. Онда-сонда бўлса ҳам иккингиз бирор дам олиш масканига ёки дала ҳовлига боринг. Бунинг ҳам иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаса, уйда иккингиз қолинг. Болаларни бувисиники юборинг, барча ишларни бир четга суриб қўйинг. Ва ёлғиз қолганингизда тасаввур қилингки, бир-бирингиз билан эндигина танишгансиз. Шунда бир-бирингизда яхши таассурот қолдиришга уринасиз, бу ижобийлик эса муносабатларингиз мустаҳкамлигига кўчади.

14. Муҳаббат — тарбиянинг асоси!

Тан олайлик, биз аёллар деярли ҳамма нарсага танқидий назар билан қараймиз, идеалимизга етишишни истаймиз. Эркаклар эса ҳаётга реалроқ қарайди. Буни улардан ўргансак арзийди. Жуфтингиз ўзини сизга ёқмайдиган тарзда тутса, дарров уни айблашга тушмай, муносабатларингиздаги ёрқин, кўнгилни кўтарадиган вазиятлар ҳақида ўйланг. Энг асосийси, ҳеч қачон уни севишдан тўхтаманг. Чунки муҳаббат — тарбиянинг асосининг асоси!

15. Оқила бўлинг!

Эркаклар аёллардаги тўрт хислатни жуда қадрлашади ва улар оила мустаҳкамлигининг асосини ташкил этади:

1. аёл жуфти ҳалолига садоқатли бўлиши;

2. уни ҳурмат қилиши;

3. унинг ишларига кўмаклашиши;

4. унинг қариндошларини ҳурмат қилиши керак.

Агар аёл бу тўрт қоидаларга амал қилса, бундай оила бахтли ҳаёт кечиради. Оилада ўзаро муносабатлар яхши бўлса, эркак ҳам жамиятда муваффақиятларга эришади, ишлари юришади. Шу боис ҳам оиласи мустаҳкамлиги учун аёл оқила бўлиши шарт.

Шунингдек…

16. Турмуш ўртоғингизнинг ёнида ҳамиша хуш кайфиятда бўлинг.

17. У билан баҳслашманг, ёнида бошқалар билан сен-менга борманг.

18. Уни мақтанг, ақл-заковати, ташқи кўринишини эътироф этинг.

19. Ҳеч қачон жуфтингизга қўпол муомалада бўлманг. Ширинсўз бўлинг.

20. Севгилингизнинг ишлари, касби билан қизиқинг. Буни ҳаммасидан юқори қўйишингизни билдиринг, ўзингизнинг ишингизни иккинчи планга қўйинг. Ундан маслаҳат сўраб туринг.

21. Турмуш ўртоғингизга ота-онасини жуда қадрлашингизни айтинг. Уларга алоҳида эътибор қаратинг.

22. Жуфтингизга нисбатан ақлли кўринишга уринманг. У сизнинг мустақил қарор қабул қила олиш қобилиятингиз борлигини, аммо суянчиғингиз айнан ўзи эканини билсин.

23. Ўз қадр-қимматингизни ҳеч қачон йўқотманг, у қаерда бўлса ортидан қувлайверманг.

24. Ҳар қандай инсон каби эркак киши ҳам вақти-вақти билан ёлғиз қолишни истайди. Шунинг учун гоҳ-гоҳида беэътибордек, ҳафсаласиздек кўринса, бунинг учун уни айблайверманг.

25. Меҳнатсеварлиги, олижаноблиги, сизга бўлган муҳаббатига нисбатан ишончини оширинг.

26. Унга нисбатан хушмуомала, меҳрибон бўлинг ва қанчалик қадрлашингизни тез-тез такрорлаб туринг.

27. Ҳеч қачон ҳеч нимани юзига солманг, гина қилманг. Эътирозингизни ҳам чиройли тарзда билдиришга ўрганинг.

28. У бирор совға ёки пул берса, бундан хурсандлигингизни албатта билдиринг. Норози бўлаверсангиз, кейин «менга совға бермай қўйган» деб ўпкалаб юрманг. Унинг эътиборидан қанчалик қувонишингизни ўзи кўриб, англай олса, бу ўзига нисбатан баҳосини ҳам оширади.

29. Суҳбатлашаётиб, гапни бошқа мавзуни буришни билинг. Бу кўнгилсиз гаплардан қочиш имконини беради.

30. «Эркак кишининг юрагига йўл ошқозон орқали» деган гапга амал қилиб, пазандалик маҳоратингизни ошириб боринг. Лекин бирор сабаб билан қорни тўқ ҳолда уйга қайтса, «атайлаб сиз учун пиширгандим, ейсиз энди» деб уни бунга мажбурламанг. Акс ҳолда пазандалигингизга соя солган бўласиз.

Хуллас, шундай аёл бўлингки, оқилалигингиз туфайли турмуш ўртоғингиз учун бир умр идеал аёллигингизча қолинг ва оилангиз ҳамма ҳавас қиладиган даражада мустаҳкам бўлсин!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!