Ўзбекистон термаси ҳужумчиси Игорь Сергеев ФИФА эътирофида

11:43, 22 сентябрь

Жаҳон чемпионати саралаши, Осиё қитъаси баҳслари доимо бизга ёрқин футболчиларни тақдим этган. Бу сафарги саралаш баҳсларида ҳам бир қатор жамоаларда ўз жамоаларининг етакчилари пайдо бўлганини гувоҳи бўлмоқдамиз.Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари, Осиё қитъаси баҳслари айни дамда қизғин паллага кирди.

ФИФА расмий сайти мазкур саралаш кампаниясида ўзини кўрастишга улгурган ва жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланаётган футболчилар ҳақида мақола эълон қилди.

Аҳмад Ҳалил, БАА.

Клуби: “Ал Аҳли”, БАА

Таъкидлаш жоиз, Аҳмад Ҳалил айни дамда ўз терма жамоасининг ҳақиқий етакчиларидан бирига айланди. “Ал Аҳли”нинг 25 ёшли ҳужумчиси мазкур саралаш кампаниясини юқори савияда бошлади ва терма жамоасининг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. Илк маротаба 2009 йили бўлиб ўтган ФИФА U-20 ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзини кўрсатган истеъдодли ҳужумчи ўшанда ўз терма жамоасининг чорак финалга қадар етиб боришига катта ҳисса қўшган эди.  Ўтган йили Осиёнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган футболчи терма жамоа сафида ёрқин ўйинлар намойиш этишда давом этмоқда. Айнан унинг ажойиб ўйини эвазига БАА терма жамоаси ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи илк турида Сайтамада Японияни мағлубиятга учрата олди. Ушбу тарихий ғалабадан сўнг БАА терма жамоаси футболчилари Россия бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати сари катта қадам ташлашди. Саралаш баҳслари стартидан буён 13та гол киритган ҳужумчи бу борада фақат Саудия Арабистони терма жамоаси футболчиси Муҳаммад Ал Саҳлавийдан ортда қолмоқда.  Айнан Аҳмад Ҳалилнинг ажойиб формаси ва тўпурарлик қобилияти БАА терма жамоасига 28 йиллик танаффусдан сўнг Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этиши мумкин.

Сон Хён Мин, Жанубий Корея

Клуби: “Тоттенҳэм”, Англия

Сон Хен Мин айни дамда Жанубий Корея терма жамоасининг асосий юлдузига айланишга улгурди. У ўз ёш тоифасида қитъа миқёсида ўз номига эга бўлган футболчилардан биридир. Шу билан бирга, у Европада ҳам аллақачон ўз номини танитишга улгурган ёш юлдузлардан биридир. Жанубий Корея терма жамоасининг саралаш ўйинларидаги энг яхши футболчиси гол уриш борасида ҳам ҳозирча 6та гол билан терма жамоа аъзолари орасида етакчилик қилмоқда. Хитойга қарши 3-саралаш босқичининг илк ўйинида ҳам деярли бир ўзи жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади. Сон Хен Мин Сурияга қарши иккинчи  ўйинда майдонга туша олмади ва жамоа сафарда дуранг натижа қайд этди. Аммо, Қатарга қарши навтабдаги ўйиндан олдин ҳужумчи майдонга тушишга тайёр ва Жанубий Корея терма жамоаси “Тоттеннҳэм” ҳужумчисидан кўп нарса кутмоқда.

Сардор Азмун, Эрон

Клуби: “Ростов”, Россия

Тўп билан ажойиб муомала қиладиган ва ҳаводаги курашларда ажойиб ўйин намойиш қиладиган 21 ёшли ҳужумчи бугунги кунда Эрон терма жамоасининг асосий юлдузига айланишга улгурди. Эрон терма жамоаси сафида Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубогида порлаган ҳужумчи айни дамда терма жамоа сафида Жаҳон чемпионати саралаш ўйинларида ёрқин ўйин намойиш этмоқда. Саралаш баҳсларидаги сўнгги 5та ўйинда 7та гол урган Азмун Эрон терма жамоасининг мазкур саралаш кампаниясидаги энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Истеъдодли ҳужумчи ўзининг ёрқин ўйини ва тўпурарлик қобилияти билан Эрон терма жамоасига Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этишига кўпчилик ишонмоқда.

Игорь Сергеев, Ўзбекистон

Клуби: “Бейжин Гуоан”, Хитой

Ҳудди Аҳмад Ҳалил сингари Игорь Сергеев ҳам ўз номини U-20 ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати баҳсларида танитишга эришган.  Ўшанда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси айнан унинг икки голи эвазига жаҳоннинг энг кучли 8та жамоаси қаторига кирган эди. Бунгача, истеъдодли ҳужумчи 2012 йилги Осиё чемпионатида ўзини кўрсатишга эришган ва 7та гол билан U-19 ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати тўпурари бўлган эди. Айнан ўша Осиё чемпионатида Сергеев кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлган ва келажаги порлоқ футболчилардан бири сифатида эътироф этилган эди. “Пахтакор” сафида сўнгги 4 мавсумда жами 97та ўйинда 51та гол урган ҳужумчи бугунги кунда анча тажриба орттирди ва терма жамоада ҳам асосий футболчилардан бирига айланди. Катта ва муҳим ўйинларда тобланган ҳужумчи бугун терма жамоанинг асосий ҳужумчиларидан бири ва ундан терма жамоанинг умиди катта. Айни дамда Сергеев 4та гол билан терма жамоанинг саралаш баҳсларидаги тўпурари бўлиб турибди ва терма жамоа Жаҳон чемпмионати саралашида муваффақиятли иштирокини давом эттирмоқда.

Массимо Луонго, Австралия

Клуби: “КПР”, Англия

КПР ҳамда Австралия терма жамоаси футболчиси 2015 йилда Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубогида ўзини танита олди. Турнир давомида Австралия терма жамоасининг энг етакчи футболчиларидан бири бўлган ва муҳим голлар урган футболчи якунда Австралияга Осиё чемпиони номини қўлга киритишига энг катта ҳисса қўшган эди. Турнир якунига кўра 21 ёшли футболчи ҳақли равишда турнирнинг энг яхши футболчиси номини қўлга киритган эди. Австралия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш баҳсларини ҳам муваффақиятли бошлади ва саралаш ўйинларида ҳозирча 3та гол киритиб терма жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлиб турибди. Жуда тезкор ва рақибларини тезкорлик билан алдаб ўта оладиган истеъдодли футболчи Австралия терма жамоасининг ҳужум чизиғида айни дамда етакчлик қилмоқда.

Такума Асано, Япония

Клуби: “Штутгарт”, Германия

Такума Асано мазкур саралаш кампаниясида атиги икки учрашувда майдонга тушган бўлса ҳам, Япония терма жамоасининг бугунги кундаги энг ёрқин ўйинчиларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Таиландга қарши ЖЧ-2018 3-саралаш босқичи 2-тур учрашувида айнан унинг ажойиб ўйини эвазига Япония ғалаба қозонди ва ушбу саралаш босқичидаги илк ғалабасини қўлга киритди. Такума Асано Япония терма жамоаси сафида халқаро ўйинларда тажрибага эга бўлмаса ҳам, ундаги юқори потенциал ва ёрқин истеъдод терма жамоага катта фойда келтириши мумкин. Қолаверса, 2016 йилги Олимпиада ўйинларида ҳам ҳужумчи ажойиб ўйин намойиш этган эди. Мавсум аввалида “Арсенал” томонидан сотиб олинган ҳужумчи кейинчалик, Германиянинг “Штутгарт” жамоасига ижарага берилди. Уни “Арсенал”га таклиф этган Арсен Венгер эса, футболчини келажаги порлоқ,, ёш ва истеъдодли футболчи дея таърифлаган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!