Байрам арафасидаги жиноят

10:12, 23 сентябрь

- Шу ерда яшайдими? – Муҳаммад анқайиб борарди.

- Ўзим ҳам энди келиб турибман, - деди Олим пиллапоялар бўйлаб кўтариларкан. – Ҳар доим кўча юзидан олиб кетардим. Ҳеч уйига таклиф қилмаган.

Иккаласи темир эшик қаршисида тўхтади. Олим тапилатиб, туфлисининг чангини қоққан бўлди, Муҳаммад қўлидаги пакетларни тўғрилаб  қўнғироқни босди.

- Ким?! – ичкаридан уларга таниш овоз жаранглади.

Муҳаммаднинг юраги музлади, ахир бу овозни эшитмаганига эҳ-ҳей, қанча бўлди. Илк хизматга келган вақтларида бу овоз унинг учун ўта ваҳимали ва совуққон туюлган. Мана – ҳозир ҳам ўша туйғу юрагини қамради.

Эшик очилиб, Зиёд ака кўринди – юз терилари бироз осилган, соқол-мўйлови ўсиб, хийла  оқаргани буткул кўзга ташланади. Олимининг кўнглидан нохуш бир туйғу «йилт» этиб ўтди. Ахир бир вақтлар оёғидан ўт чақнаган, ҳеч кимни тан олмаган Зиёд ака мана шундай, бироз хонаки, толиққан, ҳаётдан совиган одамга айланибди. 

- Ие, икковинг-ку! – Зиёд аканинг юзида ўзгариш бўлмади, совуққон. – Ўзини билган одамлар аллақачон ариқда думалаб ётибди, сенлар нима қилиб юрибсанлар?

Икки изқувар довдиради.

- Келувдик, - деди Олим. – Янги йил билан табриклагани…

Зиёд аканинг юзида ўзгариш пайдо бўлди.

- Ҳа, шундай демайсанларми? Пакетни бу ёққа узат!

Муҳаммад кўришиш учун бўш қўлини узатмоқни ният қилиб турганди, бўлмади, пакетни тутди. Олим ҳам бақрайган.

- Киринглар, келган бўлсаларинг, - деди Зиёд ака. – Албатта мен ёш бола, сенлар қорбобо эмас, янги йил билан табриклагани, лекин хурсандман. 

Икки изқувар ҳайрон-ҳайрон ичкарига кирди. Пакетни олиб, бир четга қўйган Зиёд ака улар билан қучоқлашиб кўришди-да, ортига бақирди:

- Хотин, дастурхонни ҳозирла, меҳмон келди.

Устознинг юзи ёришган, бундан икки меҳмон ҳам хурсанд. Мезбон бошчилигида учаласи кенг хонага ўтишаётганда, ошхонадан ёши элликка яқинлашган, тўладан келган аёл бўйлади. Олим сўрашишгаям улгурмай, Зиёд ака хотинига мақтанди:

- Мени сўраб келишибди… Маслаҳат сўраб… 

Муҳаммад билан Олим хонага кириб кетар маҳали аёлнинг гаплари қулоғига чалинди:

- Ҳа, «ана келади, мана келади», деб бир йилдан бери кутасиз, ўзиям.

- Биз шошаётувдик, - деди Олим кеннойининг гапидан ўзини бироз ноқулай сезиб. – Оворагарчилик шарт эмас.

- Овора бўлганда, қўй сўярмидим? – Зиёд ака хонтахта қаршисидаги жойга ишира қилди. – Ўтирамиз… Кеча байрамдан кўп овқат қолган... Хўш, бўлимда нима гаплар? Биз пенсияга кетиб, умуман жиноят содир этилмаяптими, дейман-да, - гап бошлади Зиёд ака хонтахта қаршисида жойлашиб олишгач, нон синдирар экан.

- Бўп турибди, - деди оҳиста Олим.

- Қандай очаяпсанлар? – Зиёд ака ҳайратланди.

- Ҳар доимгидай, - деди Олим.

- Гапирасан-ку… Сенларни билмасам экан… - мезбон менсимайроқ гапирди. –Бир йиллик жиноятни тўплаб, энди келаётгандирсанлар-да, маслаҳатга?

Зиёд аканинг ўзига хослиги шундаки, унинг гапига хафа бўлинмайди. Олим енгил табассум қилди. Бу маҳал кеннойи чойнак-пиёла билан кирди. Зиёд ака уларни қўлидан оларкан, Олимга ўгирилиб, сўзлади:

- Қани, бир бошидан айтавер-чи, ҳаммасини очиб ташлаймиз. Мени биласан-ку… 

Олим нима дейишни билмай, довдиради. 

- Топширилган жиноятларнинг очилмагани  йўқ, - деди Муҳамммад.

Зиёд ака ўгирилиб, хотинига боқди:

- Қаққаймай, бориб, мураббо, асаллардан олиб кел… Кеча қази қолувдими? Шуниям келтир… 

Икки изқувар бошқа ўй-фикрда, устоз билан ақдан-бақдан гаплашамиз, янги йил билан табриклаймиз, деб келган. Зиёд ака ўтган бир йил давомида умуман ўзгармабди, ҳамон ўзини катта тезкор вакил ҳисоблайди, чамаси. 

Хотини чиққач, Зиёд ака Олимга ўқрайди ва маломат оҳангида сўради:

- Наҳотки, бирорта ҳам очилмаган жиноят қолмаган? 

Олим ташаббусни қўлга олди:

- Бор, очилмаган ишлар бор… 

Зиёд аканинг юзи ёришди.

- Куни кеча бир жиноят бўлган, - дедим этди Олим. – Ғалати жиноят.

- А, биз-да, ғалати жиноятларни очадиган… Хўш?!

- Воқеа бундай бўлган… Бир йигит таксига ўтириб, дўконга борган. Дўконда ҳайдовчи ҳам тушган. Иккаласи ўн одим юрганда, йигит ҳайдовчига машинада курткаси қолганини айтиб, калитни олиб, кийимига кетган ва машинани ўғирлаган…

- Машина ўғирлаган собиқ жиноятчилар билан гаплашиш керак, - ҳовлиқди Зиёд ака. – Менда уларнинг рўйхати, телефонлариям бор!

Олим совуққон давом этди:

– Йигит машина билан бозорга тушган. Растадан кўп нарса савдо қилиб, сотувчига «пулни машинадан олиб бераман» деб…

- Э, бу фирибгарлик… Пулини тўламай, ўғирланган машинада қочган… Демак… демак олдинги жиноятниям транспорт воситасини олиб қочиш, деб эмас, фирибгарлик деб квалификация қилиш керак.

Зиёд аканинг ҳовлиқиши Олимга ёқмади.

- Қизиқ томони, йигит машинани сотувчига гаровда қолдириб, харид қилинган нарсаларни таксига юклаб, кетворган.

- Ҳиммм, - устоз ўйланди. – Қайга кетган?

- Уйига бўлса керак – Муҳаммад соддалик билан жавоб берди. 

У устознинг саволи жавоб талаб қилинмаслигини тушунмаган эди.

- Мен бориб, шахсан воқеа жойни кўрмасам бўлмайди, гувоҳлар билан гаплашмасам, жиноятни очолмайман, - деди Зиёд ака ва шарт ўрнидан турди. – Кетдик, охирги марта жиноят қандай очилишини амалда кўрсатаман.

Икки изқувар бир-бирларига боққанча, ўринларидан турди. Ҳолбуки Олим ҳали пиёладаги чойини ҳам ичиб улгурмаган эди.

Йўлакда уларга қўлида ликопча тутган кеннойи рўпара келди:

- Вой турибсизлар-ку?! Овқат қилаётган эдим.

- Овқат - келаси йил, - деди Зиёд ака. – Биз жиноят очгани кетяпмиз… 

***

Орадан кўп ўтмай, икки изқувар ва устоз учаласи катта дўкон қаршисида турарди. Зиёд ака шу ердаги автотураргоҳнинг ўртасида туриб, атрофга суқ билан боқади. Икки изқувар икки ёнида бошлари хам, индамайди.

- Бирор далил қолмабди-да, - деди Зиёд ака нимадир дейиш кераклигини тушуниб.

- Биласиз-ку фирибгарлик жиноятларини фош этишда кўпинча воқеа жойининг аҳамияти бўлмайди, - деди Олим ва қўли билан кўрсатди. – Машина ҳув анави ерда тўхтаган. Иккаласи тушиб, мана бу томонга юрган, эшик ёнига етганда йигит ҳайдовчидан калитни олиб, ортга қайтган. Ҳайдовчи эшик ёнида уни кутиб қолаверган.

- Мен жабрланувчилар билан гаплашаман, - Зиёд ака машина томон юрди. 

Муҳаммад Олимга савол назари билан боқди. 

- Ўзимам ҳайронман, - деди Олим у нима демоқчилигини тушуниб. – Бу одамни аралаштиришимиз тўғри бўлмадими дейман? Лекин, кўрмаяпсанми? Уйига ташлаб кетсак, хафа бўлади.

- Нега ўйланасанлар, юринглар, - деди Зиёд ака ҳув нарига бориб, ўз жойларида қаққайиб қолган шогирдларига ўгирилиб. - Минг қарғага бир кесак, деган экан машойихлар, ҳозир ўзим жиноятларингни очиб бераман. 

Ноилож қолган изқуварлар устозларини олиб, машина эгасиникига жўнадилар.

...- Наҳотки калитни индамай бериб қўявердингиз? – Зиёд ака машина эгасига бақрайиб сўради.

У машинаси йўқолиб-топилгандан хурсанд бўлибми, кечаси билан ўйин-кулги қилган, чамаси, кўзлари қизариб, Зиёд акага боқиб турарди.

- Кечаги масала, жиноятчини қидиряпмиз, - деди Олим.

- Нега қидирасиз? – машина эгаси тушунмади. – Машина топилган.

Бу гап Зиёд акага ёқмади, тўмтайиб, унга маломат қилди, ҳайдовчи ўзини оқлади:

- Қайдан билибман машинамни олиб қочишини? Йўлдан олувдим… Бозорга кирмоқчи экан, мен ҳам шу ёққа бораётувдим. Калитни қандай бериб юборганимни ўзим ҳам билмаман… 

Зиёд ака асабийлик билан қўл силтади:

- Э, кетдик… Бўлмади, бозорга ўтамиз…

Олим эса шошилмади.

- Қайдан олдим, дедингиз? 

Ҳайдовчи жойини айтди.

- Нима деб минди машинага? 

- Бозоргача савдо қилди… Кейин йўлда мен дўконга бормоқчилигимни эшитиб, униям шу ёққа боргиси келиб қолди. 

- Оқибатда барибир бозоргача борган, - деди Олим ўзича.  – Мақсади қатъий экан.

***

Қирқ ёшлардаги сотувчи раста ортида ўтирибди. Бозорда ундан бошқа уч-тўрт киши бор, холос.

- Байрам ҳам татимади, - деди сотувчи. – Янги йил арафасида тўрт-беш сўм ишлаб оламан, деб умид қилувдим. Анави номардга йўлиқиб, бозор касод бўлди.

- Тўрт-беш килога шунчами? – Зиёд ака менсимай сўзлади. – Биламан-ку, сен бозорчиларни, оталарингниям нархини қўшасанлар, аллақачон зарарни қоплаб олгандирсан.

Бунақа муомалани кутмаган сотувчи довдиради, кўзларини мўлтиратиб Олимга боқди.

- Нақ уч миллион сўмлик юкини бериб юборган…изоҳ киритди Олим.

Зиёд аканинг кўзлари чақнади:

- Наҳотки?! 

- Билмасам, ишонтирди-да, ресторанда ишлайман, бугун зиёфат уюштиряпмиз, деди…

- Қанақа сотувчисан, жиноятчини кўзига қараб билмадингми? – Зиёд ака бошқа томондан «ҳужум» қилди.

- Очиқ, самимий йигит экан. Авраб қўйганини билмабман… «Пулим машинада қолди, бориб олиб бераман, бирга юринг», деди. Кўп нарса савдо қилди, нархига талашмади… Ҳаммасини бир аравачага юклаб, кўчага чиқдик. Машинаси йўл четида экан…Оқ «Спарк. Ўшанда машина ўзиники деб ўйлабман-да… Йигит, машинани титкилаб, пулни тополмай, калитни менга тутқазиб, «машина гаровда қолади, мен тез бориб, юкни официантларга бераман-да, пулни олиб қайтаман», деди. Шошаётган экан.

- Таксини топиш керак, - ҳовлиқди Зиёд ака. 

- Кўрганим йўқ, юкни аравачада олиб кетди, аравачини эса билмайман, - елка қисди сотувчи.

- Топамиз, эртага топамиз, - деди Муҳаммад.

Зиёд ака ўқрайди. Муҳаммад у ноқулай вазиятга тушиб қолгани, бу ёғига на бир режаси ва на фикри борлигини тушунган эди.

Олим эса негадир кетишни истамади.

- Келдик,  бирдан жиноятчини топиб кета қолайлик? - деди гўёки гап оддий тушлик ҳақида бораётгандай.

***

- Типик фирибгар, - деб ўзича мулоҳаза қилиб борарди Муҳаммад учаласи йўлда, Олимнинг машинасида кетаётганда. – Ўзгалар билан тез муомалага киришиб кетади, ҳазилкаш, ўзига қараган, озода кийинган, бир сўз билан айтганда - олифта…

Улар учаласи бозордан чиптачининг рақамини топган, ундан аравакашнинг қайда яшашини билишган. Ҳозир ўша томонга кетишмоқда.

- Иккаланг жим турасан, - дейди Зиёд ака. - Бориб аравакашга иккита савол бераман, шу билан ҳаммасини аниқлайман-қўяман. Бирдан савол беришниям ўрганиб оласанлар. Қарасам, минғиллаб иккаланг одамлар билан гаплашишниям билмайсанлар.

Бироқ, аравакаш улар ўйлагандай бўлиб чиқмади. Жиноят-қидирув деган иборани эшитиши билан тўмтайиб, ҳеч балони билмаслигини айтиб, туриб олди. Фақат ўша йигитнинг олифта, очиқлигини айтди, холос. Қандай такси тутди, юкларни нимага ортди – кўрмаган эмиш. Ортга қайтишди. Энди Зиёд ака тўмтайган. Олим машинани оҳиста бошқаради, шошгани йўқ. 

- Уйингизга ташлаб ўтайми? – сўради устоздан. – Бўлмайдиган ишга сизниям овора қилдик. 

- Ташлайсан-да, нима қилардинг, - деди Зиёд ака. – Барибир сенларга ҳеч балони ўргатиб бўлмас экан… 

- Хўш, дейлик, жиноятчи, шунча қуруқ мевани олибди, уни нима қилади? – мулоҳазага чорловчи савол ташлади Олим.

- Оиласи билан еб ётади-да, нима қиларди, - Зиёд ака тундлик билан сўзлади. – Жиноят-қидирувда ишлайсан, шуниям билмайсан.

- Шунча бодом, майиз, баргак ва пистани-я?!

- Фирибгарлар одатда у даражада «болам-чақам», дейдиганлар тоифасидан эмас, улар одатда худбин бўлади. Ўзини ўйлайди.

- Балки бу бошқа фирибгардир, - деди Зиёд ака. – Билмайсан-ку.

- Нега билмас эканман, ҳайдовчиям, сотувчиям, аравакаш ҳам уни «олифта, ўзига қараган, сочларини йилтиллатиб тараган йигит», деди. Бу эса унинг худбинлигини билдиради. Бола-чақасини ўйлайдиган одамлар ўзига бунча оро бермайди. 

Зиёд ака хафа бўлгандай ўзига қаради:

- Уйига олиб кетиш мақсади бўлмаган, дейлик, қайга олиб борган? Ресторангами?

- Ресторанга олиб бормаган – шошилди Зиёд ака. – Чунки у сотувчига шундай деган. Ёлғон гапирган… Биз унинг ёлғонига эргашиб, лақиллаб қолаверишимиз керак эмас.

- Ҳеч қачон мутлақ ёлғон бўлмайди. Ҳар қандай ёлғон ҳақиқатдан сўзлайди, - деди Муҳаммад.

- Сен файласуф эмас, тезкор ходимсан, - ортга ўгирилди Зиёд ака. – Ўйлаб гапир.

- Назаримда бундай, - фикрини давом эттирди Муҳаммад. -  Йигит ресторандан бозорга бориш учун чиққан, нима сабабдандир чўнтагида пули бўлмаса-да, бозорга боришга мажбур бўлган. Йўлда «Спарк»ка ўтириб, ҳайдовчи билан гаплашиб, унинг дўконга бораётганини эшитиб,  биз учини  қидириб юрган ишларни режалаштирган.

- Тескариси бўлса-чи? – деди Зиёд ака. – Фирибгар йўлда содда ҳайдовчига дуч келиб, машинасини олиб, уни қуруқ меваларга алмаштиргандир балки?

- Бўлиши мумкин эмас, - деди Олим. – Чунки у аввалбошдан машинага «бозорга бораман», деб ўтирган. Демак, мақсад - бозор. Унга қуруқ мева керак  бўлган.

- Вой, икки овсарнинг гапларини қаранглар, - масхара қилди Зиё ака. –Ҳозир қанақа, билмадим, лекин бизнинг вақтимизда жиноятни  сўраб-суриштириб, гумондорнинг бармоқ, оёқ изларини аниқлаб очардик.

Олим унинг гапига эътибор бермади-да, машинани ортга бурди:
- Йигит «Спарк»ка чиққан жойга борамиз, - деди. – Атрофдаги ресторанлар, кафеларни сўраб чиқамиз.
***
- Бозор бу томонда, - йўл четида турган Олим қолганларга тушунтиргандай қилиб, ўз фикрини ифодалади. –Йўлнинг нариги томонида завод… Ресторан йўқ. Бу томонда эса…

Олим ўгирилиб қаради. Йўл четида тўйхона, нарироқда кафе, ресторан… Кўп…

- Кетдик, ўшалардан суриштирамиз, - Олим машинани шу ерда қолдириб, тўйхона томон юрди.

- Қўйни - серка, ўйинни эрка бошлар, - деди Зиёд ака. Унга Олимнинг фикри ёқмаган эди, бироқ эргашиб кетаверди.

Эрталабгача байрам қилган кўплаб кафе, ресторан, тўйхонанинг ишчилари ҳамон шу ерда. Тозалаш, ювиш ишлари билан банд. Уч изқувар уларни бирма-бир айланди. Ҳеч ким тасвирланган йигитни танимади. 

- Ана, - деди Зиёд ака улар сўнгги кафе томон кетишаётганда. – Бу ишларингдан ҳеч бало чиқмайди. Шунчалик осон қўлга тушадиган бўлса, фирибгар бўлармиди? 

Бироқ…

- Ашур ҳақида гапиряпсизми? – кечаги сарф-харажатларни ҳисоблаб ўтирган кафе хўжайини дастлабки тасвирданоқ фирибгарни таниди. – Нима қилибди у ярамас?

Маълум бўлдики, Ашур қайсидир тўйхонада маъмур бўлиб ишлар экан. Кеча бир кунга, байрам ўтгунча озроқ қуруқ мевани қарзга бериб туришни сўраб келибди. Булардаям йўқ экан.

- Уни биламан-ку, масъулиятсиз йигит, - давом этди кафе хўжайини. -  Эртани ўйламайди. «Жуда зарур, керак бўлиб қолди», деганидан билдимки, қуруқ мева учун олинган пулни еб юборган.

- Қайда ишлашини биласизми? – сўради Олим.

- Қайда яшашиниям биламан, - деди кафе хўжайини.

Уч изқувар Ашурнинг манзилини олиб, ортга қайтишди.

- Шунчасинига ёрдам  бердим, қолганини ўзларинг эпласаларинг керак, - деди Зиёд ака улар ортга қайтишаётганда. – Мени уйга ташлаб ўтинглар. Қўлларингдан келмаса, эртага келсаларинг, яна ўргатаман. 

Исмоил ШОМУРОДОВ

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!