Италиялик хонимлардан гўзаллик сирлари

10:16, 23 сентябрь

1.  «Рим ниқоби». Бу ниқобнинг асосини помидор ташкил этади. Италиялик аёллар бу сабзавотга гўзаллик элексири, дея таъриф беришади. Помидорни юпқа, паррак қилиб тўғраймиз. Юзга юпқалаб кефир ёки йогурт суртинг, кўз ва оғиз атрофи бўш қолсин. Сўнг эҳтиёткорлик билан кесилган помидорни юзга қўйиб чиқинг. Кўз устига эса бодринг бўлакларидан қўйинг. Ниқобни юзда 10-15 дақиқа ушлаб туринг, сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. 

2.  Зайтунли бальзам. Итальян аёллари терисининг доимо силлиқ, ялтироқ ва таранг кўриниши сири — зайтун ёғида. Чўмилиб бўлгандан сўнг терингизга зайтун ёғидан суртиб, 5-10 дақиқадан сўнг илиқ сув билан ювиб ташланг. 

3.  Қалин ва ялтироқ сочлар учун итальянча ниқоб. 50-70 гр. йогуртга 1 чой қошиқ зайтун ёғидан қўшинг. Ҳўл сочларга, кондиционер ўрнига ниқобни суртиб, 5 дақиқадан сўнг ювиб ташланг. Сочларингиз қуруқ бўлса, 4 ош қошиқ бодом ёғига яримта лимон шарбатини қўшиб, сув буғида илитиб олинг. Илиқ қоришмани сочларни ювишдан олдин толалар илдизига суртинг ва 10 дақиқа кутинг.

4.  Табиий пардоз. Итальян xонимлари ҳар кунлик пардозида табиийликка аҳамият беришади. Улар асосий урғуни юзнинг бир текис рангда бўлишига қаратишади, бунинг учун тонал креми ва упадан фойдаланишади. Қовоқларга ёрқин рангли тень, лабларга ялтироқ рангсиз лаб бўёғи, киприкларга қора тушь суртиб, ҳар кунлик кундузги образ яратилади. Оқшом пардози асосини эса ёрқин лаб бўёғи ва кўздаги қалин қора чизиқлар ташкил этади. Пардозни бодом ёғи ёрдамида ўчиришади. Бодом ёғи таркибидаги Е витамини пардозни ўчиришга ёрдам берибгина қолмай, юзни озиқлантиради, намлантиради ва ёшартиради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!