«Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмасида тўрт мингдан зиёд бўш иш ўрни таклиф этилди

10:56, 23 сентябрь

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида билимга чанқоқ, келажакда етук мутахассис бўлишни мақсад қилган йигит-қизлар учун XV «Таълим ва мутахассислик» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнатвазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу кўргазмада ўқитувчилар, талаба-ёшлар, ота-оналар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотлар ва хорижий дипломатик корпус вакиллари иштирок этмоқда. 

Кўргазма залларида олий таълим муассасалари, тил ўрганиш марказлари, чет элда ўқиш, таълим ва малака ошириш, масофавий таълим, малака ошириш институтлари, касбга йўналтириш ва бандликка кўмаклашувчи марказлар фаолияти ҳақида стендлар жойлаштирилган. 

Кўргазмада мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган таълим муассасалари билан бир қаторда, Малайзия, Латвия, Польша, Буюк Британия, Япония сингари давлатларнинг олий таълим муассасалари ҳам иштирок этмоқда. 

Тадбирда Тошкент шаҳридаги бандликка кўмаклашувчи марказлар ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотларининг мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Меҳнат вазирлиги вакиллари томонидан ёш мутахассислар билан давра суҳбатлари уюштирилиб, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, доимий меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли учун тўрт мингдан зиёд бўш иш ўрни таклиф этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!