Ижтимоий тармоқлар орқали оила ришталарини боғлаётган қизларга тавсиялар

11:55, 23 сентябрь

Фотиҳаланганман, ойнинг охирларига тўй кунимизни белгилашмоқчи. Бўлажак турмуш ўртоғим билан бир маҳаллада ўсганмиз. Мана, уч йилдирки, у хорижда. Аввалига ўқиди, кейин шартнома асосида ишга кирди. Телефон, интернет орқали гаплашиб турибмиз. Бир-биримизни яхши танимаймиз, дея олмайман. Аммо барибир ўртадаги узоқ масофа ва йиллар кишини ўйлантираркан. Бунинг устига, у яна бир йил хорижда ишлаши керак. Ота-оналаримиз тўйни тезроқ қилишга шошилишаяпти. Никоҳдан сўнг у ёлғиз ишига қайтиб кетиши аниқ...

Баҳора, 23 ёш

Ҳаётнинг янги ва муҳим босқичига ўтиш арафасида қизларни турли саволлар ўйлантириши табиий. Ва бу яхши. Ҳа, чунки саволларга жавоб излаш давомида сиз КАТТА ҲАЁТга тайёргарлик кўрасиз. Демак, фақат келинлик либослари, сарпо, тўй тантанаси учунмас, келин, рафиқа бўлиш масъулияти ҳақида ҳам бош қотираяпсиз. Балли! Баҳораники каби муаммолар турли кўринишда айрим қизларимизни қийнаши ҳам учраб турадиган ҳол. Бугун мавзуни таҳлил қиламиз.

Аввало, ойдинлик киритиб олинг. Сиз ўз розилигингиз ва инон-ихтиёрингизга кўра шу инсон билан унаштирилдингизми? Ёки ота-онангиз «Яхши оила, яхши бола» дея танловни 100 фоиз ўзлари амалга оширишаяптими?

Дейлик, сиз розисиз! Хўш, бу розилик илдизи нималарга бориб тақалади? Хорижда ўқиётган ёки ишлаётган йигитнинг обрўсигамасми? Асл туйғуларни бошдан кечираяпсизми ёки «Вой, чет элда ўқийдиган йигитга турмушга чиқаётган экан…» каби ҳаваслар ичида учиб юрибсизми?

Севиб қолгансиз, аммо негадир юрагингизга ҳам ишона олмаяпсиз. Йигит хорижга кетишидан олдин муҳаббат куртак ёзган ва сиз уни кутаётган бўлсангиз, шунчаки тўйдан олдинги иккиланишлар гирдобида қолиб кетганингизни ҳам тахмин қилиш мумкин. Кўнгил қўйганингизга сизни қийнаётган саволларни беришга ва фикрларингизни баён этишга тортинманг. Тўйдан аввал шубҳа-гумонларга барҳам беринг.

Мабодо ижтимоий тармоқлар орқали муҳаббат ришталари боғланганмасми? Биз виртуал муҳаббатга ишонманг, демаймиз. Чунки юрак ва туйғулар сизники. Ижтимоий тармоқ орқали ҳам йигитни синовдан ўтказиш йўллари бор. Умуман бугун одамлар виртуал оламда ўзини эркинроқ ҳис қилмоқда. Буни рад эта олмаймиз. Ўзларини ниқоблашга уринишса-да, барибир аслини сотиб қўйишади. Унинг «ўргимчак тўрида»ги қадамларини кузатиш орқали ҳам баъзи хулосаларга келиш мумкин. Ва яна бир гап, виртуал сўзлашувда бемалол гапира оласиз. Чунки кўз-кўзга тушмайди, ўртада девор йўқдек туюлади. Агар чекингизга хорижда ўқиб ишлаётган йигит билан оила қуриш тушган бўлса, у билан кўпроқ суҳбатлашинг.

Яхшилаб суриштиринглар. Охирги пайтларда чимилдиқ кўрмаган йигитларнинг чет элда кимлар биландир яшаб юриши ҳам кузатилаяпти. Бу янги қурилаётган оиланинг мустаҳкамлигига соя солмасдан қолмайди. Куёвтўранинг кўнглида эски дарди уйғониб қолиши ҳеч гапмас. Ёки бетартиб ҳаёт тарзининг асоратлари саломатликда акс этиши каби масаланинг нозик томонлари ҳам йўқ эмас. Шу сабаб хориждан эндигина келган ёки келмоқчи бўлган куёвликка номзодни маълум чиғириқлардан ўтказишни унутманг.

Шошманг, шошилманглар. Агар бир хулосага келолмасангиз, сизни гумонлар қийнайверса, ишончингиз суст бўлса, оилангиздагилардан фотиҳа ёки тўйни шошилтирмасликларини сўранг. Ахир кўнгил бизга беҳуда берилмаган. Кези келганда унга қулоқ тутиш, умуман оила масаласида туйғулар билан ҳисоблашиш шарт. Яна тўйдан кейин юзага келадиган ҳолатларни олдиндан кўриб чиқинглар. Куёвнинг келинни чимилдиқда ёлғиз қолдириб кетиши, янги оиланинг бир-биридан алоҳида яшаши каби муаммоли вазиятларга ғишт қолипдан кўчмасдан туриб ечим изланг.

Баҳора, юқорида берилган саволларга жавоб излаб кўринг. Айнан нима учун ташвишдасиз? Шуни аниқлаштиринг. Балки тўйни йигит чет элдан тамоман узилиб қайтгандан сўнг қилишни таклиф этарсиз.

Ҳар бир қизга чиройли бахт, соф туйғулар ва яхши умр йўлдош насиб қилишини тилаб қоламиз.

КЕЛИНОЙИНГИЗ

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!