Қайси фаслни ёқтиришингизга қараб феълингизни аниқланг!

15:04, 23 сентябрь

Бу саволга деярли ҳар қандай одам ўйлаб ўтирмай аниқ жавоб беради. Руҳшунослар эса айнан шу жавобларга кўра инсоннинг ички олами ҳақида маълумот олишади. Демак, сизда ҳам ўзлигингизни англаш учун яна бир имконият мавжуд. Хўш, қайси фаслни орзиқиб кутасиз? Қайси мавсумда ишларингиз ўнгидан келиб, омадингиз чопади? Қачон кайфиятингиз кўтаринки бўлади? Билиб олдингизми? Унда фақат маълумотларни тўғри талқин қилиш қолди. 

Ёз
Бу фаслни яхши кўрадиганлар етакчилик, илғорлик сифатларига эга. Ўзлари ёниб, атрофдагиларни ҳам ёндириб юришади. Улар билан мулоқот жуда қизиқарли кечади. Ҳеч қачон тушкунликка тушмайдилар ва ҳамиша некбин кайфиятда юрадилар. Бундай кимсалар ҳар доим янгидан-янги ғоялар ўйлаб топиб, амалга оширади. Ёз фасли иштиёқмандларининг ишдаги ўсиши ҳам тез суръатда бўлиб, юқори мартабаларга эришадилар, яхши раҳбарлик сифатлари билан ажралиб туришади. Ҳаётий шиорлари: қатъият ва меҳнат. Айни пайтда етарли даражада муросасоз бўлиб, зарур ўринда ён беришни ҳам билишади. Уларнинг шахсий ҳаётлари ҳам ҳавас қилса арзигулик. Чунки ақлни йўқотар даражада севиш ва жуфтларига бир умр содиқ қолишни биладилар. Атрофдагиларнинг камчиликларига нисбатан анчайин сабрли ва ўзларига нисбатан талабчан бўлган бундай инсонлардан яхши дўст чиқади. Чунки дўстларини шодликда ҳам, ғамда ҳам ёлғиз қолдирмайдилар. Биргина камчиликлари бор: ҳаддан ортиқ аразчи бўлганлари ҳолда кечиримли эмас.

Қиш
Бу фаслни севадиганлар, одатда, ўзига ишонган ва мустақил инсонлардир. Ҳаётий шиорлари: фақат ўзингга ишон! Катта давраларни хуш кўришмайди. Дўсту танишлари жуда оз. Аммо шу озгина одамларга қаттиқ ишонишади. Ишонмаса, уларни яқин йўлатмаган бўлишарди. Жуда қатъиятли бу кимсалар ўз режаларини бировга ошкор қилмай, ёлғиз амалга ошириш ёки ҳаёт оқимини мақсадларига бўйсундиришни биладилар. Қишни яхши кўрадиган инсонлар камгап бўлишади. Сўрасангиз, жавоб берадилар, аммо ўзлари ҳеч қачон биринчи бўлиб гап қотмайдилар. Пул ишлаб топишни билишади, қулайлик ва фаровонликни қадрлашади. Ўзларига қадрли инсонлар учун кўп нарсадан воз кечишлари мумкин. Камчиликлари: хасислик ва писмиқлик. Шунингдек, бундай инсонлар кечиришни билмайди.

Куз
Кузни севадиганлар тинчлик, ёлғизлик ва осойишталикни хуш кўради. Кўпчиликни севмаганлари ҳолда одамлар орасида ўзларини ноқулай ҳис этмайдилар ҳам. Шунчаки жамоанинг улар учун аҳамияти йўқ. Ҳаётий шиори: мени тинч қўйинг! Кайфиятлари жуда беқарор: бир қарасангиз, хандон отиб юради, бир қарасангиз, ҳеч қандай сабабсиз хўмрайиб олади. Худди куз ҳавосига ўхшаб. Бегоналарнинг некбинлигию зафарлари кўпинча ғашларига тегади. Бироқ кузни яхши кўрадиган одамлар жуда истеъдодли бўлишади. Тасвирий санъат, шеърият ва насрда катта муваффақиятларга эришишлари мумкин. Фикрлашлари ҳам бошқалардан фарқ қилади. Муҳаббатда жуда вафодор: фақат бир инсонни севиб ўтадилар. Бир бора ва бутун умрга! Агар муҳаббатига етиша олмаса ўлгунча азобланади ва бу азоб уларга илҳом манбаи бўлиб қолади. Улар табиат ва жонзотлар билан мулоқот чоғидагина ўзларини топадилар. Бироқ муҳаббатига жавоб бериб, севиб ардоқлайдиган инсонни учратсалар, ҳақиқий оилапарварга айланади.

Баҳор
Баҳор ошуфталари жуда қувноқ ва ҳаётга чанқоқ инсонлардир. Хушчақчақлиги ва ҳазилкашлиги сабаб дўстларининг ҳамиша ардоғида юрадилар. Ҳаётий шиорлари: бунча гўзал бу олам, бир қара! Жамоанинг жони бўлиш билан бирга, турли ҳийла-найрангларни уюштиришга ҳам уста. Бир жойда ўтиришлари қийин, саёҳат жону дили. Тез ошиқ бўлиб қоладилар, аммо айрилиқларни ҳеч қандай ғазабу нафратсиз, енгил ўтказадилар. Уларни содиқ дўст сифатида қабул қилмаслик керак, чунки муносабатлари вазият тақозосига кўра ўзгариб туради. Исталган дақиқада умуман кўздан ғойиб бўлиб, сизни унутиб юборишлари мумкин. Бировга боғланиб қолиш улар учун қадрият эмас. Вужудида бир вақтнинг ўзида эҳтирос, худбинлик, романтика, талабчанлик ва беғамлик жўш урган бу инсонлар ваъда беришга, айниқса, уни бажармасликка уста. Лекин улар билан зерикмайсиз.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!