Эркаклар учун математик ташхис

15:10, 23 сентябрь

Жуфтингиз сиз билан муносабатларда ўзини қандай тутади? Қуйидаги математик амални бажариб, турмуш ўртоғингиз феъл-атворини янада яхшироқ билиб олишингиз ҳеч гапмас. Бунинг учун унинг туғилган йили, ой ва санасини рақамлар билан ёзиб, бир-бирига қўшиб чиқасиз. 

Ёрингиз 1987 йил, 9 апрелда таваллуд топган бўлса, 1+9+8+7+9+0+4=38=3+8=11=1+1=2 шаклида ҳисоблайсиз. Демак, унинг рақами — 2. 

1. Серғайрат ва ҳаракатчан, мустақил фикрига эга. У ёнида ўзига ишонган, ақлли, ўз фикрига эга аёлни кўришни истайди. Дилидаги тилидаги бу тофиа эркаклар сиз учун бор қаҳрамонликларга шай. Іамма нарса доим назоратида, кичик воқеликни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. У билан ҳаёт қизиқарли кечиши баробарида доим ҳам осойишта бўлади дея олмаймиз. Уруш-жанжалсиз уй йўқ деганларидек.... Хатоларингиз беэътибор қолдирилмаслигини инобатга олиб, сиз ҳам бироз эҳтиёткор бўлишингиз лозим.

2. Соддадил ва ишонувчанликги сабаб кўпинча сизнинг эмас, атрофдагиларнинг гапига қулоқ солади. Кўнгли бўшроқ. Шу билан бирга, қўли ҳам очиқ. Бировларнинг ташвишида ёниб-куйишини айтмайсизми? Қувонарлиси эса сизнинг доим чиройли бўлишингизни истайди. Ва аёллигингизни ҳис этиб яшашингизга имкон беради. У билан оғир ишлар, рўзғор ташвишларидан холи яшайсиз. Боши берк кўчага кириб қолганда ҳаммасига қўл силтаб кетишлари бор. Сиз уни доим олға ундаб туринг.

3. Гапга чечан ва ҳаракатчанлиги сабаб таниш-билишлари сероб. Ҳар қандай вазиятда ҳам қовоғини очиб, кулиб тура олади. Ҳаммасидан муҳими сизнинг эътиборингиз, мақтовингиз. Бироз шошқалоқ, муаммоларга юзаки қарайди. Сизнинг ҳам бирор масалада чуқурлашишингизни истамайди. Ёқимтой, мулойим аёлларни хушлайди. Аммо ёмон одати бор — ўтиб кетган воқеаларни эсга солаверади, ўйлайверади. Орзулар оламида сайр қилишни яхши кўради. Хаёллари ҳақиқатга айланмаса-да, жим тингланг ёрингизни. Руҳан яқин бўлинг, дилдан суҳбатлашинг, қизиқишларига бефарқ бўлманг. 

4. У муносабатларда энг муҳими бир-бирини тушуниб, умид билан яшаш, деб санайди. Ҳар бир муаммони ота-онаси билан муҳокама қилади, бу ўзига ишонмаганидан эмас, уларни ҳурмат қилишидан. Топарман-тутармон бўлишади одатда. Сиз уни танқид қилманг, не қилса ҳам эркак-да, кўтара олмайди. Ўз рашкини намоён этмаса-да, сизнинг қизғанишларингиздан завқланади. Хафа қилиб қўйса, гулми, ширинлик биланми, кўнглингизни кўтаришни ва шу билан ҳаммасини унутишингизни истайди. Обрў қозониш истагида ёнади. Оиласи бағрига шошади, шунинг учун уйи доим ораста ва осойишта бўлишини истайди.

5. Ўзига ишончи баланд, мустақил фикрли, ташқи кўринишига доим аҳамиятли. Яшаш — яхши, яхши яшаш ундан яхши, дея илдам қадам ташлашади. Улар учун бахтнинг калити муҳаббатда! Ички дунёси бой ва чиройли аёл — унинг идеали. Пишир-куйдирлар ўз йўлига. Саёҳат қилиш жону дили. Кўнглида борини яширмасдан сизга айтади. Сирдош бўлинг унга. Туйғуларини ҳурмат қилинг. Гўзал туйғулар шайдоси бўлган бу тофиа эркакдан эътибор ва меҳрингизни аямасангиз, бас.

6. Умид билан яшовчи, меҳнатсевар, бир сўзли инсон. У билан муносабатлар барқарор бўлади. Самимият ва завқланиб яшаш тарафдори. Ранжитсангиз, юракдан хафа бўлади. Уни тушуниб яшаш керак. Бу унинг ўзига бўлган ишончи ошишига хизмат қилади. Қайнона-келин муаммоларига тоқати йўқ. Шунинг учун қайнонанингиз билан она-бола бўлинг. Оиласига содиқлиги таҳсинга лойиқ хусусияти. 

7. Мустақил ва ўзига яраша феъл-атвори бор. Вазминлиги мувафаққият сари етаклайди. Аёлига ишонади. Шунинг учун чегаралар қўймайди. Ҳаётида ҳаммаси аъло бўлишини истайди. Муаммоли вазиятларда ўзини олиб қочмайди. Агар сиз у билан умр йўлларингизни боғлашни истасангиз ва буни аён қилсангиз, у сизни ташлаб кетмайди. Муносабатлар ривожи кўп томонлама сизга боғлиқ.

8. Кучли иродали, ҳақиқатгўй ва самимий инсон. Жиддийлигидан бироз чўчийсиз, аммо нолиманг, майдагап, ҳар нарсага кулаверадиган бўлганидан шу яхшимасми? Уни доим олдинга ундаб турувчи туртки керак. Сиз машъал бўлинг. Оиласига жуда эътиборли, моддий томондан таъминлаш учун тиниб-тинчимайди. Тўғри, тежамкор, аммо бу зиқна дегани эмас. Пулни тўғри ва ақл билан ишлатиш тарафдори, холос. Қулоғим ва уйим тинч бўлсин десангиз, сиз ҳам бу тамойилга риоя этинг.

9. Интеллектуал, романтик, билимдон ва киришимли. У билан ақлан ва руҳан яқинлик муҳим. Ишончига эришиш орқали меҳрини қозонасиз. Вазмин, сипогина бўлсангиз, айрим камчиликларингизга кўз юма олади. Бир хилликдан тез зерикишини ҳисобга олиб, доим уйда ўзгаришлар қилиб туринг. Болалар тарбиясида у сиздан кўра масъулиятли бўлади. Бозор-ўчарга тоби йўқ.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!