Тошкент маданият коллежида китоб ярмаркаси ташкил этилди

15:37, 23 сентябрь

“Китоб олами” маданий-маърифий савдо мажмуаси томонидан Тошкент маданият коллежида “Китоб – беминнат устоз” деб номланган китоб ярмаркаси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.   

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари, ёзувчи ва шоирлар, ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди. 

“Китоб олами” маданий-маърифий савдо мажмуаси томонидан навқирон авлоднинг китобга қизиқишини ошириш, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш мақсадида бир қатор ижтимоий акциялар, ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, янги асарлар тақдимоти, китоб байрамлари, адабиёт ҳафталиклари, маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. 

Ярмарка доирасида ўтказилган “Китоб ва мактаб”, “Китоб ва ҳунар”, “Китоб ва спорт” акцияларида ёшлар фаол қатнашди. Акциялар давомида китоб савдоси ярмаркалари ўтказилди. Таълим даргоҳларига китоблар жамланмаси етказиб берилиб, кутубхона фонди бойитилди. Бу каби тадбирлар Тошкент вилоятидаги таълим даргоҳларида ҳам олиб борилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!