Ўзбекистонлик мутахассислар Нью-Жерсидаги Халқаро сил институтида тажриба оширади

16:48, 23 сентябрь

USAID’нинг силга қарши кураш дастури доирасида олти нафар ўзбекистонлик мутахассис Нью-Жерси (АҚШ) Ратгерс Университети қошидаги Халқаро сил институтида силни олдини олиш, ташхислаш ва даволашдаги илғор тажрибани ўрганиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда “Дарё” хабар бермоқда.  

Сентябрга режалаштирилган етти кунлик ўқув дастури USAID томонидан Ўзбекистон силга қарши кураш Миллий дастурини қўллаб-қувватлаш доирасида ўтказилаётган қатор тадбирлардан биридир. Унда Бухоро, Хоразм, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари силга қарши кураш муассасалар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Сўнгги ўн йил давомида Ратгерс университети қошидаги Халқаро сил институтида 25 мамлакатнинг юзлаб мутахассислари ўз билими ва тажрибасини оширган. Университет томонидан яратилган семинар ва ўқув дастурлари миллийликка хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг охирги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Бир ҳафталик тажриба алмашиш муддати қуйидагиларни ўз ичига олади: АҚШнинг силга қарши кураш хизматини ташкил этилишини ўрганиш, силни эрта аниқлаш усуллари билан танишиш, лаборатор ва дифференциал ташхислаш ҳамда сил беморларни клиник кузатиш ва беморларни руҳан ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

Шунингдек, ушбу курс сил беморларни стационар ва амбулатор босқичларида даволаш, силнинг мураккаб ҳолатларини даволашни ташкил қилиш, шу жумладан, сил ва ОИВ қўшма инфекцияларини ҳамда силга қарши янги препаратларни қўллаш ва даволашнинг янгича тартибини қамраб олган.

Курс доирасида Ўзбекистон фтизиатрлари АҚШ ҳамкасабаларининг беморларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказишда электрон базалари ва коммуникация воситаларидан фойдаланиш тажрибаларини ўрганиш билан бир қаторда силга қарши кураш муассасаларининг инфекцион назорати билан танишади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!