Темур Олимхўжаев: Биз барча ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз

10:04, 24 сентябрь

Ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати “D” гуруҳи 3-тур КХДР U-16 – Ўзбекистон U-16 (1:3) ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон U-16 бош мураббийи Темур Олимхўжаев учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

"Бугун гуруҳнинг энг кучли жамоаси ғалаба қозонди ва ушубу гуруҳ ғолибига айланди.  Биз барча ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз.  Чорак финал йўлланмасини қўлга киритганимиз учун бир неча футболчига дам олиши учун имконият яратдик. Таркибдаги ўзгаришларга қарамай ғолиб бўлиш учун ўйнадик ва буни амалга оширдик.

Расул Йўлдошевга бироз дам бердик, бироқ, чорак финал олдидан, ўйин тонусини сақлаб туриши учун захирадан майдонга туширдик.  Остон Ўрунов - жамоа етакчиларидан ва энг муҳим футболчиларидан бири. У кейинги босқичларда ўзини яна ҳам яхши томондан кўрсатади", - дейди Темур Олимхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, чорак финалда Ўзбекистон ўсмирлар термаси Ироқ U-16 жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув 26 сентябрь куни Тошкент вақти билан 18:30 да бошланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!