Шубҳали “шоҳид”лик

10:17, 24 сентябрь

Дин, иймон-эътиқод инсонлар асрлар давомида эзгуликка, ҳалолликка, бағрикенгликка ўргатиб келган. Шубҳасиз барча дунё динлари замирида эзгулик ётади. Бироқ, дин, иймон сингари буюк тушунчаларни ниқоб қилиб, инсониятни залолатга, бузғунчиликка бошлайдиган кимсалар, зарарли оқимлар, секталар ҳам барча замонларда учраб келган.

Ўзининг радикал ғоялари билан одамлар орасида иккиланиш, саросима, ҳатто низо солишга уриниб келаётган диний оқимлардан бири “”Йеҳова шоҳидлари” (ёки Иегова гувоҳлари) ташкилотидир.

Айни пайтда дунё бўйича  ўзининг миллионлаб салафларига эга бўлган бу ташкилот Ер юзидаги барча расмий дин ва мазҳабларга нисбатан ўта муросасиз ва радикал қарашлари билан ажралиб туради. Шу боис, бу ташкилот фаолияти ўнлаб мамлакатларда қатъиян тақиқланган. Унинг ғояларини тарғиб этишда, диний адабиётлари, варақаларини тарқатишда айбланган кимсаларга нисбатан кескин чоралар кўрилади.

Нима учун “Йеҳова”?

Маълумотларга кўра, Йеҳова (баъзида Яхве, Иегова, Яхова, Яхъя деб ҳам аталади) Яратганнинг қадим яҳудий тилидаги номларидан биридир. Мазкур оқимни айрим мутахассислар протестантлик оқимидан келиб чиққан деб ҳисоблашса, бошқалар бу оқимни ҳеч қандай динга алоқаси бўлмаган секта деб аташади.

“Йеҳова шоҳидлари” ташкилотининг тарихи  АҚШда ХIХ асрнинг етмишинчи йилларида юзага келган “Библия тадқиқочилари” ҳаракатининг асосчиси Чарлз Тейз Расселга бориб тақалади. У католик оиласида ўсиб улғайган бўлса-да, кейинчалик насронийликнинг асосий талаб ва арконларини “ислоҳ” қилиб, янгича оқимни юзага келтирган. Шу боис анъанавий насронийлик дини вакиллари Рассел ва унинг таълимотини бутунлай инкор этадилар.

Рассел таълимотининг қанчалик ҳақиқатга зидлиги унинг тириклик пайтидаёқ маълум бўлган эди. Чунончи, Рассел ва унинг издошлари Исо Масиҳнинг қайта зуҳур этиши ва  “қиёмат-қоим” юз беражак санани олдиндан “башорат” қилишга уриниб кўришди.

Бироқ улар айтган санада бу “оламшумул ҳодисалар” юз бермади. Аммо, бу билан “Йеҳова шоҳидлари”нинг ортидан эргашувчилар сафи камайиб кетмади.

Ер юзида қачондир ҳаётнинг интиҳо топиши кўпгина диний китобларда зикр этиб ўтилган бўлса-да, унинг аниқ муддати фақат Яратганга маълум экани баён қилинади. “Шоҳидлар” эса, дунёдаги барча динлар инсониятни адаштириши мумкинлиги, асл ҳақиқат фақат уларнинг таълимотида акс этганини уқтириб чарчамайдилар.

Улар ўз қарашларини оммалаштириш мақсадида турли мамлактларда гоҳ ошкора, гоҳ хуфёна тарзда ўз ваколатхоналарини очишган. Юздан зиёд тилда варақа, китоб ва журналларни нашр қиадилар ва тарқатадилар. Бунинг учун маблағ асосан тариқат аъзоларидан ва ҳомийларидан олинади.

Бизда ҳам борми?

Ҳар бир демократик жамиятда инсон ҳуқуқлари, виждон ва эътиқод эркинлиги ва унинг ҳимояси олий қадриятлардан саналади. Жумладан демократик жамият қуриш йўлидан дадил одимлаётган бизнинг мамлакатимизда ҳам фуқароларнинг ўзи танлаган динга эътиқод қилиши ёхуд ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи қонун  йўли билан ҳимояланади. Асосий қонунимизда ҳам диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгилаб ўтилган.

“Йеҳова шоҳидлари”нинг фаолияти мамлакатимизда тегишли қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар доирасида чегаралаб қўйилган. Айни пайтда фақатгина Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида “Йеҳова шоҳидлари” черкови расман рўйхатга олинган ва у 1998 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда.

Мазкур ташкилотнинг диний қўлланмаларидан фақат шу ерда – Чирчиқ шаҳридаги черков ҳудудидагина фойдаланиш мумкин. Бу адабиётлар ва бошқа қўлланмаларни черков ҳудудидан олиб чиқиш, тарқатиш, ҳатто  уйда сақлаш ҳам қонунан тақиқланади. Аммо шунга қарамай  ташкилотнинг бир қатор аъзолари томонидан бу қоидаларига нисбатан эътиборсизлик ҳолатлари кузатилмоқда.

Газетамизнинг 2016 йил 18 август сонида босилган “Ноқонуний машварат” номли мақолада ҳам ана шундай ҳамюртларимизнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилган эди.

Яна бир қонунбузарлик

Тошкент шаҳрида яшовчи Наталья Шамсудинова ҳам айни шу диний ташкилот аъзоларидан саналади. У вақти-вақти билан Чирчиқдаги “Йеҳова шоҳидлари” черковига бориб туради.

2016 йил 12 январь куни у истиқомат қиладиган Миробод тумани кичик Бешёғоч кўчаси 171-уй ички ишлар ходимлари томонидан кўздан кечирилганда диний мазмундаги иккита китоб, олти дона қўлланма, битта дафтар топилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, мазкур материалларнинг айримлари (китоб, брошюра ва буклетлар) тақиқланган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш ва улардан фойдаланиш мумкин эмас. Баъзиларидан эса, фақат расман давлат рўйхатига олинган ташкилот ҳудудида фойдаланишга рухсат этилади.

Шу боис, фуқаро Наталья Шамсуддинованинг мазкур ҳаракатлари юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилди. Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди биносидан ўтказилган суд мажлисида Наталья Шамсуддинова чиндан ҳам Чирчиқдаги ушбу диний ташкилотга бориб туришини, “Йеҳова шоҳидлари”дан бири эканини тан олди. Шу билан бирга мазкур таълимотни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ушбу қўлланмаларини ўз уйига олиб келгани, бу ҳаракат қонунда тақиқланганидан бехабарлигини айтиб, суд ҳайъатидан енгиллик беришларини сўради.

Бу шунчаки қоидабузарлик эмас

Албатта ҳар бир ишга қонуний баҳо берилиши лозим. Н.Шамсудинованинг ушбу хатти-ҳаракатлари ҳам қонун нуқтаи назаридан ўз баҳосини олди.

Суд ҳайъати Н.Шамсудинованинг ёши, муқаддам жавобгарликка тортимагани, ўз айбига чин дилдан пушаймонлиги, адолат ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, ундан энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Шу ўринда айрим ўқувчиларда “хўш, шу арзимаган қонунбузарлик ҳақида бонг уриш  шартмиди?” деган савол туғилиши мумкин. Одатда кимнингдир уйидан катта миқдорда қурол-яроғ ёки гиёҳванд модда топилса, шов-шув кўтарилади. Бу ҳақда ёзишади, кўрсатишади. Чунки, қурол ёки оғу инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши мумкин.

Аммо, инсоннинг маънавий ҳаётига, эътиқодига, тафаккурига ҳалокатли таъсир этувчи бундай қўлланмалар қурол ёхуд гиёҳванд моддалардан-да даҳшатлироқ восита эканини унутмаслик керак. Зеро халқнинг маънавияти юксак, эътиқоди бутун бўлса, мамлакат янада  тараққий этади, юксалади...

                            Соҳиб ИХТИЁР

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!