Андижонда бировнинг Lacetti`сини олиб қочган шахс қўлга олинди

11:28, 24 сентябрь

Андижон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига шу шаҳарда яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг “Ласетти” русумли автомобили номаълум шахс томонидан олиб қочиб кетилгани ҳақида хабар қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати хабар бермоқда

Воқеа жойига этиб келган ички ишлар органлари ходимлари томонидан аниқланишича, ариза муаллифи автомашинасини Б.Раҳимов кўчасида жойлашган савдо дўкони олдида қаровсиз қолдирганлиги оқибатида олиб қочиб кетилганлиги маълум бўлган.

Тезкорлик билан олиб борилган чора-тадбирлар натижасида олиб қочилган автомашина Фарғона вилояти Данғара туманида тўхтатилди. Жиноятни содир этишда гумонланувчи шахс Сурхондарё вилояти Шеробод туманида яшовчи 21 ёшли фуқаро бўлиб чиқди. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!