Ўзбекистон жаҳон соғлиқ рейтингида 55-ўринни эгаллади

13:17, 24 сентябрь

Ўзбекистон тиббиёт, ҳаёт ва соғлиқ билан боғлиқ барқарор ривожланиш индикаторлари бўйича мамлакатлар рейтингида 55-ўринни эгаллади. Бу ҳақда The Lancet тиббиёт журналида тузиб чиқилган индексга асосланиб, “Uz24” хабар бермоқда.

Рейтингга асос сифатида 33 кўрсаткич олинди, уларнинг ҳар бири 0–100 балл орасида баҳоланди. Критерийлар орасида — ортиқча вазн, алкоголь ва тамаки истеъмоли даражаси, болалар ва чақалоқлар ўлими, ЙТҲдаги ўлимлар, ОИВнинг тарқалганлик кўлами, туберкулёз ва гепатит В юқтириш кўрсаткичлари, ўз жонига қасд қилишлар миқдори.

Бундан ташқари, экспертлар зўравонлик ва уруш ҳаракатлари оқибатидаги ўлимлар даражасини баҳолади. Ҳар бир критерий мамлакатларда 1990–2015 йилларда ҳукм сурган вазият бўйича кўриб чиқилди.

Биринчи ўринни Исландия эгаллади. Кучли бешликка, шунингдек, Сингапур, Швеция, Андорра ва Буюк Британия кирди.

Охирги учта ўринга Жанубий Судан, Сомали ва Марказий Африка Республикаси қўйилди.

Ўзбекистон мазкур рейтингда 188 мамлакат ичида 55-ўринни эгаллади. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қайд қилган натижалар: Туркманистон — 60-ўрин, Қозоғистон — 85-ўрин, Тожикистон — 99-ўрин, Қирғизистон — 113-ўрин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!