Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди

10:47, 26 сентябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни Навоий ва Бухоро вилоятларига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида у Навоий вилоятининг “Навоийазот” АЖда амалга оширилаётган йирик лойиҳалари билан танишди.

Хусусан Шавкат Мирзиёев аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш заводи қурилиши бўйича амалга оширилаётган яна бир йирик инвестицион лойиҳа билан танишди. Ушбу завод қурилиши ҳар йили 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ерда у яна бир муҳим объектга ташриф буюрди  - замонавий энергия тежамкор технологияларни тадбиқ этган ҳолда йилига 500 минг тонна азот кислотасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

Шавкат Мирзиёев шунингдек Навоий шаҳридаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш йўлида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, Навоий бош режасини тадбиқ этиш, маиший чиқиндиларни утилизация қилиш масалаларини муҳокама қилди, бундан ташқари кам таъминланган оилаларга ҳамёнбоп уйларни қуриш масалаларини ҳам муҳокамага қўйди.

Навоийга сафар чоғида Шавкат Мирзиёев пахта далаларини кўздан кечириб, фермерлар билан мулоқотда бўлди.

Навоий вилояти фаоллари билан ушбу ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, ижтимоий объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ғамлаш, коммунал хизматларни такомиллаштириш масалалалари кўриб чиқилди.

Шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев Қандим газни қайта ишлаш заводида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Бухоро вилоятига ташриф буюрди. Қиймати 2,6 млрд АҚШ доллар бўлган ушбу йирик инвестицион лойиҳа Россиянинг “Лукойл” нефть компанияси билан Кореянинг Hyundai Engineering ва Сингапурнинг ENTER Engineering компанияларини жалб этган ҳолда амалга оширилмоқда.

Лойиҳани амалга оширилиши ҳар йили 8,01 млрд. Куб метри табиий газ олиш имконини беради.

Завод эксплуатациясининг илк босқичи 2018 амалга оширилади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!