Сиз қандай онасиз? Ёхуд етти тоифадаги оналар портрети

11:20, 26 сентябрь

Бугун эътиборингизга етти тоифадаги оналар портретини ҳавола этамиз. Уларнинг қайсидадир ўзингизни кўрасиз. Ўз кучли ва ожиз жиҳатларингизни танқидий баҳолашингизни таклиф этамиз. Ўта масъулиятли ва бехаловатларга айбдорлик ҳиссини қалбларидан чиқариб ташлашни тавсия этамиз. Барибир боланинг ҳар бир истагини бажо келтиролмайсиз ва бундай қилиш ҳар доим ҳам шарт эмас. Ўзига ишонган, оилада ҳукмрон бўлган оналар эса ўзлари тўғри ва керакли деб билган ҳамма нарсани ҳам бола учун яхши деб бўлмаслигини ўйлаб кўришлари ўринли. Хуллас, фарзанд тарбияси борасида гап кетганда аввало ўзингиз қандай она эканингизга четдан туриб баҳо бериб кўринг.

«Бошлиқ она»

Шундай оилаларни кўрганмисиз: доим болалар кулгиси, қийқириғи жаранглаб турадиган, қўшни болакайлар ҳам вақтларини шу ерда ўтказишни хуш кўрадиган, шовқин-суронли ва қувноқ… У ерда эркинлик ҳукмрон: хоҳлаганча сакраш, югуриш мумкин, дивандан сакрашни ҳеч ким таъқиқламайди…

Бу қувноқлик марказида эса она бўлади. Болачалар билан ўйнайверганидан сочлари тўзиб кетган, халатининг бир тугмаси тушиб қолган. Кенжаси эндигина юришни ўрганаяпти, у эса навбатдаги фарзандига ҳомиладор.

«Бошлиқ она» табиатнинг насл қолдириш «топшириғи»ни осон уддалайди. У фарзандига шапалоқ тортиши мумкин, лекин жаҳл билан эмас, шунчаки у ўз ўрнини билиши учун буни ҳам меҳр билан қилади.

«Бош8лиқ она»нинг ўз фарзандларини бошқариши осон. Масалан, «эртага тоққа борамиз. Овқат ва сув олиб кетмаймиз, қанчалик чидамлилигимизни синаб кўрамиз. Инжиқ, нолийдиганлар уйда қолади. Мен билан Ким боради?» деб сўраб кўриши мумкин. Нолийдиганлар бўлмайди. Сайрга ҳамма боради. Чунки болалар унга ишонади ва бажонидил бўйсунади. «Бошлиқ она» камчилик ва заифликларга чидолмайди. Бунинг учун болани хафа қилиши мумкин, лекин буни атайлаб қилмайди.

Лекин болалар ўйинига бир зумда қўшилиб кетади, ўзи ҳам боладек бўла олади. «Бошлиқ она» болаларни «ўзимники-бегона»га ажратмайди. Ўғил болалар у билан ўйнаб маза қилади. Чунки у жасур, серғайрат, ўйин пайтида йиртилиб қолган кийимчаси учун койимайди. Шапатилаб қўяди-ю, шу заҳоти унутади.

«Бошлиқ она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • Ташаббускорликка;
  • Мустақилликка;
  • Инсонларни яхши кўришга;
  • Тез қарор қабул қилишга.

Ўргатиши амри маҳол:

  • Тартиб-интизомга;
  • Буюмлар ва пулга эҳтиёткорона муносабатни;
  • Эҳтиёткорликни;
  • сезгирликни.

«Ҳазил кўтара олмайдиган она»

Ҳамманинг уйи ҳар хил: чиройли, тартибсиз, шинам, саранжом-саришта, шунингдек, совуқ. Ҳарорат нуқтаи назаридан эмас, инсоний илиқлик жиҳатидан совуқ. «Ҳазил кўтара олмайдиган она»нинг уйида ҳар доим бир хилдаги бепарволик ҳукм суради. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган, илмий асосланган.

У бола йиғиси сабабини шубҳа билан ўрганади: ростдан ҳам унга ёрдам керакми ё бу навбатдаги болаларча инжиқликми? Фарзанд кўришга тайёрланар экан, бу борадаги адабиёт ва қўлланмаларни ўрганади. Масалан, йиғи ҳақида «бу организмнинг табиий ҳимоя реакцияси» эканини ўқиган. Шунинг учун бола йиғласа, у бунга илмий ёндошади, сабабларини ўрганади. Бундай оналар она ва бола ўртасида масофа бўлиши керак деб ҳисоблайди. У болани эркалатиб юборсак, «бузамиз», қаттиққўлроқ бўлсак, жамиятдаги ҳаётга тайёрлаймиз, деб ҳисоблайди. Бундай оналар ўткир тили билан ҳар қандай шумтакани жисмоний куч ишлатмасдан тинчлантира олади.

Ички олами совуқ ва кўнгилчан бўлмаган бу аёл бошқаларнинг дардига бефарқ, у қатъий ва қаҳри қаттиқ. Табиатан худбинроқ. Ўзига нисбатан билдирилган ҳар қандай танқидни ёвуз ният деб баҳолайди.

Болаларда бундай она билан ҳиссий яқинлик бўлмайди. Улар улғайгандагина ақлли, мураккаб ҳаётни тушунадиган, ўқимишли онаси борлигини баҳолай олишади. Бундай она ҳаётда донишманд маслаҳатчи бўла олади.

«Ҳазил кўтара олмайдиган она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • уддабуронликни;
  • муомалага усталикни;
  • эҳтиёткорликни;
  • феъл-атвор қолипларини ўзгартиришни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • кўнгилчанликни;
  • меҳрибонликни;
  • ташаббускорликни;
  • бошқалар билан муросага кела олишни.

«Хаёлпараст она»

«Хаёлпараст она», бу — ҳали улғаймаган она. Бир томондан, у болаларча инжиқ ва тез хафа бўладиган, бошқа томондан ҳаётни болалигида қандай қабул қилган бўлса, ўша тасаввурини ҳамон йўқотмаган. У инидан тушиб кетган қуш полапонини қутқаришга ёки мушукнинг яраланган панжасини боғлашга болалар билан бирга бориши мумкин.

Бундай она таъсирчан, кўнгилчан, сезгир. Болалар унга талпинади. У болалар учун ажойиб тарбияси бўлади.

Шу билан бирга, у ишбилармон эмас, ўз орзулари оламида яшайди ва реал ҳаётга мослашиши қийин. Шунинг учун ҳимоя, далда излайди. Умуман, шу сифатлари ҳам унинг болалар билан муносабатда муҳим ўрин тутади. Болалар ҳимоялаш, қўриқлаш, ўзларини кучли инсон сифатида ҳис қилиш, яқинлари учун масъулиятни туйишни ўрганади.

Ўйинга ҳам болаларча қувноқлик, самимийлик билан ёндошади. У билан бекинмачоқ ўйнаш, арғамчида сакраш, «она-бола» ўйини ўйнаш мумкин.

«Хаёлпараст она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • билимга интилишни;
  • инсонларга ғамхўрона муносабатни;
  • кузатувчанликни;
  • мулойимликни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • сабрлиликни;
  • серғайратликни;
  • қийинчиликларни енгишни;
  • ҳиссий чидамлиликни.

«Карахт, уйқучи она»

Ойи, олма егим келаяпти!

— Олмами? Ҳозир, ҳозир… — музлаткични очиб ёпди.

— Пиёзни нима қиламан?! Олма беринг!

— Вой, ҳа-я… хўш, хўш, олма қаерда эди?

Қизалоқ хафа бўлиб, қовоғини осади.

— Қизим, мени тинч қўй. Бор, қўғирчоқларингни ўйна. Бугун жуда оғир кун бўлди… Олма қаерда ўзи?… Уйда олма бор эди шекилли... Ё тушимда кўрганмидим?.. Қизим, яқинда бувинг келди ва сенга олма беради… Войэй, бундай яшаб бўлмайди...

«Карахт она» болаларнинг энг оддий муаммоларини ҳам ҳал қила олмайди, уларни осонгина кимнингдир гарданига қўйиб қўя қолади.

У хаёлпарастликка, депрессияга ва пессимизмга мойил: ўз тасаввурилаги идеалларга банди, чарчаган ва хафсаласиз, ўз фикр ва ташвишларига ўралашиб қолган, бола ва унинг талабларидан четда, у билан худи жонли қўғирчоқдек муносабатда бўлади.

«Карахт она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • бор кучини бериб ишлашни;
  • зийракликни;
  • хушмуомалаликни;
  • Ҳалолликни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • интизомлиликни;
  • мантиқийликни;
  • ишбилармонликни;
  • одамлар билан муросага келишни.

«Насиҳатгўй она»

«Насиҳатгўй она»нинг гапларига қулоқ солмаслик мумкин эмас. Буйруқлар қўмондонларникидек овозда берилади, изоҳ ва бажаришнинг кечикиши асло мумкин эмас. Унинг раҳбарона кўрсатмаларига қатъий риоя қилиниши шарт. Улар боланинг ички эҳтиёжлари билан мос келмайди ва уларни бажаришни ҳар доим ҳам истайвермаса-да, бажариш керак, чунки оила принципи шуни талаб этади.

Бундай она доим ҳақ гапни айтади. «Насиҳатгўй она» уйидаги қоидалар мантиқий, тушунарли ва бажаришга қулай.

Унинг ўзи ҳам қоидаларга биноан яшайди ва болаларидан ҳам шуни талаб қилади: йиқилдингми — турғизиб қўй, тўкдингми — артиб ол, очдингми — ёп, бошладингми — тугат, йиқилдингми — тур…

«Насиҳатгўй она»нинг ўзи ҳам тинмайди ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилади. У туйғуларини ошкор этавермайди. Шовқин, ўйин-кулгини вақтни беҳуда ўтказиш деб билади. Болани эркалатиб юборишдан қўрқади, фарзандининг барча камчиликларини юзага чиқариш ва ўзига кўрсатишни ўз бурчи деб билади.

«Насиҳатгўй она»дан бола тартиб-интизомни ўрганади. Чунки у болага ўзи намуна бўлади. Жиддий ҳаётий муаммоларни «оҳ-воҳ»ларсиз ҳал этишни ўргатади.

«Насиҳатгўй она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • интизомлиликни;
  • бурч ва вазифаларини ҳис этишни;
  • ташкилотчиликни;
  • мантиқийликни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • сабрлиликни;
  • кўнгилчанликни;
  • вазминликни;
  • ностандарт қарорлар қабул қила олишни.

«Парвона она»

«Парвона она» сабрли ва вазмин, болаларини ўзидан узоқлаштириб юбормайди, доим ғамхўрлик қилади. У доим хавотирда, ўзини қурдон қилишга-да тайёр, боласи учун ҳар нимага тайёр. Фақат боланинг «хавфли» мустақиллиги ва фаоллигига йўл қўймаса бўлгани. Бундай онанинг ғамхўрлиги кўпинча бола учун эриш туюлиши мумкин. Чунки у мустақилликка интилади. Бундай муҳитда улғайган бола ҳаётда қандай вазиятга тушиб қолишидан қатъи назар, унга ёрдам беришади, қийин дақиқаларда қўллаб-қувватлашади, деган тушунча сингиб қолади.

«Парвона она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • покизаликни;
  • сабрлиликни;
  • ишга юқори лаёқатлиликни;
  • ҳаққонийликни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • ташаббускорликни;
  • бир ҳолатдан бошқа ҳолатга тез ўтишни;
  • сахийликни;
  • уддабуронликни.

«Ховлиқма, бехаловат она»

«Ховлиқма, бехаловат она» ўзгарувчан, кўнглига келган ишни қилаверадиган, изчилликка риоя қилмайдиган ва ўз-ўзини инкор қиладиганлар тоифасидан. У ўзини  у ёқдан бу ёққа уради, ҳар қандай арзимас нарсадан муаммо келтириб чиқараверадиган «қобилият»га эга. Кейин юзага келган муаммодан таъсирланиб, дарҳол ҳал қилишга киришиб кетади.

«Ховлиқма она»нинг сўз бойлиги бой, у аниқ, яққол гапиради. Ҳазиллар, латифалар, образли таққослашлар унинг нуқтини тўлдиради. Бундай она болаларига она тилининг барча бойлигини ҳеч бир қийинликсиз етказа олади. Бундан ташқари, у қувноқ ва хушчақчақ, атрофида доим одамлар бўлади. Шунинг учун болалар болаликнинг илк даврлариданоқ турли инсонлар билан мулоқотда бўлади.

«Бехаловат она» нималарни ўргатиши ёки ўргатмаслиги мумкин?

Ўргатиши мумкин:

  • тез мослашувчанликни;
  • киришимлиликни;
  • бир ҳолатдан бошқа ҳолатга тез ўтишни;
  • хушмуомалаликни.

Ўргатиши амри маҳол:

  • ташкилотчиликни;
  • ҳалоллик, виждонлиликни;
  • вазминликни;
  • бурч ва вазифаларини ҳис этишни.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!