Икки сухан ошиғи мусоҳабаси

13:32, 26 сентябрь

ХУ асрда яшаган буюк шарқ шоирлари Мавлоно Лутфий (1366-1465) ва Абдураҳмон Жомий (1414-1492) ўртасида ўзаро ҳурмат ва ижодий мулоқот мавжуд эди.  

Қасида эвазига эски тўн
Лутфий  анча кексайиб қолган – тўқсон ёшларга етган чоғида Жомийга форс тилида бир қасида ёзади. У шундай бошланар эди:

      Зиҳи ҳадиси лабат қуввату руҳу жон сухан,
      Гули рухат чаман орои бўстон сухан.

Мазмуни:
      Лабингдан чиққан иборалар руҳнинг озиғи, сўзнинг жони,
      Юзинг гули сўз бўстонининг зебу зийнатидур.

Абдураҳмон Жомий мазкур қасидани эшитгач унга муносиб жавоб шеърини айтишга шу аснода ожиз эканлигини ва келгусида албатта Мавлоно Лутфийга  ҳам қасида бағишлашини айтади. 

Шунда Лутфий: “Сизга осон бўлиши учун бизнинг қасида бадалига кийган эски тўнингиз кифоядир”,– дейди ва ҳазрат Жомий хурсандлик билан ўз эгнидаги тўнини ечиб Лутфийга кийдиради. 

Шарқона одатга кўра ўз устидаги кийимини ечиб энг яқин ва ҳурматга сазовор кишига кийдириш, яъни туҳфа қилиш, шу билан бирликда ўзи қадрлаб, ҳурмат қилган кишисининг кийимини сўраб олиб, табаррук қилиб кийиш ўша одамга нисбатан юқори ҳурмат рамзи ҳисобланади. 

Ҳазрат Навоийнинг эҳтироми
Маълумки, ғазал мулкининг султони ҳар икки буюк шоир Мавлоно Лутфий ва Абдураҳҳмон Жомийни ўзига устоз деб билган. Улар ҳар иккисига бағоят юксак эҳтиром билан қараган. 

Навоийнинг болалик пайтида унинг биргина байтини ўқиб, бўлжак шоирнинг истеъдодига тан берган мавлоно Лутфий ўзининг туркий ва форсийда битилган 12 минг байтини шу биргина байтга алишмоқчи эканини айтган. Бу байтни кўпчилик яхши билса керак:

Оразин ёпқочс кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.

Навоий ҳам Мавлоно Лутфийнинг ижодидан баҳра олиб, уни туркий шеъриятда маликул-калом (сўз мулкининг султони) дея улуғлаган. Шу билдан биргалик Абдураҳмон Жомий ҳақида “Ҳамса”нинг ҳар бир достонида алоҳида тўхталиб ўтган. Навоий ўз устозини “пок фаржому, покфар Жомий”  (ниҳояси пок ва нурлари пок” дея таърифлаган. 

Алишер Навоий ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” асарида икки ижодкор ўртасидаги  дўстликнинг бу саҳифасини самимий ҳурмат ва ҳайрат билан тасвирлаб ўтган эди. 

Тугаллан(ма)ган ғазал

Мумтоз адабиётда тазмин деган жанр бор. Унга кўра, биршоир бошқа бир шоирнинг матлаини олиб, шунга мос тарзда янги ғазал яратиши мумкин. 

Мавлоно Жомий ўз умрининг сўнги пайтларида (шоир ҳижрий 897, мелодий 1465 йилда тўқсон тўққиз ёшида вафот этган) яна  Абдураҳмон Жомийга мурожаат қилиб: “Агар менинг бу бир неча матлаимни ҳазрат ғазал қилиб ўз олий девонлариға киритсалар яхши бўлар эди, вақт менга вафо қилмадики токи уларни дурустроқ ғазал қилсам эди яхши бўлар эди”,–дейди. 

Абдураҳмон Жомий шоирнинг бу илтимосини бажо келтиради. Мавлоно Лутфий якунлай олмаган форсий ғазалнинг дастлабки байти қуйидагича эди: 

Гар кори дили ошиқ бо кофири Чин афтад,
Беҳ, з-он  ки бадхўи бемеҳри чунин афтад.

Мазмуни:
          Гар ошиқи зор кўнгли Чин дилбарига тушгай,
          Бадхўлигида андин боз бадтарига тушгай.

Абдураҳмон Жомий эса, мазкур матлаъни қуйидаги мисралар билан давом эттиради:

Жоеки бувад тобон, хуршед, макун жавлон,
Ҳайфастки аз он боло соя ба замин афтад...
Жомий чу сухан ронат аз лаъли шакарборат,
Дар доманаш аз дийда дурҳои самин афтад.

Мазмуни:
          Ул жойки чароғондур, хуршедга не жавлондур,
          Ҳайфдурки юқоридин нур ер сориға тушгай...
          Жомийки сўз айтурда, лаълинг ҳаваси бирла,
          Кўз ёши оқиб дурдек этакларига тушгай.

Ҳа, улуғлар мулоқоти ҳам улуғчасига бўлади. 
Икки буюк сўз устаси ўртасидаги бу ижодий мусоҳаба миллий адабиётимиз тарихининг билағон мутахассиси Э.Аҳмадхўжаевнинг 1991 йилда “ФАН” нашриётида босилган “Мавлоно Лутфий” рисоласида батафсил келтириб ўтилган.

М.Худойқулов тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!