Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини нодавлат ОАВда ёритишга бағишланган конференция бўлиб ўтди

22:57, 26 сентябрь

2016 йил 26 сентябрь куни “Бунёдкор” ёшлар телеклубида ЎзЭОАВМА ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг шу йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини нодавлат оммавий ахборот воситаларида ёритишга бағишланган умумий йиғилиши (Конференцияси) бўлиб ўтди.

Йиғилишда ЎзЭОАВМА бошқарув аъзолари, Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Н.Нурматов, ҳудудий телерадиостанция раҳбарлари ҳамда лойиҳалар раҳбарлари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. 

Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.

Жорий йилнинг 21 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўртасида битим имзоланди.  Ушбу битим доирасида ЎзЭОАВМА сайлов кампанияси жараёнини ёритиш учун сайлов мавзусида махсус ахборотларни тайёрлашни таъминлаш, ўз аъзолари эфирларида тегишли эфир вақтини ажратиш, сайловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ижтимоий ахборот кампанияларини олиб бориш каби бир қатор вазифаларни амалга оширади.

Йиғилишда ЎзЭОАВМА ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг мазкур битим асосида 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинди. 

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури ва ҳар бир ҳудудий телерадиостанция бўйича тузилган медиа режани амалга ошириш учун нодавлат телерадиоузатувчиларнинг моддий-техника базасини, жумладан, студиялар жиҳозланишини тартибга солиш ва зарур анжомлар билан таъминлаш юзасидан бажарилиши лозим бўлган масалар кўриб чиқилди.

Шунингдек йиғилишда Марказий сайлов комиссияси матбуот ҳизмати раҳбари Н.Нурматов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Асосий тадбирлар дастурига биноан республика оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг хусусиятлари тўғрисида журналистларга семинар-тренинг олиб борди ва иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтарди. 

Конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган 7-грант танловида ЎзЭОАВМАга аъзо нодавлат телерадиостанцияларнинг  Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни ёритиш бўйича лойиҳалари билан иштирок этиши юзасидан зарур чора тадбирларни кўриш тавсия этилди.

Йиғилиш якунига кўра, билдириб ўтилган фикр-мулоҳазалар асосида 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича ЎзЭОАВМА ва нодавлат телерадиоузатувчиларнинг умумий йиғилиши (Конференцияси) қарори эълон қилинди ва бир овоздан қабул қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!