Ғанийлик ва валийлик тимсоли

10:49, 27 сентябрь

Манбадларга кўра, Хожа Убайдулло Аҳрор Самарқандда оз муддат таълим олганидан кейин ўз таҳсилини ошириш мақсадида Ҳирот шаҳрига боради  ва бу ерда бир қатор машҳур уламо ва фузалолар билан танишади. 

Устознинг каромати
Улар орасида  табризлик машҳур ориф ва шоир Саййид Қосим Анвор ҳам бор эди. У бўлажак валийга – Хожа  Убайдуллоҳга самимий мулозамат кўрсатади ҳамда истеъдод ва камолотининг ўсишида катта таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Хожа Аҳрорнинг ўзи шундай маълумот беради:   

“Ҳиротда бўлган чоғларимда Ҳазрат Саййид Қосим Табризий ҳузурларига бориб турардик. Ул зот ичидаги овқатнинг  ярми ейилган ўз косаларини менга узатиб бундай буюрар эдилар: “Эй шайхзодаи Туркистоний, ҳамчун онки ин нохушон қубоби мо шудаанд, зуд бошадки дунёйи ту қубоби ту шавад” (“Эй туркистонлик шайхзода, ушбу ёқимсиз нарсалар  бизни ўраб олганларидек, тезликда дунё ва давлатинг сени ҳам ўраб олади”). Саййид бу сўзларни айтган чоғларида дунёдан менинг ҳеч қандай насибам йўқ эди”. 

Бу фасоҳатли калималар Саййид Қосим Анворнинг Хожа Убайдуллонинг маънавий камолоти билан бирликда юксак моддий даражага ҳам эришуви – келгусида катта мол-мулк эгаси бўлиши борасидаги илоҳий башорати эди. 

Экинзорлари 1300 танобдан ошган
Кўп ўтмай бу башорат амалга ошади – бир неча йилдан сўнг Туркистонга қайтган Хожа Убайдулло ўз юртида экинчилик ва тижорат ишлари билан шуғулланади ва кўп ўтмай молу давлати кўпайиб, энг нуфузли мулк эгаларидан бирига айланади. 

Али ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг Хожанинг яқинларидан бири айтганига асосланиб ёзишича ўша пайтда унинг экинзорлари 1300 танобдан ошган бўлиб, деҳқончилик ва чорвачиликдан ташқари қатор шаҳарларда ҳунармандчилик расталари, устахоналари ҳам бўлган ва улардан катта даромад тушган. 

Хожа Аҳрор шунингдек фақат Мавороуннаҳр ҳудудидагина эмас, балки Хуросон, Ҳиндистонга ҳам карвонда моллар юбориб, савдо қилган.

Ҳазрат Навоийнинг ҳайрати
  Жуда кўп шоир ва мутафаккирлар, саркардалар Хожа Аҳрори Валийга ихлос қилишган, уни устоз, пир деб эъзозлашган. Хусусан темурий ҳукмдорлар Хожа Аҳрорга жуда катта эҳтиром билан қарашган. 

Тарихий манбаларнинг гшувоҳлик беишича, Хожа Убайдулло Аҳрор ўз мол-мулки ва ишларидан олган даромадининг кўп қисмини аҳоли бўйнига тушган оғир солиқларни тўлаш, диний ва маданий қурилишлар олиб бориш сингари савоб ишларга сарф этган, яъни халқнинг оғирини енгил қилган. 

Маълумотларга қараганда Умаршайх мирзо Тошкент аҳолисидан 250 минг динор ҳажмида солиқ талаб қилганда Хожа Аҳрор бу маблағнинг ҳаммасини ўзи тўлаб, яна қўшимча равишда 70 минг динор топширган. Шунингдек унинг Самарқандда, Тошкентда ва Кобулда ҳам мадрасалар қурдирганлиги маълумдир. 

 Алишер Навоий ўз “Ҳайрат-ул аброр”ида Хожа Убайдуллонинг  исломий маънавиятда йўлбошчи – “муршиди офоқ”лигини таъкидлаш билан бирликда катта мулк эгаси эканлигига ҳам ишора қилади:

Мулки жаҳон мазраи деҳқони ул,
Балки жаҳон  мулки нигоҳбони ул.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Хожа Аҳрор Валийга эътимод қўйгани “Бобурнома”да ҳам яққол ўз аксини топади. Бобурнинг ёзишича, у икки маротаба оғир, таг вазиятда қолганда, ктушига Хожа Аҳрори Валийц кириб далда берган. Шундан сўнг Бобурга ғалаба ёр бўлган экан. 

Бобур Хожа Аҳрори Валийнинг “Волидия” асарини форсийдан ўзбек тилига таржима қилгани ҳам тарихдан бизга яхши маълум. 

Буюк алломага эҳтиром
Хожа Аҳрор ўзининг маънавий ва моддий нуфузидан эл тинчлигини сақлаш борасида ҳам кенг фойдаланган, ўша пайтда юз берган турли жанжал ва урушларини тўхтатишда воситачилик қилган. 

Чунончи, 1454 йилда Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур Самарқандни қамал қилганда Хожа Аҳрор шаҳар ҳимоячиларига бош бўлиб, душманни сулҳ тузишга мажбур этади. 1458 йилда эса Султон Абу Саиднинг ўғиллари Султон Аҳмад мирзо, Умаршайх мирзо ва Юнусхоннинг ўғли Султон Маҳмуд ўртасидаги қонли низони бартараф этади.

Истиқлол йилларида кўплаб буюк аждодларимиз қатори Хожа Аҳрор Валий сиймосига ҳам муносабат тубдан ўрганди. Жумладан 2005 йилда бу улуғ алломанинг 600 йилиги юртимизда кенг нишонланди. Ул зотнинг мероси бундан кейин ҳам инсониятни эзгуликка, бирдамликка, ҳамжиҳатликка, олижанобликка ундайверади. 

М.Худойқулов тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!